Ўзбекистонлик 15 ёшли мактаб ўқувчиси 5 895 метрлик чўққини забт этди

15 ёшли ўзбекистонлик Асал Максумова Африканинг энг баланд нуқтаси — 5 895 метрлик Килиманжаро чўққисига чиқди. Шу тариқа у Ўзбекистондан ушбу маррани забт этган энг ёш инсон бўлди. Бу ҳақда қиз ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.
Асал мазкур экспедицияни Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаган. Project Independence лойиҳаси доирасида ташкил этилган сафарда иштирокчилар Килиманжаронинг машҳур Марангу йўналишини танлаган. Олти кун давом этган экспедицияда жамоа қарийб 72 километр масофани босиб ўтган. Улар нам тропик ўрмонлар, баланд тоғ чўллари ва қорли ёнбағирлардан ўтишган.
Сафарнинг энг оғир қисми чўққига чиқиш босқичи бўлган. Иштирокчилар қарийб 14 соат давомида йўл юришган. Бу вақтда ҳаво ҳарорати минус 10 даражагача пасайиб, қор ёғган ва кучли шамол эсган.
Асал экспедиция давомида миллий қадриятларимизни ҳам намоён этган. У жамоаси билан 3 720 метр баландликдаги Хоромбо лагерида ўзбек паловини тайёрлаган. Шунингдек, тоғ бағрида учта миллий рақсни ижро этган.
7 ноябрь куни ёш альпинист Instagram саҳифасида Президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллаб, мазкур натижасини Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаганини айтган.
«Умид қиламанки, ўз юксалишим орқали кўплаб ёшларни янги ташаббусларга илҳомлантира оламан», — деган Асал.
Маълумот учун, Килиманжаронинг Ухуру чўққиси денгиз сатҳидан 5 895 метр баландликда жойлашган. Африканинг энг баланд тоғ массиви ҳисобланган Килиманжаро 1987 йилдан буён ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…