00:26 / 13.09.2022
2 896

"Шомуродов орқали футболингиз европалик скаутлар кузатувида, сизларда "олтин авлод" шаклланяпти, ўзбек маданиятини эшитганман" - "Интер"нинг собиқ устози

"Шомуродов орқали футболингиз европалик скаутлар кузатувида, сизларда "олтин авлод" шаклланяпти, ўзбек маданиятини эшитганман" - "Интер"нинг собиқ устози
Сайтимиз журналисти Шуҳратбек Жўраев айни пайтда Қатарнинг “Ал-Гарафа” клубига бош мураббийлик қилаётган италиялик Андреа Страмаччони билан боғланди. 46 ёшли мутахассис ўз вақтида Италияда “Интер” клубини бошқаргани билан яхши танилган. Кейинчалик “Удинезе”, “Панатинаикос” (Греция), “Спарта” (Чехия) сингари жамоаларга ҳам устозлик қилди. Охирги йилларда фаолиятини Осиёда давом эттирмоқда. 2019 йилдан 2021 йилгача Эроннинг “Истиқлол” жамоасига бош мураббийлик қилган бўлса, ўтган йилдан буён Қатарнинг “Ал-Гарафа” жамоасида ишлаб келмоқда.

Страмаччони билан илк бор алоқага чиқиб ўзимизни таништирганимиздаёқ у бизни мамнуният билан қарши олди. Табиийки, ўзбек матбуотига интервью бериш унинг учун ҳам қизиқ туюлди ва бизнинг таклифимизга ижобий жавоб қайтарди. Фақат орада суҳбат бироз чўзилди. Бунга жиддий сабаб бор эди. Боиси, Андреа Страмаччони қиз фарзандли бўлганди. Биз уни янги чақалоқ билан табрикладик. Ўз юмушидан ортган мураббий саволларимизга жавоб берди.

- Жаноб Страмаччони, сизни номингизни эшитишимиз биланоқ “Интер” клуби ёдимизга тушади. Сабаби, биздаги мухлислар ҳам сизни “Интер”ни бошқарганингиз орқали яхши эслаб қолганлар. Айтинг-чи, “Интер” сизнинг ташриф қоғозингизга айланганми?
- “Интер”да икки унутилмас мавсумни ўтказганман. Албатта, барча хотиралар ва мухлисларнинг менга бўлган муҳаббати доим менинг қалбимда қолади.

- Биламизки, ўша пайтда мураббий сифатида анча ёш эдингиз. “Интер”даги фаолиятингиз ўзингизга ҳам ёққанми? Ҳозир 46 ёшдасиз. Масалан, энди “Интер” бошқарувини ўз қўлингизга олсангиз, бунга олдингидан-да тайёрдирсиз-а? Яъни, ўша пайтдагидан кўра тажрибалироқман, дея оласизми?
- Футболда ҳеч қачон олдиндан нима бўлишини айта олмайсиз. Мен доим ўз ишимни юракдан, бор кучимни сарфлаб бажарганман. Ҳар бир синов бошқача, ҳар бир клубнинг ўз тарихи бор ва албатта “Интер” дунёнинг энг эътиборга сазовор клубларидан бири. Триплет даврида ушбу клубда ишлаганим, Жозе Моуриньо, Рафа Бенитес, Гасперини ва Раньери каби буюк мураббийлардан сўнг “Интер”ни бошқарганим мени доим фахрлантиради.

- “Интер” Италиядаги энг севимли жамоангизми ёки...
- Мен Римданман. Болалигимдан “Рома” менинг юрагимни забт этган. Албатта, “Интер”да ишлаганимдан буён ушбу клуб ҳам мен учун жуда муҳим бўлиб қолди. Бунга мухлислар ва шаҳар билан ўртамизда пайдо бўлган ажойиб алоқалар сабаб бўлди. Лекин мен ўз севимли жамоамни ҳеч қачон ўзгартирмайман ва “Рома” доим мен учун биринчи рақамли бўлиб қолаверади.

- Мураббийликни анча эрта бошлагансиз. Бунга нима сабаб бўлган? Рости, футболчилик фаолиятингиз қандай кечганини яхши эслай олмаймиз.
- Мен “Болонья”да профессионал футболчи сифатида фаолият олиб борганман. Улар мени 14 ёшлигимда клубимдан сотиб олган. 15 ёшга тўлганимда биринчи марта тиззмамдан жиддий жароҳат олгандим. Кейин 18 ва 19 ёшимда ҳам худди ўша тиззамдан жароҳат орттириб олдим. Мен сўнгги жарроҳлик амалиётимдан сўнг футбол ўйнашни тўхтатдим. Бир неча йилдан сўнг, 23 ёшимда мураббийлик қилишни бошладим ва 34 ёшимда А серия тарихида энг ёш мураббийга айланганман.

- Европадаги мураббийлик фаолиятингиздан сўнг 2019 йили Осиёга келдингиз. Сизни бу қитъага нима етаклаб келди?
- “Спарта” Прагадаги фаолиятимдан кейин Теҳроннинг “Истиқлол” клубидан таклиф олдим. Улар Осиёнинг энг машҳур жамоаларидан бири, миллионлаб мухлисларига эга эди. Улар мен учун Осиёдаги биринчи клуб бўлди ва бу муваффақиятли иш бўлди дея оламан. Шундан сўнг, Қатарнинг “Ал-Гарафа”си мени мураббийликка чақирди.

- Ҳозирда “Ал-Гарафа”даги ишингиз қандай? Одатда араб клублари шайхлари мураббийларни тез-тез алмаштириб турадилар. Бу ҳолат ишингизга босим ўтказмайдими?
- Клубга кўп пул тиккач, жамоадан, футболчилар ва мураббийлардан натижа кутишинг нормал ҳолат. Бу доимий синов дегани эди. Мен бундан қўрқмасдим, бу ишимизнинг бир қисми. Шайх Жассим Эрондаги фаолиятимдан кейин мен билан шахсан суҳбатлашди ва ўзининг муҳим лойиҳасида имконият беришга қарор қилди.

- Ҳамюртимиз Ислом Тўхтахўжаев қўл остингизда ўйнаётганидан хурсандмиз. Ўзбек футболига қанчалик қизиқасиз ва бу борада нималарни биласиз?
- Ўйлайманки, Ўзбекистон Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири. Фикримча, сўнгги йилларда ушбу мамлакатда футбол жуда ривожланди. Италияда ўйнаётган Шомуродов билан сизнинг футболингиз европалик скаутлар кузатувида бўлиб турибди. Менимча, Ўзбекистон миллий терма жамоасида “олтин авлод” шаклланиб бормоқда. Айниқса, Сречко Катанец бош мураббийга айлангач, ушбу жамоа ўйинларини янада диққат билан кузата бошладим.

- Сизнинг рўйхатингизда яна бошқа ўзбек футболчилари ҳам борми?
- Ҳа, биз бир қатор футболчиларни диққат билан кузатиб боряпмиз. Аммо улар шартнома тузган клублар ҳурмати нуқтаи назаридан аниқ номлар ҳақида ҳеч нарса дея олмайман.

- Рости, биз сизни Ўзбекистонда кўришдан жуда хурсанд бўлардик. Юртимизга ташриф буюриш режангиздан ўрин олганми?
- Мен ҳеч қачон у ерда бўлмаганман. Лекин ўзбек маданияти ҳақида жуда кўп яхши гапларни эшитганман. Бир кун у ерга бориш учун имкон бўлишига умид қиламан.

- Римлик бўлганингиз учун “Рома” клубига бефарқ эмаслигингизни юқорида айтдингиз. Шундай экан, Шомуродов ҳақида ҳам сўрамасдан иложим йўқ. Негадир Жозе Моуриньо футболчимизга унчалик ишонмаяпти? Элдор клубдан кетиши керакмиди?
- Шахсан Элдорни жуда ҳам ёқтираман. У ростдан ҳам қизиқарли футболчи ва жуда меҳнаткаш. “Рома” ҳужумида бир қатор кучли ҳужумчилар ҳам бўлди ва ҳозир Элдорга осон эмас. У билан икки марта гаплашганман ҳамда миллий жамоа сардори сифатидаги ишларини қадрлашимни айтганман. Унинг келажаги порлоқ, бунга аминман.

- Бу йил Қатарда жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Аслида ушбу мундиал сиз учун қанчалик қизиқарли? Чунки Италия жаҳон чемпионатига чиқа олмади. Энди кимга мухлислик қиласиз ёки қайси терма жамоа сюрприз кўрсатиши мумкин?
- Жаҳон чемпионати менинг Қатарга келишимдаги асосий сабаблардан бири. Айни пайтда бутун футбол олами бу ерга эътиборини қаратмоқда. Қишда бўлиб ўтадиган илк жаҳон чемпионати тарихан жуда катта воқеа. Мен Италия сўнгги плей-офф босқичида тўхтаганидан жуда афсусдаман. Аммо бу – футбол ва биз буни қабул қилишга мажбурмиз.

- Агар сиздан 3 та тилак сўралса, нима деб жавоб берган бўлардингиз?
- Мен футболни севаман, у ҳаётимнинг бир қисми. Ҳар тонгда ўзим фаолият олиб бораётган жамоага 100 фоизлик кучим билан ёрдам бериш мақсади билан уйғонаман. Уларга машғулотларда ҳам, ўйинда ҳам энг яхши тайёргарликни беришни хоҳлайман. Болалигимдан орзу қилган ишни қилишдан доимо бахтиёрман. Мен фақатгина Яратганга оилам ва шу пайтгача учратган ажойиб инсонларим учун раҳмат деган бўлардим.

- Жаноб Страмаччони суҳбатимиз аввалида айтганимдек, сизни юртимизда яхши билишади. Ўзбекистонлик мухлисларга нима демоқчисиз?
- Ҳозиргина айтганимдек, Ўзбекистонни олдинда порлоқ келажак кутиб турибди. Бу – футболни севувчи мамлакат ва мавсумдан мавсумга ривожланиб боряпти. Бугун бутун дунё Ўзбекистон миллий терма жамоасини билади ва мен фақат энг яхши тилакларни тилайман.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Шомуродов орқали футболингиз европалик скаутлар кузатувида, сизларда "олтин авлод" шаклланяпти, ўзбек маданиятини эшитганман" - "Интер"нинг собиқ устози