Машҳур “Шрек” мультфильм қаҳрамонларини яхши кўрадиганлар учун кутилмаган янгилик: DreamWorks студияси эшак ҳақида алоҳида фильм устида иш бошлашини маълум қилди. Бу лойиҳа “Шрек 5” устидан иш кетар экан, қўшимча равишда ишга туширилмоқда. Эшак ролини бир неча йиллардан бери овоз бериб келаётган Эдди Мёрфи янги фильм ҳақида расман маълум қилди ва ишларнинг шу йил кузида бошланишини айтди, деб хабар берди Peopletalk.
Актёрнинг айтишича, “Шрек 5” ҳали овозлаштириш ва анимация жараёнида бўлиб, эшак ҳақидаги янги фильм учун сентябрь ойида суратга олиш ишлари старт олади. Режалаштирилган чиқиш вақти тахминан уч йилдан сўнг, 2027 йил атрофига тўғри келиши кутилмоқда.
Эшак — “Шрек” дунёсидаги энг шўх, ҳазилкаш ва мулоқотсевар қаҳрамон. У фақат кулиш учун эмас, балки самимийлик, содиқлик ва иложсиз вазиятларда ҳам позитив бўлишнинг рамзи сифатида алоҳида эътиборга сазовор. Янги фильмда у нафақат дўст, балки оила бошлиғи сифатида ҳам намоён бўлади — унинг аждар билан турмуш қургани ва фарзандлари бор. Мёрфининг айтишича, сценарий жуда қизиқарли ва томошабинлар учун кутилмаган воқеаларга тўла бўлади.
Эсингизда бўлса, "Кот в сапогах" ҳам ўзининг алоҳида мультфильмларига эга бўлган — сўнггиси “Охирги орзу” деб номланган ва кино танқидчилар ҳамда томошабинлар томонидан яхши баҳоланган. Шунинг учун, эшак ҳақидаги фильм ҳам янги хит бўлиши кутилмоқда.
Томошабинлар аллақачон янги фильм услуби қандай бўлишини муҳокама қилмоқда. “Шрек 5” мультфильм анимациясига турлича фикрлар билдирилганидан сўнг, студия бу сафар мухлислар фикрини инобатга олиши мумкин. Эшакнинг ҳаёти ва унинг оиласи асосида тўқилган янги сюжет — ўз-ўзидан катта салоҳиятга эга.
Айтиб ўтиш жоиз, “Шрек 5” мультфильми 2026 йил 23 декабрь куни чиқиши режалаштирилган. Бу санани студия ўзининг 25 йиллигига бағишламоқда. Эски қаҳрамонлар — Шрек, Фиона ва Эшак овозлари ҳам шу актёрлар томонидан ижро этилади. Бундан ташқари, Шрекнинг қизи ролини машҳур актриса Зендея ижро этади.
Маълумки, “Шрек” мультфильми илк бор 2001 йилда экранга чиққан эди. У Уильям Стейгнинг болалар китоби асосида яратилган. Кейинги қисмлар 2004, 2007 ва 2010 йилларда намойиш этилган. Бундан ташқари, “Шрек” оиласи ва “Кот в сапогах” ҳақида қисқаметраж мультфильмлар ҳам яратилган.
Яқин келажакда экранга чиқадиган эшак ҳақидаги алоҳида фильм нафақат болалар, балки катталар учун ҳам қизиқарли томоша бўлиши кутилмоқда. Чунки у ҳаётга ёндашишдаги ёруғлик ва юморни ўзида мужассам этган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!