19:12 / 25.09.2020
12 482

Ирода Носирова ножўя таклифларни рад этгани туфайли телевидениеда 18 йил «запрет»да юргани ҳақида сўзлаб берди (видео)

Ирода Носирова ножўя таклифларни рад этгани туфайли телевидениеда 18 йил «запрет»да юргани ҳақида сўзлаб берди (видео)
Фото: «Дарё»
Журналист, актриса ва хонанда Ирода Носирова «Дарё» интернет-нашрига эксклюзив интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди. Ирода Носирова суҳбат давомида нима учун телевиденияда 18 йил «запрет»да юргани сабабини маълум қилди.

- "Кўпчилик мени «чет элга кетиб қолибди, 18 йил ҳеч қаерда кўринмаяпти», дейишади. Одамлар кўринмай кетганимни ҳар хил талқин қилишган. Лекин мен Тошкентда эдим, ижодни тўхтатмагандим. Кўринмаганимнинг иккита сабаби бор эди. Биринчи ўзимга боғлиқ бўлмаган сабаби, 18 йил давомида «запрет»да эдим. Иккинчи сабаби эса ўзим шу нарсадан кўнглим қолиб чиққим келмади. Ҳаракат қилсам бўларди, қайсидир эшикларга бош урганимда балки чиқардим. Лекин бу нарсаларни қилмадим. Чунки санъат, шоу-бизнесдан кўнглим қолгани учун бу нарсалардан узоқроқ юрдим.

Ҳамма соҳа бўйича «запрет»га тушганман. Биринчи «запрет» 21 ёшимда телевидениеда ишлаб юрганимда бўлган. Яъни телевизорга чиқиш, бирор дастурни олиб бориш, кўриниш имкониятидан маҳрум бўлганман.

Йигирма бир ёш бўлган вақтимни ўйласам, ҳозир орқага қарасам, гўдак бўлган эканман, дейман. Нима деб ўйлайсиз, кимга керак бўлган ёш бир гўдакнинг карьерасини синдириш? Сиёсий хато қилмаганман, ўша вақтда жамоанинг энг кичкинаси, энг ёш журналисти эдим. Нима иш буюрилса, дам олиш куни демасдан, ишимни виждонан бажарганман.

Менга ишдан ташқари таклифлар бўлган. Кимгадир йўқ деганингиздан кейин кимга ҳам ёқасиз. Телевидениега таниш-билиш орқали ёки кимдир орқали келмаганман, ҳаммасига ўзимнинг меҳнатим, иқтидорим, эрталабдан кечгача ишлаш қобилятим бўлгани учун шу ишда ишлаганман. Нима учун, ўша ишим давом этиши учун, мен бировнинг нафсини қондиришим керак.

Шу таклифлардан сўнг ўз хоҳишим билан ишдан кетишга мажбур бўлганман ва бундан афсусланмайман. Балким бошқа йўлни танлаганимда мансаб пиллапояларидан юқори чиқиб, шунча вақт ишсиз юрмаган бўлар эдим", - дейди журналист, актриса, хонанда Ирода Носирова.

Маълумот учун, Ирода Носирова фаолиятини «Давр» информацион дастурида спорт шарҳловчиси сифатида бошлаган. «Алвидо», «Омад», «Жаноб ҳеч ким» каби фильмларда бош ролларни ижро этган. Хонанда сифатида «Кел» деб номланган қўшиғи мухлислар орасида оммалашган. Ирода Носирова 18 йиллик норасмий тақиқлардан сўнг 2020 йилдан Zo‘r TV каналида журналист, бошловчи сифатида фаолиятини бошлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Ирода Носирова ножўя таклифларни рад этгани туфайли телевидениеда 18 йил «запрет»да юргани ҳақида сўзлаб берди (видео)