Кечагина Самарқанднинг "Динамо" клуби Вадим Абрамовни клуб бош мураббийлигига тайинланганини эълон қилди. Хўш, Карленович чўкаётган кемани қирғоққа қадар олиб боришга қодирми? Унинг имкониятлари қай даражада? Бугун шу ҳақида қисқача фикр алмашамиз.
Шоҳмалик Комилов, Жўрабек Маннонов, Элгужа Григалашвили, Шохруҳ Маҳмудҳожиев, Эркин Бойдуллаев, Марат Бикмаев... Бу рўйхатдаги футболчилар билан "Динамо" қандай қилиб турнир жадвалининг сўнгги поғонасини ҳеч кимга бермай келаётгани шахсан менга ажабланарли. Бир қарашда, анчагина курашувчан ва жанговар жамоа тузилган. Афсуски, натижа кутилганидек бўлгани йўқ. Предраг Роган варианти ўзини оқлаши учун раҳбарият етарлича сабр қилмади. Кейин, Шипилов келди. "Насаф" билан ўйиндаги мағлубият мураббийнинг паймонини тўлдирди.
Очиғи, самарқандликларнинг элитада жон сақлаб қолишидан умидимни узиб бўлган эдим, аммо Вадим Абрамовнинг қайтиши ҳақидаги хабар кураш ҳали тугамаганини англатгандек бўлди. Хўш нима учун? Биринчи навбатда, "Динамо"нинг таркибини важ қилиб кўрсатишим мумкин. Аввалига сербиялик мутахассис ўз ўйинини қуришга улгурмаган бўлса, Шипилов ҳужумкор йигитларни иккинчи рақамли бўлиб тўп тепишга ўргата олмади. Вадим Карленович ҳозирги таркиб учун идеал мураббий. У очиқ ва ҳужумкор футбол тарафдори. Бошқачасига ўйнай ҳам олмайди.
Тўғри, терма жамоадаги омадсизлик бироз дилни хира қилгани рост, аммо ундан аввалги "Бунёдкор" билан эришилган натижалар-чи? Молиявий аҳволи жуда оғир бўлган жамоада академия болалари билан мардонавор курашган, натижа қайд эта олган мутахассисни эрта сафдан чиқармаслик лозим. Ҳозирги футболчилар билан Абрамов қисқа муддатда тил топишиб кетади (бу борада у профессионал). Бир-икки тур ўтгач, "Динамо"нинг ўйини кардинал ўзгариши мумкин. 4-3-3нинг кенгроқ версиясидан фойдаланиш учун унда ижрочилар борасида муаммо йўқ. Қўшимчасига, ҳеч ким чемпионатнинг сўнгги поғонасида бораётган клуб мураббийига босим қила олмайди. Ярим йиллик шартнома имзоланганини ўзи сўзимизга исбот бўлади. Карленович шунчаки омадини бир синаб кўриши, соғиниб қолган футболдан лаззат олиши мумкин. Унинг фаолиятига назар солар эканмиз, босимсиз ишлаганда доим яхшироқ натижа қайд этганини кўриш мумкин.
Абрамовни жамоа постига тайинлаганининг яна бир каттагина плюси бор. Бу унинг кучли психолог эканлиги. Ҳозир "Динамо"ни "перезагрузка" қилишнинг ўзи кифоя. Юқорида айтилганидек, таркиб чакки эмас, молиявий аҳвол нормал ҳолатда. Ич-ичидан омадсиз мавсум ўтказаётганини ҳис қилаётган футболчиларни руҳлантириш орқали кичик мўъжиза яратиш мумкин. Хулоса ўрнида, Самарқанд клуби раҳбариятининг топқирлигига тасанно. Энди, мавсум сўнгига қадар вазиятни жим кузатиб туриш керак. Вадим Абрамов ҳам бу уриниш орқали ўзбек футболига чиройли камбэк қилиши мумкинлигини ҳис қилиб турибди. Ўйлашимча, Карленовичда вазифани уддалаш учун имконият бор. Ҳар ҳолда, бу Ўзбекистон терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқишдан бир неча баробар осонроқдек кўринмоқда.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас