«Miss Universe» иштирокчиси 30 килограммлик улкан қанотли либосда чиқади

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Қозоғистонлик Алина Ри «Мисс Универсе – 2026» танловида оғирлиги қарийб 30 килограмм бўлган «Олтин бургут: Қозоғистон руҳи» номли миллий либосда саҳнага чиқади.
- Қиймати 5 миллион тенгедан ошадиган ушбу либос СВ Мусе бренди томонидан ярим йилдан ортиқ вақт давомида тайёрланган.
- Костюм махсус механизм ёрдамида очиладиган улкан қанотлар ва давлат байроғи элементларини ўзида мужассам этган.
Қозоғистоннинг «Miss Universe – 2026» («Коинот гўзали») халқаро гўзаллик танловидаги вакили Алина Ри саҳнага оғирлиги қарийб 30 килограмм бўлган миллий либосда чиқади. Қиймати 5 миллион тенгедан (тахминан 131,7 миллион сўм) ошадиган ушбу либос ўзининг ноодатий дизайни ва ҳаракатланувчи қанотлари билан ажралиб туради. Бу ҳақда «Kursiv Kazakhstan» хабар берди.
«Олтин бургут: Қозоғистон руҳи» деб номланган миллий либос мамлакат давлат байроғидан илҳомланиб яратилган. Унда Қозоғистон рамзларининг асосий элементлари, жумладан, осмонранг фон, олтин рангдаги қуёш, қанотларини кенг ёзган бургут ва анъанавий қозоқ миллий нақшлари ўзига хос тарзда уйғунлаштирилган.
Костюмнинг энг диққатга сазовор қисми — олтин рангдаги улкан қанотлар ҳисобланади. Махсус механизм ёрдамида улар саҳнада очилиб, либосга янада таъсирчан кўриниш беради. Кийимнинг узун шлейфи эса ҳаракат давомида бургутнинг кенг даштлар узра парвозини ифодалайди. Бош кийим ҳам умумий композицияга мос равишда қуёш шаклидаги олтин тож кўринишида тайёрланган.
Маълум қилинишича, либосни яратиш ишлари SV Muse бренди томонидан амалга оширилган. Уни тайёрлаш жараёни жорий йилнинг апрель ойида бошланган ва ярим йилдан ортиқ вақт давом этган. Эътиборлиси, миллий либоснинг асосий ғояси танловда Қозоғистон номидан иштирок этаётган Алина Рининг ўзи томонидан таклиф қилинган.
Маълумот учун, Алина Ри «Miss Qazaqstan – 2025» миллий гўзаллик танловининг ғолиби ҳисобланади. У «Miss Universe – 2026» халқаро танловида Қозоғистон шарафини ҳимоя қилмоқда.
Жорий йилги «Коинот гўзали» танлови Пуэрто-Рикода бўлиб ўтмоқда. Иштирокчиларнинг миллий либослар намойиши Остона вақти билан 22 ноябрь куни соат 04:00 да бошланади. Танловнинг катта финали ҳамда ғолибга тож кийдириш маросими эса 25 ноябрь куни соат 05:00 га белгиланган.
Алина Рининг 30 килограммлик миллий либосдаги чиқиши танловнинг энг қизиқарли намойишларидан бири бўлиши кутилмоқда.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…