Раъно Ярашева театрдан кета олмаслигини маълум қилди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева Наво телеканалига берган интервюсида умри ва бор куч-ғайратини фарзандларига бағишлаганини, шу билан бирга саҳнадан, театрдан узоқлаша олмаслигини очиқ айтди.
Унинг сўзларига кўра, фарзандлари онасининг меҳнатини чуқур англайди ва доим эътироф этишади:
— “Фарзандларим мени онажоним, бебаҳоим деб кўп айтишади. Улар умримни, кучимни ва қувватимни айнан улар учун сарфлаганимни яхши билишади. Сиз биз учун жуда кўп меҳнат қилдингиз, онажон. Бизни ўқитдингиз, турмушга бердингиз. Ҳаётимиз чиройли. Энди ишламанг, ҳеч нарса қилманг, мазза қилиб яшанг дейишади. Лекин мен уларга: Қандай қилиб? Мен театрдан кета оламанми? — деб жавоб бераман”, — дейди актриса.
Раъно Ярашева таъкидлашича, саҳна ва томошабин билан учрашув унинг ҳаётида алоҳида ўрин тутади:
— “Агар халқим билан учрашиб турмасам, қувват ололмайман. Биз, ижодкорлар, фақат халқнинг дуоси, қарсаклари ва самимий олқишларидан куч оламиз. Ана шу муҳаббат бизга яна ижод қилишга руҳ ва илҳом бағишлайди”, — деди у.
Актрисанинг фикрича, фарзанд тарбиясидаги масъулият ва саҳнага бўлган садоқат унинг ҳаётида бир-бирини тўлдириб келаётган икки энг муҳим қадрият ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!