11:17 / 12.08.2022
3 298

Германия, Туркия ва Россиядан таклиф олган тўпураримиз бир қарорга келди

Германия, Туркия ва Россиядан таклиф олган тўпураримиз бир қарорга келди
Беларусь чемпионати олий лигасида “Энергетик-БГУ” шарафини ҳимоя қилаётган ҳужумчимиз Бобур Абдухолиқовнинг ўйини анча очилиб кетди. “Насаф” тарбиялаган ҳужумчи Европа томонларда тинимсиз гол урмоқда. Айниқса, жорий мавсумда Бобурни тўхтатиб қоладиган ҳимоячиларни топиб бўлмаяпти.

Абдухолиқов олий лиганинг ўн бешта учрашувида қатнашиб, рақиблар дарвозасини ўн олти маротаба ишғол қилди ва жамоадошларига бешта голли пас узатди. Бобур тўпурарлар пойгасида яққол етакчилик қилиш баробарида гол+пас тизими бўйича 21 очко билан лиганинг энг фойдали ўйинчиси бўлиб турибди.

Бундан ташқари, Бобур Беларусь кубогида битта ўйинда гол ва ассист муаллифи бўлгани ҳам қайд этилган.

Табиийки, ўзбек футболчисининг юқори самарадорлиги кучли лигалар скаутларининг назаридан четда қолгани йўқ. Манбалар 25 ёшли тўпурарга Германия, Туркия, Россия жамоаларидан жиддий чорловлар бўлаётганини ёзмоқда.

Беларусь футболини ёритишга ихтисослашган бир неча оммавий ахборот воситалари, хусусан, football.by сайти Бобур Абдухолиқовнинг келажагига оид маълумот тарқатди.

Манбанинг таъкидланишича, “Энергетик-БГУ” ҳужумчини қўйиб юбормоқчи эмас. Бобурнинг ўзи ҳам мавсумни минсклик “талабалар” сафида ўтказмоқчи.

Бунга сабаб қилиб, “Энергетик-БГУ” Бобур Абдухолиқов ва яна икки нафар ўзбек футболчиси – Абдулқодир Ҳусанов ва Шоҳруҳбек Абураҳмонов ёрдамида ўз тарихида илк бор чемпионат медаллари учун курашиш имконига эга бўлгани кўрсатилмоқда.

Айни пайтда қолган жамоалардан битта кам ўйин ўтказган “Энергетик-БГУ” 31 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Мусобақа пешқадами БАТЭ 16 та учрашувда 32 очко жамғарган. Абдухолиқов жамоасида қолдирилган ўйинда зафар қучиб, биринчи ўринга чиқиш имконияти бор.

Бундан ташқари, Бобур Абдухолиқов ҳам “Энергетик-БГУ” таркибида шахсий кўрсаткичларини яхшилаб олишни мўлжаллаган. Моҳир ҳужумчимиз 2020 йили Ўзбекистон чемпионатида “Насаф” таркибида 17 та гол урган. Легионеримиз юқори дивизионда гол уриш бўйича шахсий рекордини яхшилаб олмоқчи.

Шунга қарамай, Бобур Абдухолиқов Беларусь чемпионатида узоқ қолиб кетмайди. Мавсум якунлангач, ўзига кучлироқ лигадан муносиб жамоа танлаш имконияти албатта бўлади. Зеро, Беларусь чемпионати ўзбекистонлик футболчилар учун Европанинг турли лигаларига йўл очиб берадиган мусобақа ҳисобланади. Бобур Абдухолиқов сингари ўзинг энг яхши ҳислатларини намоён эта олган ўйинчиларимиз эса, ҳеч қачон тўхтаб қолмайди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Германия, Туркия ва Россиядан таклиф олган тўпураримиз бир қарорга келди