Президент 22 ёшли режиссёрни «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирлашини айтди (видео)

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Президент Шавкат Мирзиёев киноижодкорлар билан учрашувда ёш режиссёр Муниса Магаметибрагимовани «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирлашини маълум қилди.
- ВГИК институтига максимал 300 балл билан грант асосида кирган Муниса Магаметибрагимова учрашув давомида кино соҳасидаги гендер стереотиплари ва аёл режиссёрлар учун субсидия ажратиш таклифи ҳақида сўз юритди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг киноижодкорлар билан учрашувида ёш режиссёр Муниса Магаметибрагимова ҳам сўзга чиқди. У «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирланишини давлат раҳбарининг ўзи маълум қилди.
Муниса Магаметибрагимова ВГИК — Бутунроссия давлат кинематография институтига 300 баллдан 300 балл тўплаб, давлат гранти асосида ўқишга кирган. Унинг қисқа метражли фильмлари халқаро майдонда ҳам эътироф этилган. Ҳозирда у таҳсил олиш билан бирга Болалар контентини ривожлантириш марказида фаолият юритади.
Учрашувда ёш режиссёр кино соҳасидаги гендер стереотиплари ҳақида гапирди. Унинг таъкидлашича, ўқишга ҳужжат топширганида режиссёрлик аёллар учун эмас, эркаклар касби экани ҳақида кўп бор эшитган.
«Сиз бу стереотипларни синдирдингиз, ҳурматли Президент. Бугун биз, ёшлар, жумладан қизлар ҳам ўз юртимизда таълим олиб, муносиб ҳаёт қуришимиз мумкин», — деди у.
Муниса, шунингдек, аёл режиссёрлар номидан улар ишлаб чиқарадиган кино лойиҳалари учун субсидия ажратишда алоҳида квота белгилаш таклифини билдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат тараққиётида илм-фан ва таълимнинг, хусусан, қизлар таълимининг аҳамиятини таъкидлади:
«Агар иқтисодиёт билан бир қаторда илм-фан ва билимни ҳам ривожлантирмасак, орқада қоламиз. Бугун олий таълим муассасаларида таҳсил олаётганларнинг қарийб 60 фоизини қизлар ташкил этади. Диссертация ҳимоя қилганларнинг эса 75 фоизи — аёллар ва қизлар.
Мен бу ҳақда биринчи кунданоқ айтиб келаман: бир оилада илмли қиз бўлса, ўша оиладаги муҳит ўзгаради. У тарбиялаган фарзандлар эса бутун миллатнинг ўзгаришига ҳисса қўшади.
Агар рози бўлсангиз, бугун ишхонага бориб, Муниса қизимни “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирлаш тўғрисидаги ҳужжатга имзо қўяман».
Давлат раҳбари ёш режиссёрнинг ташаббусларини эътироф этиб, уни «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирлаш тўғрисидаги ҳужжатни имзолашини айтди.






























Изоҳлар 0
…