Президент: «Керак бўлса, Голливудга олиб бориб ўқитиб келишга ҳам тайёрман» (видео)

Президент: «Керак бўлса, Голливудга олиб бориб ўқитиб келишга ҳам тайёрман» (видео)
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Президент Шавкат Мирзиёев кино ва телевидение ижодкорлари билан учрашувда ёш актёрларнинг салоҳиятини юқори баҳолаб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.
  • Давлат раҳбари ёш ижодкорлар учун махсус мактаб платформасини ташкил этиш, уларга грант асосида таълим олиш ва хорижда тажриба орттириш имкониятларини яратиш бўйича топшириқлар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев кино ва телевидение ижодкорлари билан учрашув давомида яқинда намойиш этилган “Чемпион”, “Ўғилой” ва “Серсавол” лойиҳаларида рол ижро этган болалар билан самимий суҳбатлашди. Учрашувда ёш актёрлар ўз орзулари, илк ижодий тажрибалари ва қувончлари билан ўртоқлашди.

Жумладан, “Чемпион” фильмида бош ролларни ижро этган Шамсиддинов Шерозбек ва Фирдавс Тошбоев, “Ўғилой” фильми қаҳрамони ҳамда “Серсавол” фильмида рол ўйнаган 10 ёшли Шуҳрат Сирожиддин ўз таассуротлари ҳақида сўзлаб берди. Болалар суҳбат якунида томошабинларни ушбу фильмларни кўришга ҳам таклиф қилди.

Ёш актёрларнинг эркин ва дадил мулоқотини кузатган давлат раҳбари актёр Алишер Узоқовга юзланиб, болалар билан ишлаш ва уларни тарбиялаш усуллари билан қизиқди.

“Алишер, буларни қандай қилиб шунчалик эркин, дадил мулоқот қиладиган, руҳан тетик ва катта жасоратларга тайёр қилиб тарбиялаяпсиз? Ҳамма фарзандларимиз ҳам бундай мулоқотга тайёр бўлавермайди-ку”, — деди Президент.

Алишер Узоқов бунга жавобан давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Болалар контентини ривожлантириш марказида қисқа вақт ичида бир нечта лойиҳа йўлга қўйилганини таъкидлади. Унинг айтишича, лойиҳалар учун ўтказилган кастингларда беш мингдан ортиқ бола иштирок этган. Бу эса мамлакатимизда истеъдодли ёш актёрлар кўплигини кўрсатган.

Суҳбат давомида Шавкат Мирзиёев ёш актёрларнинг салоҳиятига юқори баҳо бериб, уларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қайд этди.

“Булар ўн йилдан кейин ким бўлишини тасаввур қилинглар! Бу ғайрат, шижоат, билим, онг ва дунёқараш билан улар катта ютуқларга эришиши мумкин”, — деди давлат раҳбари.

Президент Тошкент шаҳар ҳокимига ёш актёрларни алоҳида эътироф этиш ва уларга Президент совғаларини топширишни ташкил этиш бўйича топшириқ берди.

Шунингдек, Алишер Узоқовга Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Жаҳонгир Аҳмедов билан биргаликда бир ой ичида ёш ижодкорлар мактаби платформасини ташкил этиш вазифаси юклатилди. Ушбу ташаббус доирасида ёшлар учун зарур шароитлар яратиш, жумладан, бино, стипендия ва мукофотлар билан таъминлаш масалалари кўзда тутилган.

Давлат раҳбари янги мактаб ёш киноижодкорларнинг истеъдодини ривожлантиришга хизмат қилиши, уларга олий таълим муассасаларида грант асосида ўқиш ва хорижда тажриба орттириш имкониятларини яратиш зарурлигини таъкидлади. У иқтидорли ёшларни келгусида Голливудда ҳам ўқитиш имкониятини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

“Булар Голливудда ҳам Ўзбекистон байроғини кўтаради”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар