Тошкентда иссиқ сув сифати юзасидан шикоятлар кўпайди

Тошкентнинг Миробод, Яккасарой, Шайхонтоҳур, Чилонзор ва Юнусобод туманларида яшовчилар иссиқ сувдан ноодатий кимёвий ҳид келаётгани ва унинг сифати юзасидан шикоят қилмоқда. Ҳолат бўйича сув намуналари олиниб, лаборатория текширувлари бошланган. Бу ҳақда “Veolia Energy Tashkent” компанияси маълум қилди.
Компания хабарига кўра, фуқаролардан мурожаатлар келиб тушгач, мутахассислар зудлик билан жойларга чиқиб, иссиқ сувдан намуналар олган. Улар кимёвий-бактериологик ҳамда органолептик таҳлиллардан ўтказилади. Текширувлар якунлангач, натижалар жамоатчиликка эълон қилиниши билдирилган.
“Veolia Energy Tashkent” изоҳида компания иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни турар жой биноларининг ертўласигача етказиб бериш ҳамда тақсимлаш билан шуғулланиши қайд этилган. Мазкур ҳудудларга тармоқ сувини эса ташқи етказиб берувчи — “Тошкент Иссиқлик Электр Маркази” АЖ узатади.
Шунингдек, сув сифати билан боғлиқ маълумотлар етказиб берувчи корхонага юборилган. Технологик жараённи меъёрлаштириш ва магистраль тармоқларни ювиш бўйича шошилинч чоралар кўриш режалаштирилган.
Компания вазият назорат остида эканини ва сув таъминоти сифатини меъёрлаштириш учун етказиб берувчи билан ҳамкорликда зарур ишлар олиб борилаётганини билдирган.
Ҳозирча лаборатория текширувларининг якуний натижалари эълон қилинмаган. Шу сабабли сувдан келаётган ҳиднинг сабаби ва унинг инсон саломатлигига таъсири ҳақида ҳозирча аниқ хулоса чиқариш мумкин эмас.































Изоҳлар 0
…