10:00 / 04.10.2022
1 600

"Сурхон"дан суперкамбэк! "Даҳшатли" гол муаллифи ўйиндан кейин нималар деганини биласизми?

"Сурхон"дан суперкамбэк! "Даҳшатли" гол муаллифи ўйиндан кейин нималар деганини биласизми?
“Қўқон-1912” – “Сурхон” ўртасидаги ўйин “Бунёдкор” – “Навбаҳор” ёки “Пахтакор” – “Насаф” ўртасидаги учрашувдан ҳам қизиқроқ ўтди. Суперлигани безайдиган супер жанг бўлди.

Ушбу учрашувни томоша қилмаган мухлис аттанг қилиши энди аниқ. Иккаласи ҳам лигада қолиш учун курашаётганди ва турнир жадвалида ҳам ёнма-ён тургандилар. Учрашув қўқонликлар учун яхши бошланди. Гўёки ҳаммаси майдон эгаларининг сценарийси остида кечаётганди. Чунки “Қўқон-1912” ҳисобни 2:0 кўринишга келтириб, яна имкониятлар яратаётганди. Аммо футбол шундай ўйинки, унда ҳаммаси бирданига ўзгариб кетиши ҳеч гап эмас. Олдиндан нима бўлишини билмайсиз. “Сурхон” мисолида буни кўрдик.

Жамоанинг иқтидорли ярим ҳимоячиси Ислом Тошпўлатов 74-дақиқада шундай гол урдики, бу гол мавсумнинг энг чиройли голи бўлишга асосий даъвогарлардан бири бўлади. Олисдан, балки масофа 35-40 метр келса керак, у шундай узоқликдан кучли зарба йўлладики, дарвозабон тўпни қайтаришга ожиз эди. Айнан Тошпўлатовнинг голидан кейин “Сурхон” “уйғонди”. Натижада бундай голдан руҳланиб кетган меҳмонлар яна иккита гол уриб 2:0 ни, якунда 2:3 га ўзгартириб суперкамбэкни амалга оширишди. Учрашув тугаганидан сўнг “даҳшат”ли гол урган Ислом Тошпўлатов Sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.

- Исломжон, “Сурхон”нинг суперкамбэк кўрсатиши қойилмақом бўлди. Рости, 2:0 дан кейин ҳисобни 2:3 га ўзгартиришинглар кутилмаган бурилиш бўлди. Буни қандай уддаладинглар?
- Бу ўйин жуда муҳим эди. Ҳисобда ортда қолаётганимизда ҳам таслим бўлиш ҳақида ўйламадик. Ғалаба қозонишимизни бутун жамоамиз хоҳлаганди. Охирида меҳнатимиз ва интилишимиз самарасини берди.

- “Сурхон”нинг дастлабки голига муаллифлик қилдингиз. Аммо бу шедевр гол доим ҳам киритилавермайди. Зарба ҳам худди пушкадек кетди. Буни таваккал бажардингизми ёки...
- Ўша вазиятда тўпни ўзимга олишим биланоқ дарвоза томон тепиш ҳақида ўйладим ва шуни бажардим. Ҳаммаси Худодан, зарбам голга айланди, омадим келди.

- Бунга фаолиятингиздаги энг чиройли гол деб таъриф берсак бўлаверади...
- Ҳа, шунақа. Энг чиройли гол бўлди. Ҳали бунақаси бўлмаган.

- Ҳисоб 2:0 бўлганида “Сурхон” тушкунликка тушиб қолмадими?
- Йўқ. Тушкунликка тушмадик. Камбэкни амалга оширишга муваффақ бўлдик. Айтдим-ку, ғалабамизни ҳаммамиз хоҳлагандик. “Сурхон”ни Суперлигада сақлаб қолиш учун жамоадаги ҳар бир футболчи бор кучи билан курашяпти. Бугунги учрашувда ҳам ҳаракат қилдик ва меҳнатимизга яраша ютиб кетдик.

- Барибир 2:0 дан кейин аксар клублар бундай камбэк кўрсатиши жуда қийин ишга айланиб қолади. “Сурхон” қаердан куч топди?
- Биринчи бўлимда ўйинимиз кўнгилдагидек чиқмади. Иккинчи бўлимда вазиятни ўзгартириш учун чиқдик. 2:0 дан кейин ҳам биз таслим бўлмадик. Ростини айтсам, бутун ютмасак бўлмасди. Жамоамизга ғалаба жуда зарур эди. Шунга яраша ҳамма футболчи бор кучи билан ҳаракат қилди. Ишончимиз катта эди.

- Балки 2:0 бўлиб турган вазиятда дурангни ўйлагандирсизлар...
- Йўқ. Биринчи навбатда гол уриб олишни ўйладик. Шу ишни бажарганимиздан кейин у ёғи “очилиб” кетди.

- Бош мураббийнинг кўрсатмаси қандай эди?
- Мураббий майдонга чиқиб фақат футбол ўйнанглар деди. Биринчи бўлимдаги ҳолат ҳеч нима эмас, ҳаммасини ўзгартира оламиз деб айтди.

- Камбэкдан кейин ечиниш хонасида мураббий нималарни айтди?
- Тўғриси, мураббийимиз ҳеч нима демади. Тўғрисини айтганда, ўзи ҳам ютиб кетишимизни кутмаганди.

- Сиз-чи?
- Мен учрашувдан аввал гол ураман деб майдонга тушгандим. Ғалаба учун чиқдик ва иккинчи бўлимда 3 та гол урдик. Барча жамоадошларим ҳам ишонганди, ғалабага. Ҳамма аҳил бўлиб ўйнади. Иккинчи бўлимда кўпроқ хоҳладик.

- “Қўқон-1912” сиз кутган ўйинни кўрсатдими?
- Бизга қарши “Қўқон-1912” яхши ўйнади. Айниқса, биринчи таймда бизга нисбатан яхшироқ ўйнади.

- Урган шедевр голингизни кимга бағишлайсиз?
- Голимни дадамга бағишлайман. Ўйинни кўриш учун стадионга келишганди.

- Учрашувдан кейин дадангиз билан гаплашдингизми? Голингизга қандай муносабат билдирди?
- Дадам у қадар мақтамайди (кулади). Фақат “молодец” деди, бўлди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Сурхон"дан суперкамбэк! "Даҳшатли" гол муаллифи ўйиндан кейин нималар деганини биласизми?