Истеъдодли хонанда сифатида эл назарига тушиб, ўз мухлисларини топишга улгурган Рухшона навбатдаги меҳмонимиз. Хонанданинг хориж тилларидаги қўшиқларини севиб эшитадиган санъат шинавандалари, фильмлардаги ижроларини қолдирмай кўрадиган кино ихлосмандлари ҳам талайгина. Фарзандлар тарбиясидан ортиниб, ижодда ҳам фаол бўлишга интилаётган Рухшона билан Янги йил байрами арафасида суҳбатлашдик.
— Рухшона, поёнига етиб бораётган 2018 йил нимаси билан эсда қоларли бўлди?
— Якунланаётган йилдан беҳад розиман ва ўтган ҳар бир кунимга чексиз шукроналар айтаман. Бу йил ҳам фарзандларим тарбияси билан машғул бўлишдан ташқари, озми-кўпми ижод намуналари яратишга эришдим. Декабрь ойи бошида премьера қилинган «Юраккинам» номли қўшиғимнинг клипи омадли чиқиб, ижодимга бефарқ бўлмаган инсонларга маъқул келганидан шодман. Мазкур тарона ижодий фаолиятимда ҳам алоҳида аҳамият касб этди.
Шунингдек, қизим Ҳабиба боғчага боришни бошлади. Унинг қизиқишлари, ўрганаётган турли машғулотларининг натижаси бизни руҳлантиряпти. Хуллас, хурсандчилик кунлар, қувончли воқеалар кўп бўлди. Келгуси йилда бундай онлар ҳар биримизнинг ҳаётимиз ва иш фаолиятимизда янада кўпроқ бўлишини тилаб қоламан.
— Одатда, байрам куни меҳмондорчиликка боришни хуш кўрасизми ёки меҳмон кутиб, мезбонлик вазифасини бажаришни?
— Ёшлигимдан уйимизга меҳмонлар келса, жуда севинаман. Одамлар даврасида бўлиш, улар билан гурунглашиш жону дилим. Янги йил кунига ўтар онларда ҳам меҳмон кутишни ёқтираман. Шу сабабли олдиндан байрам дастурхони меньюсини тузиб қўйиб, унга пухта тайёргарлик кўраман. 31 декабрь тонгидан пишир-куйдир жараёнига киришаман. Интернет орқали миллий ва Европа таомлари рецептлари билан яқиндан танишиб, байрам куни оиламиз аъзоларига энг сараларини тайёрлайман.
— Тадбир ёки хизматда бўлиб, Янги йилни уйингизда кутиб ололмаган пайтингиз ҳам бўлганми?
— Санъат оламига кириб келиб, ижод қилаётган давримдан бошлаб, ҳар йили байрам куни узоғи билан соат 22:00 га уйга етиб келишга ҳаракат қиламан. Уйга келибоқ салат ва таомлар ҳозирлагунимча икки соат ҳам тезда ўтиб кетади.
— Юқорида номи зикр этилган «Юраккинам» клипида турмуш ўртоғингиз билан бирга роль ўйнаш фикри кимдан чиқди?
— Аслида, бу қўшиқни бир йил олдин яратганмиз. Клип ғояси устида ишлаш учун ҳам анча вақт кетди. Режиссёр Мақсуд Васати оилавий қадрдонимиз ва ўз ишининг профессионали бўлганлиги туфайли Санжар акам клипни унга ишониб топширди. Ролларни ижро этиш борасида бир нечта таниқли ёш актёрлар билан ҳамкорлик қилмоқчи ҳам бўлдик. Бироқ режиссёр турмуш ўртоғим иккимиз партнёр бўлсак, клип ишонарли ва омадли чиқишини таъкидлади. Биз ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлаб, розилик бердик.
— Ҳақиқатан, клип сюжети ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътиборини жалб қилди ва кўпчилик илиқ фикрлар қолдиряпти. Бироқ қўшиқ нақорати охиридаги сўзларни нотўғри талаффуз қилгансиз, яъни сўнгги бўғинга урғу бериб, чўзиб айтганингиз кўпчилик қатори бизга ҳам ғалати туюлди…
— Сўзларни бастакорнинг таклифи билан атай шундай бошқачароқ усулда куйлаганман. Тингловчиларнинг ёдида қолиши, уларнинг эътиборини тортиш учун ҳам шу танловда тўхталганмиз. Эътироз ва танқидлар бўлишини олдиндан билганмиз ва ҳаммасини эшитиб келяпмиз. Мана, сиз ҳам бефарқ бўлмабсиз. Демак, бу бизнинг ютуғимиз!
— Бир неча йилдан буён «Бола тилидан» кўрсатуви орқали бошловчилик қобилиятингизни ҳам намоён этяпсиз. Лойиҳа муаллифи ўзингизми?
— Дастур ғояси турмуш ўртоғим иккимизга тегишли. Оилавий кўрсатувимиз, десам ҳам бўлаверади. Хўжайиним болалар билан тил топиша олишимни билгани боис кўрсатувни олиб боришни ўзимга топширди. Улар эса мазкур лойиҳа режиссёри. Турмуш ўртоғим билан ишлаш менга жудаям қулай ва осон. Санжар акам хато ва камчиликларимни дангал юзимга айтиб, бартараф этишга кўмаклашади.
— Болалар билан ишлаш жуда қийин. Хўш, лойиҳа давомида Рухшона қандай қийинчиликларга дуч келиб, уларни енгишга интиляпти?
— Ростдан, болалар тилини топиб, улар кўнглига кириб бориш кишидан катта меҳнат талаб этаркан. Ушбу лойиҳа эфир юзини кўраётганига уч йил бўлса-да, ҳар бир сони устида ишлаш пайтида ўзимга ҳам керакли хулосаларни оламан. Бошида шевада гапирганим жамоадагиларга маъқул келмаган ва йиллар давомида ўз устимда ишлаб, шу камчилигимни йўқотишга эришдик.
Бола психологиясини синчиклаб ўргансангиз, кичкинтойлар билан тез чиқишиб кетаркансиз. Кастингда юзлаб ўғил-қизлар орасидан талабларимизга муносибларини саралаб олиш ҳам қийин кечади. Ўша жараёнда ҳам ўз тактикангизни ишга солиб, ҳар бир бола билан суҳбатда алоҳида ёндашсангиз, машаққатлар сезилмас экан. Бутун ижодий гуруҳимизнинг уринишлари бесамар кетмай, дастур ўз томошабинларини топаётгани кучимизга куч қўшмоқда.
— Айни дамда бир қиз ва бир ўғилнинг онасисиз. Улардан ортиб ижодга вақт қандай топяпсиз?
— Фарзандли бўлганимдан кейин бор эътиборимни дилбандларимнинг парваришига қаратяпман. Негаки улар ҳали жуда кичкина. Қизим Ҳабиба уч ёшдан ўтди, ўғлим Шукурбек эса икки ёшга тўлди. Худди эгизаклардек улғайишяпти.
Улар тарбиясидан ортиниб, ижодий янгиликлар яратишда қайнонам ва онамнинг ёрдамларини алоҳида эътироф этишим жоиз. Турмуш ўртоғим ҳам фарзандларимизга жуда меҳрибон ва эътиборли. Ҳабибани боғчага ҳар куни ўзи олиб бориб, олиб келади.
— Ижтимоий тармоқларда жуда фаолсиз. Мухлисларингизнинг саволларига жавоб бериб боришингизга қойил қолиш керак. Аксарият ҳамкасбларингиз санъаткор ва мухлис ўртасида масофа бўлиши лозим, дейишади. Сизнинг бунга муносабатингиз қандай?
— Назаримда, ижодкор мухлислари билан худди дўстдек муносабатда бўлиши керак. Мухлислар ёқтирган санъаткори ҳақида кўп нарсаларни билгиси келади, унинг ижодига қизиқади. Шунинг учун ижодимга бефарқ бўлмаган инсонларнинг энг муҳим бўлган саволларига имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қиламан.
Шу билан бирга баъзи аёл мухлисларимиз яқинларига айтолмаган сирларини мен билан ўртоқлашиб, маслаҳат беришимни, сирлашишимни исташади. Ўшанда уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатиб, далда бўлишга уринаман. Биз мухлислар, халқ учун ижод қиламиз ва улар билан яқин алоқа ўрнатишимиз зарур, деб ўйлайман.
— Алибобо билан куйлаган «Румбака» дуэтингиз сўзларига нисбатан эътирозлар билдирилди. Бу сизни ранжитмадими?
— Тўғри, «Санъатга нега енгил қараяпсизлар?» қабилидаги фикрларни эшитдим. Бироқ бизнинг мақсадимиз қўшиқ орқали жамиятимиздаги айрим муаммоларни кўрсатиш эди. Очиғини айтсам, қўшиқ атай енгилроқ ёзилган. Танқидлардан хафа бўлмадим, аксинча, ўзимга керакли хулосаларни чиқариб олдим.
— Концерт беришингизни кўплаб мухлисларингиз интизорлик билан кутишаётгани, шубҳасиз…
— Бу ҳақда ўзимга ҳам кўп савол беришади. Ҳали бироз вақт бор, деб ўйлайман. Олдин мухлислар кўнглидан чуқур жой оладиган қўшиқларим сонини кўпайтиргач, сўнг концертга жиддий тайёрланаман.
Концерт бераман десам-да, зални тўлдиролмай, ўзимнинг ҳам, томошабинларнинг ҳам кайфиятини туширишни истамайман. Яхшиси, барчаси ўз вақти-соати билан амалга ошгани маъқул. Балки, кириб келаётган Янги йилда ижодимни бошлаганимнинг ўн йиллиги муносабати билан концерт туҳфа этарман. Буни эса вақт кўрсатади.
— Турмушга чиққач, нега киноларда кўринмай қўйдингиз?
— (кулади) Бу ҳам кўпчиликни қизиқтираётган ҳолат. Биласизми, оилали бўлмасимдан аввал ёшлигимга борибми ёки карьера учунми, кетма-кет фильмларда роль ижро этганман. Лекин турмушга чиққач ҳақиқатан киноларда суратга тушмаяпман. Сабаби, таклиф этилаётган сценарийлар ёқиб қолганида роль ёқмайди, роль маъқул келганида эса сценарий манзур бўлмаяпти. Бу борада турмуш ўртоғим яқин маслаҳатчим бўлганлиги учун ҳам ҳали розилик даражасигача етиб борганим йўқ.
— Самимий суҳбат учун ташаккур. Янги йилда барча ўйлаган орзу-мақсадларингиз рўёбини кўринг!
— Сизларга ҳам раҳмат. 2019 йил барча юртдошларимизга омадли келсин!
Миролим ИСАЖОНОВ суҳбатлашди.
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди