18:13 / 19.08.2022
1 305

“Бешиктош”дан таклиф, “Нижний Новгород”га нега ўтмагани ва “Насаф”нинг чемпионлик учун имкониятлари - Шерзод Насруллаев

“Бешиктош”дан таклиф, “Нижний Новгород”га нега ўтмагани ва “Насаф”нинг чемпионлик учун имкониятлари - Шерзод Насруллаев
Ҳозирда Шерзод Насруллаев номи барча футбол иҳлосматлари учун таниш. У миллий терма жамоа ва “Насаф”даги ўзининг ёрқин ўйинлари билан мухлислар эътиборини қозонган. Бир неча ой илгари Европанинг кўплаб клублари ҳимоячига қизиқиш билдиргани ҳақида хабарлар тарқалди. Шу боис, Sports.uz нашри Шерзод Насруллаев билан интервью уюштириб, барча саволларга жавоб топишга ҳаракат қилди.

- Авваламбор, ассалом-у алайкум. Шерзод, таклифимизга йўқ демай, интервьюга рози бўлганингиз учун раҳмат.
- Ассалом-у алайкум. Сизларга ҳам таклиф учун раҳмат.

- Дастлабки саволни яқинда бўлган АГМКга қарши ўйиндаги ҳолат билан бошламоқчиман. Бош ҳакам аввал пенальти белгилади, бироқ кейинчалик ВАРни кўриб, қарорини ўзгартирди. Бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай?
- Ҳа, албатта. Ушбу вазият кўпчилик сингари бизни ҳам ҳайрон қолдирди. Менимча, бу яққол пенальти эди. Аммо негадир рефери 11 метрлик жарима белгиламади. Вазиятга эътибор берган бўлсангиз, тўп Анзур Исмоиловнинг қўлига теккан. Бироқ ҳакам ВАРни кўриб, фикридан қайтди. Аммо ҳали олдинда кўплаб ўйинлар бор. Биз ўзимиз учун керакли очокларни тўплаб, чемпионлик учун ҳаракатни давом эттирамиз.

- Охирги пайтларда ВАРга ҳакамлар кўп вақт сарфлаб юборяпти. Бу ўйин темпига таъсир қилмаяптими?
- Ўйин темпини тушириб юбориши рост. Мисол учун АГМКга қарши ўйинда ҳам ҳакам 5-6 дақиқа сарфлади. Табиийки, бу ўйин ҳароратига салбий таъсир ўтказади. Бош мураббийимиз Рўзиқул ака Бердиев айтгани каби ВАРни чемпионатимизга олиб келганимиз билан даража ўсиб қолмайди.

- Яқинда жиддий жароҳат олиб, кўп вақтга сафдан чиқдингиз. Лекин жароҳатдан тикланиб, қайтганингиздан кейин ўйинингизда бироз пасайиш бордек кўринмоқда.
- Албатта, спортчи жароҳат олганидан кейин унинг тикланишига кўп вақт кетади. Ҳозирги пайтда мен билан ҳам шундай давр кечмоқда. 3 ойга яқин футбол ўйнамадим, бу эса ўйинимга салбий таъсир ўтказгани рост. Олдинги ҳолатимга қайтиш учун бироз вақт керак. Ўйлайманки, ўйиндан-ўйинга формам яхшиланиб бораверади. Ҳозирда ҳаммаси яхши кетмоқда. Мураббийлардан керакли кўрсатмаларни олиб, ўз ўйинимизни тиклашда давом этаман.

- Бир неча ой олдин сизга Туркия чемпионатидан таклиф бўлгани ҳақида миш-мишлар тарқалган эди.
- Жуда кўп жамоалардан таклиф бўлди. Ушбу клублар “Насаф” раҳбарияти ва агентим билан музокара олиб боришди. Лекин якунда музокаралар тўхтаб қолди. Бунга асосий сабаб эса “Локомотив”га қарши ўйинда олган жароҳатим сабаб бўлди. Шу боис, легионерга айланишим кечикди.

- Айнан қайси жамоалар эканлигини очиқроқ айта оласизми?
- Қизиқиш билдирган жамоалар орасида энг номдори “Бешиктош” эди. Билишимча, ушбу клуб фақатгина менга эмас, балки бир неча жамоадошларимга ҳам таклиф билан чиқишган. Агентим Хорватия чемпионатидан ҳам қизиқиш борлиги ҳақида айтган эди. Қолаверса, Россиянинг “Нижний Новгород” ва “Алания” каби клублари ҳам ўз сафига қўшиб олмоқчи эди. Бироқ якунда жароҳатим сабаб бу трансфер амалга ошмай қолди. Ҳозирда ўз ўйинимни тиклаб бормоқдаман. Ўйлайманки, ҳали Европага кетишга улгураман.

- “Бешиктош” “Насаф”нинг яна қайси футболчиларига таклиф билдирган?
- Ҳусайн Норчаевга эканлиги ҳақида эшитган эдим. Лекин бу ҳақда тўлиқ маълумотга эга эмасман.

- “Насаф” ОЧЛ плей-офф масаласини ҳал қилган. Бироқ бу учрашувлар 2023 йилда ўтказилади. Ўша ўйинларда жамоага ёрдам бериш учун қоласизми ёки Европага кетиш ҳақида ўйлаяпсизми?
- Ҳозирча кетиш ҳақида ўйлаганим йўқ. Биринчи навбатда “Насаф” билан чемпионликни қўлга киритмоқчиман. Кейин эса жамоа билан Осиё Чемпионлар лигасида муносиб қатнашишни режалаштирганман. Агар бу мусобақаларда ўзимиз учун керакли натижаларни кўрсата олсак, кейин кетиш ҳақида ўйлаб кўраман. Ҳозирда бор эътиборимни ички чемпионат баҳсларига қаратганман.

- “Насаф”нинг чемпионликдаги имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Ҳаммага маълумки, ҳозирда Ўзбекистон Суперлигасида ҳам интрига ошиб, йилдан-йилга чемпионликка даъвогарлар сони кўпайиб бормоқда. “Насаф” ҳам ўз олдига чемпионликни мақсад қилган. Бунинг учун бутун жамоа қўлидан келганча ҳаракат қилмоқда. Ўйлайманки, ўзимиз учун керакли очколарни қўлга киритиб, олтин медалларга эга чиқамиз.

- Яқинда Ўзбекистон терма жамоаси 2023 йилги Осиё кубогига тайёргарликни бошлайди. Умуман олганда қитъа биринчилигидаги имкониятларимиз қандай. Сречко Катанец жамоага нималар бера олди ва бера олади?
- Ҳозирда Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувига тажрибали мураббий келган. Сречко Катанец ўз ғояларини футболчиларга осон етказа олади. Ушбу мутахассис билан кўплаб нарсаларга эришишимизга ишонаман. Осиё кубоги олдидан бир қанча ўртоқлик учрашувлари ўтказилиши белгиланган. Бу назорат баҳслари бизга яхшигина тажриба ва жамоавий ўйинни шаклланишига сабаб бўлади.

- Фаррух Сайфиев ва Иброҳимхалил Йўлдошев Ўзбекистон терма жамоасидаги асосий рақобатчиларингиз ҳисобланади. Ҳозирги даражангиз билан терма жамоанинг асосий футболчисиман дея айта оласизми?
- Ҳа, албатта. Ўзимни терма жамоамизнинг асосий футболчисиман дея айта оламан. Бунга етарлича сабаблар бор. Сайфиев ҳам, Йўлдошев ҳам зўр футболчилар, лекин улар билан рақобатлашишдан қўрқмайман.

Жамшидбек Маҳмудов суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Бешиктош”дан таклиф, “Нижний Новгород”га нега ўтмагани ва “Насаф”нинг чемпионлик учун имкониятлари - Шерзод Насруллаев