Юраги “жаноб” санъаткор: Шоҳруҳхон концертида кўз ёшга тўлган лаҳзалар (видео)

Хонанда Шохруҳхоннинг концерти айни дамда юқори кайфиятда давом этмоқда. Ушбу концерт кўпчиликка манзур бўлиб, унутилмас, ёқимли ва илиқ таассуротларга бой тарзда ўтмоқда.
Концерт давомида хонанда Ёрқинхўжа Умаровнинг онаси Зоҳида Умарова саҳнага чиқиб, Шоҳруҳхонга гул тақдим этди ва пешонасидан меҳр билан ўпди. Сўнг у хонанда ҳақида жуда таъсирли ва самимий фикрларини билдирди:
“Бир куни Ёрқинхўжа сен билан телефонда гаплашаётган эди. У сени "Шоҳруҳхон жаноблари" деб атади. Мен эса: "Нега жаноб деяпсан?" деб сўрадим. Шунда ўғлим: "Ойижон, ҳамма чиройли кийинганлар, юлдузлар ёки зўр иш қилганлар жаноб бўладими? Бу боланинг юраги жаноб-ку", деди”.
Шундан сўнг Зоҳида Умарова яна меҳр билан: “Кел, сени яна бир бор ўпай”, деб Шоҳруҳхоннинг яна пешонасидан ўпди ва давом этди:
“Мен жуда афсусдаман, сени яқиндан билмаганимдан. Ёрқинхўжа кичкина бўлса ҳам, сени қандай инсон эканингни — юрагингни, яқинларингга содиқлигингни билибди. Сен билан фахрланаман, жоним болам”, деди.
У сўзини якунлар экан, хонанданинг онасига юзланиб:
“Зебохоним, фарзандингиз билан сизнинг ўрнингиздан мен фахрландим”, дея илиқ ва эзгу тилакларини билдирди.
Бу самимий ва таъсирли лаҳзалар залда ўтирганларнинг юрагига етиб борди — кўпчиликнинг кўзларига ёш келди.