18:00 / 23.05.2020
6 797

Пардоздаги "Азадор"

Пардоздаги "Азадор"
Бугун бизда (экранларимизда) табиий чеҳралар қолмади, ҳисоб. Ҳозирги актрисаларимизнинг деярли ҳеч бири чапланган қиёфа, ўрдак лаб, улама киприк, ясама қош ва жарроҳлик амалиётидан сўнг таранг тортилган, мимикадан холи юз қиёфаси билан томошабинни ортидан эргаштиролмайди, ўзи ижро этаётган юзаки қаҳрамонга нисбатан меҳр уйғотолмайди.

Аксарият актёр, актрисаларимиз хоҳ клип, хоҳ кинода роль ўйнасин, гўзаллик салонидан “сип-силлиқ” бўлиб чиққандан сўнггина образга киришади. Сочи замонавий услубда турмакланган, юзи энг олди “имижмейкер” томонидан пардоз-андоз воситасида “сайқалланган”, айниқса бир қарич улама киприкни ёпиштириб олган роль ижрочиси экранда мушфиқ аёл, ҳаётда қийналган ёлғиз она ёки ногиронлик аравасига умрбод михланган ярим жон ролида томошабиннинг ғашига тегади.

Кези келса, айрим актрисаларимиз урф-одат, анъаналаримиз устидан “бир сакраб ўтиб”, ўзи ўйнаётган кинодаги, ҳатто, таъзия саҳнасида ҳам ясама қош-киприкда, юзига бир томчи глециринни томизиб қўйиб, экран олдида мунғайиб турганини кўриб, бундай “ўта профессионал”ликдан “дод” дегинг келади.

Нега ҳозир ишланаётган киноларни дарров эсдан чиқарамиз-у, йигирма, ўттиз йил илгари олинган “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Шум бола”, “Мафтунингман”, “Суюнчи”, “Маҳаллада дув-дув гап” сингари фильмларни қайта ва қайта кўраверамиз?!

Негаки, аввалги кинолардаги образлар табиий, жонли ва умрибоқий. Ўша машҳур фильмларда роль ижро этган актёр, актрисаларимиз қиёфасида ортиқча ҳашамни учратмаймиз. Масалан, “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидаги Лутфихоним Саримсоқова ижросидаги рол шу қадар ишонарлики, ҳатто, аянинг билиниар-билинмас қалтирашида ҳам табиийлик бордек. Ёки “Суюнчи” фильмидаги қизларнинг совчилар олдига чой келтириш саҳнасини эсланг.

Машҳур опа-сингиллар — Ҳалима, Салима, Карима, Назиранинг юзи, ўзбекона қошу кўзи, ҳатто, шаҳарда ўқийдигани ҳам экранда рўмолда намоён бўладики, киройи шундай келининг бўлса, қанийди, дея уларга маҳлиё бўлиб қоласан. Анзират аяга маъқул келган Назирани олайлик. Ҳақиқатан, унинг қиёфаси момоси айтганидек, “шунақанги ўжар, шунақанги қайсарки”, деган таърифига шу қадар мос тушганки, агар бу саҳна шу кеча-кундузда олинганда борми, бугунги Назира экранда бир қарич улама киприк билан томошабинни кўнглини оздириши аниқ эди.

Шу ўринда “Ўткан кунлар”даги Кумушбиби ҳамда унинг кундоши Зайнаб образини олайлик. Кумушбиби худди китобда Абдулла Қодирий таъриф этганидек соҳибжамол, ортиқча пардоздан холи, исми жисмига монанд малаксиймо Марғилон гўзали. Зайнаб ҳам гўзалликда Кумушдан асло қолишмайдиган, аммо унинг ички оламидаги кемтиклик зарралари юзида акс этгани боис “рақибаси”га нисбатан бир поғона паст кўринувчи қиёфа шу қадар моҳирона танланганки, актрисаларимиз ижросига тасанно, айтмай иложимиз йўқ. Қайсидир бир суҳбатда бу ҳақда Гулчеҳра Саъдуллаева шундай деган эди: Зайнабни ўйнаётганимда режиссёр менинг гўзаллигимни, экранда биринчи планга чиқиб кетяпти, деб гримм орқали беркитишга уринарди. Мен ҳам қаҳрамонимни у хоҳлагандек ижро этишга интилдим ва бунга эътироз билдирмадим.

Кўриниб турибдики, юқоридаги санаб ўтилган кинолардаги чеҳраларда табиийлик бор, актёр ва актрисалар профессионал. Уларнинг ҳар бири ўз касбининг фидойиси бўлишгани боис ҳам бу кинолар биз учун ғоят қадрли. Ёш актрисаларимизни ҳали ёш-да, десангиз, табаррук ёшга етиб қолган айрим актрисаларимиз ҳам ролини қойилмақом ижро этиш ўрнига юзини “чаплаб”, улама киприкда экранга чиқишда унча-мунча ёшни ортда қолдиришмоқда. Яхшиямки, бугун бундай актёрлар хашаки роллардан ортиб, Ўзбекойимни ўйнамайдилар. Шундай бўлганда борми, бугунги ёш авлод хотирасида улама киприк момолар муҳрланиб қолармиди?!

Орзугул РУСТАМОВА

Манба: fikrat.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Пардоздаги "Азадор"