20:44 / 25.05.2021
3 768

Озодбек Назарбеков: «Мендирман Жалолиддин»га билдирилган танқидлар ва фильмнинг навбатдаги мавсуми қачон суратга олиниши ҳақида


Фото: Маданият вазирлиги ахборот хизмати
Жаҳон кинематографиясидаги ҳар қандай тарихий фильмда хатоликлар учраши табиий ҳолат. Ҳақиқатни ўрганиш учун кинога мурожаат қилинмайди. Бу ҳақда маданият вазири Озодбек Назарбеков 24 май, душанба куни «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» ёшлар фестивали доирасида ОАВ вакилларига берган интервьюсида сўз юритди, дея хабар бермоқда «Дарё».
Назарбеков жамоатчиликнинг «Мендирман Жалолиддин» фильмига эътирози ва танқидий фикрларига муносабат билдирди.

«Бу кинонинг танқид қилиниши кутилган эди, бу табиий ҳол. Биз бир томонлама мулоҳаза қилишимиз қанчалик тўғри бўлади? Умуман, ҳар бир муаммони юзага келиш сабабларини олдин ўрганиш керак. Ушбу кино зиёлилар, айниқса, тарихчилар томонидан кўп танқидга учраяпти. Ўзбекистондаги тарихчилар кино билан ҳамкорлик нуқтаи назаридан неча йиллик тажрибага эга?! Ҳамкорлик мутлақо йўқ! Ҳамкорлик бўлмаганидан кейин, табиийки, кескин қарама-қаршиликлар бўлади ва охири ўртача бир ечимга келинади. Бадиий фильм бадиийликни, тарих эса фактларни талаб қилаверади. Бизда ҳали тарихчилар ва киночилар ўртасида ҳеч қандай ҳамкорлик йўқ.

«Мендирман Жалолиддин» ўз номи билан бадиий фильм. Бу унинг ҳар қандай тўқима воқеадан фарқи йўқ, дегани. Кинони ҳадеб тарихий фактлар томон тортавериш керак эмас, бу бадиий фильм деяпмиз. Кинода Жалолиддин образи бор, бошқа энг муҳим образлар мавжуд. Мақсадимиз — бизнинг Жалолиддин деган миллий қаҳрамонимиз бўлганлиги, уни қаҳрамон ўлароқ кўрсата олсак бўлди. Унинг ҳақиқатини, керак бўлса, тарихий манбалардан билиб олаверинг. Муҳими, биз сизнинг эътиборингизни фильмга торта олдикми, бўлди. Агар торта олган бўлсак, у ёғини бориб фактлардан ўрганинглар.

Агар мухлис кинодан тарихий фактлар ўрганаман, деса хато қилган бўлади. Чунки дунёдаги жамики ҳар қандай тарихий фильм сизни хатога олиб боради, барчасида хатоликлар топилади. Ҳақиқатни ўрганиш учун кинога мурожаат қилинмайди. Манбалар, тарихий фактларга мурожаат қилинади», — деди Озодбек Назарбеков.

Маданият вазири фильмнинг давоми қачон суратга олиниши ҳақидаги саволга жавоб бераркан «Ҳозир бироз танаффусдамиз. Кейинги мавсумларни суратга олишга ҳаракат бошланган. Менимча, бир ойлардан сўнг, тасвирга олиш бошланса керак», деди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Озодбек Назарбеков: «Мендирман Жалолиддин»га билдирилган танқидлар ва фильмнинг навбатдаги мавсуми қачон суратга олиниши ҳақида