Гап эгасини топсин!

  • Жамият
  • 21-01-2018, 15:40
  • 2 628
  • Гап эгасини топсин!
    Бу мавзуда ёзмайман, Қуръон сураларидан тиловат қилиб ҳақларига бағишлайман, чиройли дуолар билан сабр қиламан, яқинларига, халқимга сабру жамил сўрайман деган эдим.
    Аммо... рўйхатни ўқиб, юрагим тўкилиб, титилиб кетяпти.
    Вафот этганлар ичида 1996 йилдан кейин туғилган йигитлар ҳам бор экан!
    Бўз йигитлар!
    Дангаса, саёқ эмас, ўз Ватанида тузукроқ маошли иш топа олмай, оиласидаги катта-кичик ташвишни ҳал қиламан деб, қаҳратон қишда иш излаб кетган ёш болалар!
    Тўнғичимдан атиги уч ёшгина катта бўлган Муродиллаев Баҳодиржон, Абдуллажонов Исмоилжон, Ҳусниддинов Муҳаммадинлар 1998 йилда туғилган, ҳаётда оқ-қорани яхшироқ танимаган, чимилдиқ кўрмаган навқирон, навниҳол юртдошларим!
    Олов ичида, жон талвасасида нималар ҳақида ўйладингиз?
    Балки ортингиздан мўлтираб қолган онаизор, чорасизликдан бағридан кетқизган ота, ийманибгина "кутаман" деб қолган ёрингизними...
    Ўз боламга термуламан. Ручкани тишлаганча, ширин хаёллар суриб ўтирибди. Ўзича уй вазифаларини қиляпти. Яхши ўқишга, ҳаётда ўз ўрнини топишга интиляпти.
    Ахир сиз ҳам кечагина Бобуримдай кулиб, дарс тайёрлаб ўтирган эдингизку...
    ТВ дан янграётган шўх мусиқани «минг лаънат» деб ўчираману, тилимда, дилимда йиғилиб қолган заҳримни кимгадир сочгим келади.
    Ким эканлигини ҳам биламан.
    Айбдор кўп, аммо энг катталарига айтадиган икки оғиз гапим бор!

    Бир дунё машҳур-машҳур тайин, бетайин агитаторни йиғиб, бир олам ваъдалар билан Наманганнинг Тўрақўрғонига ҳам борган битта зўр ташкилот бор. Чекка қишлоқларгача етиб, қадамларини суратга олдириб, жойлардаги ҳақиқий аҳвол билан танишиб халқни умидвор қилган, катта -катта ваъдалар берган ваъдабоз ташкилот бор!

    Малол келмаса уч-тўрттагина саволимга жавоб беринг!

    Халқ чўнтагидан чиқиб, фаолиятингиз учун ажратилаётган миллиард- миллиардларда ёниб кетган ёшларнинг насибаси йўқмиди?

    Ёки сиз фаолият деганида фақатгина рўмол ечдириш, коллежга кириб дарс бузиш, Энрикенинг концертида диконглаб сакрашнигина тушунасизми?

    Бу билан сизни бутунлай қораламоқчи эмасман. Сафингизда сидқидилдан нимадир қилмоқчи бўлаётган қоракўзларни ҳам кўряпман. Аммо улар бармоқ билан санарли.
    Нима учун халқ меҳрини қозона олмаётганингизни айтайми?
    Чунки сиз халқ билан ҳамнафас эмассиз!

    Жилла қурса, ўша ёниб кетган қоракўзларга самолёт ёки поезднинг билетига етадиган маблағни Иттифоқ ғазнасига тушаётган пуллардан қарзга бериб туриш мумкин эди. Бироқ бу фаолларингизни бирортасининг хаёлига келмаган!

    Ёки минглаб ишга кетаётган ўғил-қизларга бехатар, беталофат маршрут ташкил қилиб, фаолиятини назорат қилиш, уларнинг иссиқ-совуғидан бохабар бўлиб турадиган шўъба ташкил қилиш режангизда ҳам йўқ!

    Беш йил аввал фарзандида туғма юрак пороги бор Улуғбек исмли йигит операция учун пул топаман деб Россияга кетиб беиз йўқолган. Уни ўтган йили Москвадаги метроларнинг бирида тиланчилик қилиб юрганини кўришган. Эси-кирди чиқди, бир аҳволда экан.
    Сиз ўша ўттизга ҳам кирмаган, қачонлардир энг аъло баҳоларга ўқиган юртдошимиз ҳақида бирор марта суриштирдингизми?
    Отасини кута-кута операциясиз ўлиб кетган фарзандидан бирор марта хабар олдингизми?
    Фарзанд, невара доғини кўтара олмаган ота-она ўлимидан сўнг хонадонига бориб фожеа сабаблари билан қизиқдингизми?! Йўқ!

    Тирикчилик қиламан деб, Ўзбекистон-Қирғизистон чегараларида минглаб ёшлар «ЖК»нинг 154-модасини бузиб, ноқонуний мол олиб ўтишарди. Қанчалари милициядан қочиб автоҳалокатларда жувонмарг бўлишди. «Бу уч - тўрт йил олдинги гап...» дерсиз, бироқ яна чегаралар очилиб, «эллик тўртчилар» ғимирлаб қолишди. Бирорта фаолингиз бориб чегара ҳудудлардаги ёшлар ҳаёти, турмуш тарзини жиддийроқ таҳлил қилиб, амалий чоралар кўряптими?
    Нимага куйиб кетаётганимни энди тушунаётгандирсиз?!

    Ўлиб кетган ўша 52 та Ватандошим, «эллик тўртчи» бўлмай, ўғрилик, ғарлик, юлғичлик қилмай, ҳалол пул топай» деб, совуқ ўлкаларга йўл олишганди.
    Сиз ўша ҳалол-пок, номусу-иймони бутун ёшларни асраб қолмадингиз!
    Нега чегарада битта штабингиз йўқ? Кетаётганларни қўрқитмай, дилдан суҳбатлашадиган мутахассисларингиз йўқ! Агар сиз озгина маблағ ажратиб, ўзингизнинг таъбирингиз билан айтганда «уюшмаган» дилбандларимизнинг дилига йўл топа олганингизда «автобусгагина пулим бор, жонимни гаровга қўйиб кетяпман» деган нолаларини эшитган бўлар эдингиз...

    Яна ўша ёнаётган автобус кўз олдимдан кетмаяпти...
    Эҳ, қани энди Президент битта буйруқ берсаю, охири йўқ чет эл сафарларига замонавий, техник соз самолётларда эмас, лицензияси битган, шалоғи чиққан автобусларда чиқсангиз!
    Сиз Ватанга қайтармоқчи бўлаётган мардикорларнинг олдига ит азобида етиб борсангиз!
    Қани энди ростдан ҳам уюшмаганларни уюштириб, муаммоларини ҳал эта олсангиз!

    «Ваҳима қилманг, Иттифоқ муаммоларни ўрганяпти» деб оғзимга урди биттаси.

    Қачонгача фақат ўрганасиз?!
    Бир вақтлар Талабалар шаҳарчасида ташкил қилинган Ёшлар муаммолари институти бўларди. Ўша ердаги фаолиятингиздан ҳам яхшигина хабарим бор.
    Ёшларнинг муаммоларини ўшанда ҳам ҳал қила олмагансиз!
    "Ундай қиламиз, бундай қиляпмиз" деб, нафақагача етвосангиз бўлди! Изингиздан яна битта ваъдабоз келади. Ўзбекнинг шўри, ўзбекнинг фожеаси шуки, умид қилиб, ишониб, "Тинч яшаяпмиз-ку" деб яшайверади....

    Ҳозир нимадан қўрқаётганимни биласизми? Ўғилларим аълочи, меҳнаткаш, аммо, яна икки ёки уч йилдан сўнг уларни қандай қисмат кутяпти?!

    «Супермен» бўлса ҳам ўз юртида муносиб иш ўрин бўлмаса қаноти синиб қолмайдими?

    Ҳалол бизнес қиламан деса-ю, энг кам фоизли (14 % камми!) кредит берган банкларнинг ўзи синдириб қўйса, инсон ҳуқуқлари кафолатланган Америка ёки Европани орзу қилиб қолмайдими?

    Ота ёки бобосидан мерос қолган жойда тирикчилик қилмоқчи бўлса-ю, “тузукроқ таъмирланмаган” деган баҳоналар билан бино тортиб олиниб, аукционга қўйилса, тадбиркорликни ташлаб порахўр ёки каззоб бўлмайдими?!

    Олийгоҳни битирса-ю, энг зўр диплом билан муносиб яшашга яраша пул топа олмаса, Ўзбекистонни ташлаб, бола-чақасини олиб, яхши мутахассисларни жон-жон деб кутиб оладиган давлатларга бош олиб кетмайдими?

    ЭНГ ЁМОНИ КЕЧАГИ ЙИГИТЛАР КАБИ ЁНИБ КЕТМАЙДИМИ?!
    КУЙИБ КЕТМАЙДИМИ?!
    АСТАҲФУРИЛЛОҲ!
    АЛЛОҲ ҲАР БИР БАНДАСИНИ ЎЗ ПАНОҲИДА АСРАСИН!

    Кўзингизни каттароқ очинг!
    Сиз ўтирган курсиларнинг ҳаммаси халқнинг пулига келган. Шундай экан халқнинг болаларини, ҳар бирини эҳтиёт қилиб, кўз қорачиғингиздай асрашингиз шарт!

    Мен онаман!
    Фақат ўз фарзандим эмас, етти ёт бегонанинг боласини ҳам хор бўлиб ўлишини асло истамайман!
    Шундай экан, халқ ташкилотингизга ўтказаётган миллиардларнинг тийинигача ҳисобот беришингизни талаб қиламан!
    Яна бир гап.
    Рекламангиз учун хизмат қилаётган сохта Ватанпарвар - раққос, машшоқ, шоир-у артистларнинг заррача уяти бўлса, ўйин кулгунгизга аралашмай, бу фожеадан сўнг умрининг охиригача аза тутади!

    Кечаги оловда фақат 52 Ватандошим эмас, ВАТАНИМ, ёнди!
    Минг афсуски! Омонилло, Муҳаммадризо, Шохрух, Алишер, Воҳиджон, Аҳмаджон, Маъмуржон, Комилжон, Абдуллатиф, Иброҳимжон, Мирзоҳид, Нурмуҳаммад, Олимжон, Солижон ҳатто Қаҳрамоннинг болаларига оталик қила олмайсиз! Оналарига ўғил ўрнини боса олмайсиз!

    Аммо шу юрт боласи бўлсангиз, энди йўлга чиқмоқчи бўлаётган минглаб ўғил- қизларга амалий ёрдам беришингиз шарт!

    Тўрт қатор шеъримдан эса ларзага келиб, уйғонинг ва Наманганга бориб бош эгиб, кечирим сўранг...

    Хоқондай яшайсиз
    Халқнинг пулига...
    Бисёр ваъдалар ҳам қалашиб кетди.
    Сиз чора топгунча
    Сиз иш бергунча
    Болам оловдан жон талашиб кетди.

    Ҳов қаранг!
    Битмаган, пахсали уйни
    Тезак ёпиштириб деворларига
    Кўнглимни
    Кўмирсиз...
    Ўтинсиз ёқиб...
    Ким билан сўнги дам тиллашиб кетди...

    Ўриклар гулламай,
    Сумалак пишмай,
    Бойчечаклар унмай қадамларидан
    Чимилдиққа кирмай
    Ўлан эшитмай
    Балки ажал билан
    Дардлашиб кетди...

    -Пул топаман,- деди
    -Отам дардига,
    Онамнинг дардига
    Малҳам топай,- деб
    Аллоҳга таваккал!
    Тақдирга кўниб.
    Тилсиз темирларга тирмашиб кетди...

    Халқнинг елкасидан
    Бошига чиқиб,
    Яйраб яшаяпсиз
    Сиз кўп яшайсиз!
    Сизга ишонганлар
    Нажот кутганлар
    Борса келмасларга бирлашиб кетди...
    Муаззам Иброҳимова

    Манба: Erk.uz

    Яндекс.Метрика