“Пахтакор” Максим Шацких бошқарувига ўтганидан кейин энди “Шерлар” қандай футбол ўйнаркин, Макс қандай услубни олиб кираркин, деган саволларни кўп эшитдик. Унинг футболчи сифатида қандай даражага кўтарилганини айтиш шарт эмас. Мураббий ролидаги Шацких илк бор ўзимизнинг чемпионатда иш бошлаши ўзига яраша қизиқ жараён бўлиб туюлди.
2016 йилдан мураббийликка қўл урганидан сўнг у энди Максим Александровичга айланди. Чунки футболчи сифатида у Макс эди. Мураббийлик эса умуман бошқа даражада ва буни у жуда яхши тушуниб турарди. 2019 йилгача “Динамо” Киевда мураббийлар штабида ишлади. Кейин 2019 йилдан 2021 йилгача Россияда “Ротор” клубида Александр Хацкевичга ёрдам бериб юрди.
Мана, энди Шацких мустақил равишда бош мураббий ролига ўтди ва у бу ишни Ўзбекистонда бошлади. Ҳозир чемпионатимизда бироз танаффус бўлгани боис кимнидир ишини таҳлил қилиш ёки сарҳисобни амалга ошириш учун имконият. Максим Шацких “Пахтакор” бош мураббийи сифатида Суперлигада 7 та учрашув ўтказди. Натижаларга келсак, 4 ғалаба ва 3 дуранг. Мағлубият йўқ. Турнир жадвалида “Насаф” билан бир хил – 38 очко жамғариб қўшҳокимлик қилмоқда.
Лекин “Пахтакор” Ўзбекистон Кубогидан чиқиб кетди. Чорак финалда Наманганда “Навбаҳор”га имконият бой берилди. Бу Шацкихнинг ҳозирча “Пахтакор”да расмий ўйинлардаги илк мағлубияти бўлиб турибди. Ўша мағлубият сабабидан “Пахтакор” Кубокдан чиқиб кетди ва битта мусобақа билан хайрлашди. Энди барча эътибор Суперлигага қаратилган.
Шацких ҳозирча ўзининг кескин фикрлари билан кўпчиликнинг ёдида қоляпти. Айниқса, ютқазган ўйинлардан кейинги матбуот анжуманларида айтган гаплари анча шов-шув уйғотишига сабаб бўлди. Ғалаба қозонган учрашувларида мураббий иштирокидаги матбуот анжумани “портлаётгани” йўқ. Демак, бундан шундай хулосага келиш мумкинки, Максим Александрович мағлубият учун қандайдир баҳона излаётгандек. Ёки уни ҳазм қилиши қийин бўляпти. Ҳозирги фурсатдан фойдаланиб, “Пахтакор” устози билан боғланиб, айрим саволларимизни ўртага ташладик. Мураббий эса жавобларини қисқа ва лўнда қилиб айтди.
- Максим Александрович, “Пахтакор” клубида иш бошлаганингиздан кейин футболимиз ҳақидаги фикрингиз қанчалик ўзгарди?
- Ҳаммасини тушуниш учун ҳали етарли вақт ўтгани йўқ. Шу боис нима ўзгарганини билишим амримаҳол!
- Ҳозиргача Суперлигада 7 та ўйинда 4 ғалаба ва 3 дуранг қайд этилди. Ўзбекистон Кубогини эса тарк этдинглар. Чемпионат даражаси ҳақида нима деган бўлардингиз?
- Ҳали бу ҳақида гапиришга эрта. Нима бўлишини вақт кўрсатиб беради.
- Мағлубиятлардан кейин матбуот анжуманларида жуда кескин гапиряпсиз. Бу нима билан боғлдиқ?
- Бу кескин ёки тўсатдан эмас, балки ҳақиқат!
- “Пахтакор” қачон сиз ўйлагандек ўйнашни бошлайди?
- Деярли ҳар доим.
- Ўзбекистонлик легионерлардан кўпроқ кимларни кузатяпсиз? Масалан, Шомуродовдан ҳавотирда эмасмисиз?
- Ҳаммани имкон қадар кузатиб келаман. Шомуродов кетиши керак. У жилла қуриса ижарада ўйнашга кетмоғи даркор. Балки Жозе Моуриньо унинг кетишига йўл қўймас.
- Келгуси мавсумдаги фаолиятингиз бу йилги натижаларга боғлиқми?
- Ҳар янги мавсум ўзгача кечади. Натижа эса ҳар доим асосий ўринда туради.
- Шунингдек, Суперлигада қайси жамоанинг ўйини сизга ёқяпти?
- Ҳозирча бу борада бирор-бир тўхтамга келмадим.
- Ўзбекистонга қайтганингиздан кейин олдинги дўстларингиздан кимлар билан учрашдингиз?
- Деярли Тошкентда қолганларнинг ҳаммаси! Бизда “Пахтакор 1978 гуруҳи бор. У ердаги деярли барча билан тез-тез учрашиб турамиз.
- Миллий терма жамоамиз ҳақида фикрингиз қандай? Сизда Катанец билан гаплашиш имкони бўлдими?
- Албатта, кузатиб келяпман. Барча ўйинларни томоша қилмоқдаман. Катанец билан эса гаплашмаяпман.
Шацких суҳбатдан ўзини олиб қочмади-ю, лекин негадир кўп гапиришни хоҳламади. Кўриниб турибдики, бош мураббий олдига қўйилган мақсад аниқ. Клубни чемпион қилиш. Ахир Кубокдан чиқиб кетилгач, жамоанинг олдида бошқа вазифа ҳам қолмаган. Шунинг учун Максим бутун диққат-эътиборини жамоасининг ўйинини кучайтиришга ва бунинг ортидан натижаларга эришишга қаратган. Ҳозирча мураббий “Пахтакор”да ўзи истаган ўйинни тўлиқ шакллантиришга эришгани йўқ. Айниқса, ҳимояда бўш нуқталар бор. Статистика шуни кўрсатяптики, жамоа 7 та ўйинда 7 та гол ўтказган. Бу ҳар бир учрашувга биттадан гол тўғри келишини кўрсатмоқда. Гол уриш борасида эса сермаҳсуллик чакки эмас. Шацких бошчилигида ўша 7 та баҳсда 13 та гол урилди.
“Пахтакор” Шацкихга тўлиқ ишонади. Ҳали унинг бу клубда иш бошлаганига кўп вақт бўлгани йўқ. Балки у ҳали ҳам ўрганиш жараёнидадир. Юқорида унга кейинги фаолияти бу йилги натижаларга боғлиқми, деб сўрадик. Жавобини ўзингиз кўрдингиз, барибир натижани асосий ўринга олиб чиқди, бироқ аниқ жавоб айтмади. У бор эътиборини чемпионликка қаратган, буни пайқаш қийин эмас! “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди