Бугун Жиззахнинг "Суғдиёна" клуби ОФК Кубогидаги юришини давом эттиради. "Бўрилар"га Гонг-Конгнинг "Истерн" клуби қаршилик қилади. Хўш, рақиб жамоа ҳақида нималарни биламиз?
SPORTS.uz википедиядан ўқиб олиш мумкин бўлган маълумотларни бир четга суриб, рақиб жамоасининг ўйинини таҳлил қилишга қарор қилди. Унинг кучли ва кучсиз томонлари, асосий футболчи ва ўйин услуби ҳақидаги "свежий" мақолани мутолаа қилинг!
Ўйин услуби
Схема: 3-4-3
Роберто Ласада жамоаси услуб ва ўйинга танлаган схемаси билан Осиё клубларидан кескин фарқ қилади. Соф 3 та ҳимоячи, қанотлардаги иккита ярим ҳимоячи ва 2 та таянч зонасидаги ижодкор. Олдинда эса, кенг майдон бўйлаб тўп тепувчи ҳужум учлиги. 4 ҳимоячи билан ўйнаш тобора урфдан чиқаётган бир пайтда "Истерн" 3 та марказий ҳимоячи билан чинакам ҳужумкор коллективга айланиб бўлди. Эътиборлиси шундаки, Улуғбек Бақоев шогирдлари эртага анчагина замонавий футболни тарғиб этувчи жамоага қарши майдонга чиқади. Жиззахликларга осон бўлмаслиги аниқ. Бу бизнинг Суперлигамиздаги эҳтиёткор клублардан кескин фарқ қиладиган рақиб.
Ҳужум ва марказдаги футболчилар 90 дақиқа давомида тинимсиз прессинг қилишга мослашган. Улар тўп билан рақиб муносабатда бўлган дақиқаларда бутун майдон бўйлаб бўш зона қолдирмасликка уринади. Ҳужумдаги учлик ҳимоячиларни доимий босим остида ушлаб турса, марказдаги 4 футболчи бемалол прессингнинг иккинчи блогини ташкил этиши мумкин. Ҳимоядаги учлик эса, рақибларни анча эрта кутиб олишга ўрганган.
Тўғри, "Истерн" ҳимояланишда муаммоларга учраши мумкин, бироқ ҳужумга ўтишда Роберто Ласада ўйинни анча мукаммал қурган. Ушбу суратларга эътибор қаратинг! 3 ҳужумчи рақиб ҳимоячиларини ўзи билан олиб юрган бир пайтда, қанот ярим ҳимоячилари анча эркин тўп тепиш имкониятига эга бўлади. Бу классик 4 та ҳимоячи билан ҳаракат қиладиган жамоалар учун икки ҳисса ноқулай.
Улар бу вазиятдан чиқиб кетиш, яхши ҳимояланиш учун олдиндаги асосий кучларини ортга қайтаришга мажбур бўлади. Шу боис, тўп назорати секин-аста "Истерн" томонига ўтади. Ласаданинг ўйин фалсафаси тўп назорати ва қанотларнинг активлиги устига қурилган.
Легионерлар борасида "Сўғдиёна"дан бир бош баланд
Асосан 3 та соф ҳимоячи билан ҳаракат қилишига қарамай, айнан улар орқали ҳужумлар бошланади. Бу борада 27-рақамдаги Гондра беназир. Агар уларнинг ўйинларини кўриб чиқсак, рақиб мураббийи устомонлик билан легионерларни маҳаллий футболчилар билан қориштирганига гувоҳ бўлиш мумкин. Ҳимояда Гондра асосий ишни амалга оширса, марказда 18-рақамдаги Микаэль катта ҳажмда иш бажаради. Ҳужум учлигидаги Бартомеу ва Фернандо вазиятлардан фойдаланиш борасида ОФК Кубоги даражасидан баландроқ тўп тепмоқда.
Легионерлар борасида рақиб исталган ўзбек клуби билан беллаша олади. Айниқса, 9-рақамдаги Виктор Бертомеу борасида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Баланд бўйли, жисмонан бақувват испан иккинчи қаватда жуда фаол бўлибгина қолмай, Ласада қурган жамоанинг юраги саналади. У керакли паллада ортга қайтиши, тўп учун кураш чоғида алдамчи тўққизлик вазифасини ҳам бажариши мумкин.
Шунингдек, Қирғизистон терма жамоаси аъзоси Тамирлан Козубаев ҳам Гонг-Конг клуби мудофаасида тер тўкиб келмоқда. 186 см бўйга эга ҳимоячининг кучли зарбаси бор. Маркуз Гондра ҳужум бошлаб берувчи асосий куч саналади. Сифатли ижрочилар билан бойитилган клуб бошқа шарқ жамоалари сингари уларга тўлиқ боғланиб қолмаган. Маҳаллий футболчилар ҳам майдонда катта ҳажмдаги ишни олиб боради.
Кучсиз томонлари
"Истерн" ҳам 100 фоиз идеал жамоа эмас, унинг ҳам камчиликлари етарлича. Асосийси, булардан унумли фойдалана билишда. Биринчи навбатда, жамоа захира ўриндиғи жуда тор эканлигига эътиборингизни қаратмоқчиман. Мураббий қўл остида иккинчи бўлимда ўйинга қўшилиб, беллашувнинг боришини ўзгартириб юборадиган даражадаги ижрочи йўқ. Асосий куч ўйинни илк дақиқаларидан "жангга киришади". Бу Улуғбек Бақоев учун иккинчи 45 дақиқаликда босимни ошириш ва темпни кўтаришда қўл келиши аниқ.
Шунингдек, гонг-конгликлар иккинчи қаватдаги курашларда анчагина заиф. Шу боис, мураббий имкон қадар майда паслар орқали ҳужум уюштиришга урғу берган. Агар "Сўғдиёна" билан солиштирсак, "Истерн" аъзоларининг жисмоний ҳолати ҳам анчагина заифлигини кўриш мумкин. Бу майда кичик-кичик эпизодлардаги ғалабалар ёрдамида ўйиннинг катта қисмида устунлик қилиш имконини беради. Рақиб очиқ футболда қанчалар хавфли бўлса, паст темпдаги курашларга бой баҳсда шу қадар ожиз. Улуғбек Бақоев рақиб очиқ футбол таклиф этса ҳам ўзи учун қулай темпдан воз кечмаслиги шарт.
Жиззахдаги майдоннинг ҳолати ҳам мезбонлар фойдасига ишлаши аниқ. Асосан тезкорликка суянадиган "Истерн" камида 30 дақиқани майдонга мослашиш учун сарфлайди. Плюс, мухлислар фактори ҳам ўз сўзини айтиши керак. Бу - Улуғбек Бақоев бошқарувидаги "Сўғдиёна" учун чинакам синов вазифасини ўтаб берадиган ўйин. Бу - жорий мавсумдаги энг оғир ўтиши тахмин қилинаётган баҳс. Икки томон ҳам ўз устунликларига эга. Ким бундан унумлироқ фойдаланса, ўша жамоа якунда кейинги босқичга йўл олади.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди