«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Криштиану Роналду сўнгги йил давомида бошига тушган фожиа, клуб инқирозининг сабаблари, баъзи шов-шувли воқеалар ҳақида интервю берди.
Буюк Британиянинг The Sun нашри журналисти Пирс Морган «Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Криштиану Роналду билан суҳбатлашиб, сўнгги йилда унинг ҳаётида юз берган воқеалар ҳақида фикрини билиб олди.
«Сўнгги бир неча ойларда унга маломат тошлари отилмоқда, масхара қилинмоқда ва чексиз айбловлар қўйилмоқда. Энди унинг сабр косаси тўлди. Криштиану Роналду ҳаммасидан тўйди», деб ёзди Морган.
Биринчи навбатда, маломат, масхара ва айбловлар оммавий ахборот воситалари, клуб раҳбарияти, жамоадаги шериклари ва ҳатто собиқ жамоадошлари томонидан қилинмоқда.
Энг муҳими, у 32 та совринни қўлга киритган, жумладан, бешта «Олтин тўп», Чемпионлар Лигасидаги 5 та ғалаба, тўртта мамлакатда қўлга киритилган 7 та чемпионлик унвони ва Португалия билан Европа чемпионати ғолиби бўлса-да, элементар ҳурмат йўқлигидан тўйиб кетган.
37 ёшли Роналду футбол тарихидаги энг яхши тўпурарлардан бири, шунингдек у юлдузликнинг замонавий метрикаси бўлган «Инстаграм»да энг кўп обуначиларга эга, энг машҳур одамлардан бири. Унинг обуначилари сони ярим миллиардга яқинлашмоқда. Аммо ҳозир у ғазаб ва ҳурматсизликни ҳис қилмоқда ва энди жим турмоқчи эмас.
У Қатарга бешинчи ва катта эҳтимол билан сўнгги жаҳон чемпионатига йўл олишдан бурун ЎЗ фикрини айтишни хоҳлайди. Роналду ўзининг профессионал ва шахсий жиҳатдан «ҳаётидаги энг оғир дамлар» деб атаган даврга ойдинлик киритишни истайди.
«Манчестер Юнайтед» менга хиёнат қилди, Тен Ҳагни ҳурмат қилмайман, чунки у ҳам мени ҳурмат қилмайди
Роналду «Манчестер Юнайтед»да ўзига нисбатан қилинаётган муносабатни «хиёнат»дек ҳис этмоқда. Клубнинг иши юришмаётган паллада ўзини айбдор қилишаётганидан, «оқ қарға»дек тасвирлашаётганидан аччиқланади ва ҳозир уни фаол равишда клубдан сиқиб чиқаришмоқчи деб ҳисоблайди.
У бир йил давомида клубда уч нафар бош мураббий ўзгарганини айтади. Биринчидан, Роналду қайтганидан бир неча ҳафта ўтгач, бош мураббий Оле-Гуннар Сулшер ишдан бўшатилди. Португалиялик уни жуда ҳурмат қилишини айтади. Қолган икки мураббий Ралф Рангник ва ҳозирги менежер Эрик тен Ҳаг ҳақида яхши фикрда эмас.
Жумладан, ўн йилдан ортиқ футбол жамоасини бошқармаган Рангник ҳақида шундай деди: «Агар сиз ҳатто мураббий бўлмасангиз, қандай қилиб «Манчестер Юнайтед»ни бошқаришингиз мумкин? Мен у ҳақда ҳеч қачон эшитмагандим».
Роналду ўтган ойда, «Тоттенҳэм»га қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида захирадан тушишни хоҳламаган эди. Шундан сўнг, бош мураббий тен Ҳаг уни таркибдан четлатди. Роналду ўзини сўнгги дақиқада, худди қандайдир ўринбосар сифатида майдонга туширилишини ҳурматсизлик деб баҳолайди. Унинг тен Ҳаг ҳақидаги фикрлари кескинроқ: «Уни ҳурмат қилмайман, чунки у ҳам мени ҳурмат қилмайди. Агар мени ҳурмат қилмасангиз, мен сизни ҳеч қачон ҳурмат қилмайман».
Унинг энг шов-шувли танқидчиларига келсак, масалан, яна бир собиқ жамоадоши Уэйн Руни бир неча ойлар давомида Роналдуга очиқчасига ҳужум қилиб, «Юнайтед»ни ундан қутулишга ундаганини баландпарвоз сарлавҳалардан ўрин олишга интилиш деб баҳолайди ва бундан жирканади.
«Нега у мени бунчалик танқид қилишини билмайман... Эҳтимол, у фаолиятини якунлагани ва мен ҳали ҳам юқори савияда ўйнаётганим туфайлидир». Кейин у кулиб, қўшиб қўяди: «Кўринишим ундан яхшироқ демоқчимасман. Лекин бу ҳақиқат...»
Оилавий фожиа
Шу йилнинг апрел ойида Роналдунинг турмуш ўртоғи Жоржина туғиш пайтида эгизак фарзандининг биридан ажралди. Юракни эзувчи ушбу фожиада ўғил боланинг эгизак синглиси тирик қолди.
Лекин, қандайдир тарзда у футбол ўйнашга куч топди. Бунга қисман «Ливерпул» каби рақиб клуб мухлислари томонидан қўллаб-қувватланиши ҳам сабаб бўлди. Уларга қарши ўйиннинг еттинчи дақиқасида стадиондаги мухлислар «You’ll Never Walk Alone» (Сен ҳеч қачон ёлғиз кетмайсан) қўшиғини куйладилар (Роналду 7-рақамли футболкада ўйнайди). Роналду ҳиссиёт билан тан олади: «Бундай бўлишини ҳеч қачон кутмагандим».
Шунингдек, Буюк Британия қироллик оиласи ҳам унга ҳамдардлик хатини юборди. Бу ҳам уни худди аввалги воқеадек ҳайратда қолдирди.
Ажабланарлиси шундаки, ҳужумчи клуби томонидан унчалик қўллаб-қувватланмади. Роналду уларни «ҳамдардлик» йўқлигида айбламоқда. Айниқса уч ойлик қизи июл ойида шифохонага ётқизилганида ва Роналду у билан қолишни истаб, мавсумолди машғулотларига ўз вақтида келмаганида.
Криштиану «Юнайтед»нинг юқори мартабали раҳбарларига нега машғулотларга вақтида кела олмаслигини тушунтирган, аммо улар бу сўзлардан шубҳаланишган. Роналду бундан «қайғуга тушгани»ни ва «ўзини ёмон ҳис қилгани»ни айтади.
«Бу эртак шундай тугамаслиги керак эди», деб таажжубланади Морган.
«Сити» уни кутаётганида, Фергюсон фикрини ўзгартиради
14 ой олдин, Роналду шов-шувли тарзда «Манчестер Юнайтед» билан қайта шартнома имзолади ва футбол оламини ҳайратда қолдирди.
У «Юнайтед»нинг ашаддий рақиби «Манчестер Сити»га йўл олмоқчи бўлганида, буюк устози Алекс Фергюсоннинг шахсий мурожаати туфайли фаолиятини бошлаган клубига қайтди.
«Қалбим чақириғига қулоқ тутдим», дейди у қўлини кўксига қўйиб. «У (Алекс Фергюсон) менга: «Сен «Манчестер Сити»га ўтолмайсан», деди ва мен: «Хўп бўлади, бошлиқ», дедим».
«Орзулар театри» деб аталадиган «Олд Траффорд»даги биринчи ўйинида у «Ньюкасл» (4:1) дарвозасига иккита гол урди. Трибунада сэр Алекс ва ҳаяжондан йиғлаётган онаси томонидан олқишланди.
«Юнайтед»нинг хурсандликдан ақлдан озган мухлислари ўйиндан кейин соатлаб «Яшасин, Роналду» деб ҳайқиришди.
Унинг жамоадоши Маркус Рэшфорд ижтимоий тармоқда: «У ҳеч қачон кетмагандек туюляпти», деб ёзди.
Аммо тез орада аччиқ ҳақиқат юзага чиқди. Бу жамоа 2009 йилда тарк этган «Манчестер Юнайтед» клубидан жуда фарқли эди.
Жамоа олдинга ҳаракат қилмагани, уни бошқараётган одамлар савияси аввалгиларидан паст экани Роналдуни ҳайратда қолдирди. У машғулот хоналари, бассейн, технологиялар, спортзалдан тортиб ошхонагача (овқатланиш ва парҳез) яхшиланмаганидан ҳайратга тушди.
«Тараққиёт нолга тенг эди», деб хўрсинди у. «Сэр Алекс кетганидан бери клубда ҳеч қандай ривожланишни кўрмадим. Ҳеч нарса ўзгармабди».
Шунингдек, кўплаб ёш ўйинчиларнинг машғулотларга бепарво муносабатидан ҳайратга тушди.
«Агар муаммо менда бўлса, кетишга тайёрман»
Бундан ташқари, у кўп йиллик муваффақиятсизлик ва турғунликдан сўнг, «Юнайтед» энди дунёнинг энг яхши ўйинчилари билан шартнома имзолай олмаслигини билиб, ҳафсаласи пир бўлган, чунки бу уларнинг катта совринларни қўлга киритиш имкониятларини анча пасайтирар эди.
«Мухлислар ҳақиқатни билиши керак», дейди у. «Мен клуб учун энг яхшисини хоҳлайман. Шу сабабдан «Манчестер Юнайтед»га келдим».
«Аммо клуб ичида баъзи нарсалар борки, улар «Сити», «Ливерпул» ва ҳатто «Арсенал» каби юқори даражага чиқишга тўсқинлик қилади... Менимча, бундай ўлчамдаги клуб чўққида бўлиши керак ва афсуски ҳозир ундай эмас».
Роналду норозилигининг энг муҳим жиҳати – унинг мағлубиятни ёмон кўришидир. У ғалабали муҳитда ишлашни хоҳлайди – ҳозирги «Юнайтед»да эса бунинг борлигига ишонмайди. Вазиятни ўнглаш учун кескин қадамлар керак бўлиши мумкин, шу жумладан унинг кетиши ҳам.
У шундай дейди: «Пикассо айтганидек, бир нарсани яратиш учун, олдин бошқа нарсани йўқ қилиш керак. Агар улар ишни мендан бошламоқчи бўлсалар, бунда ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман».
«Манчестер Юнайтед»ни яхши кўраман, мухлисларни яхши кўраман, улар доим мен томонда. Агар улар вазиятни ўзгартиришни хоҳласалар... кўп нарсаларни, жуда кўп нарсаларни ўзгартириши керак», деб қўшимча қилди Роналду.
Сэр Алекснинг ҳозирги вазият ҳақида фикрига келсак, Роналду шундай деди: «Клуб муносиб йўлда эмаслигини у ҳаммадан яхши билади. У билади. Ҳамма билади. Буни кўрмаётган одамлар... шунчаки кўришни истамаяпти, улар кўр».
«Роналду бу интервюдан олдин яхшилаб ўйлаб кўрган»
Пирс Морган биринчи марта Криштианудан уч йил олдин, Италиянинг Турин шаҳрида, «Ювентус»да ўйнаб юрганида интервью олган эди.
«Биз тўрт соат давомида суҳбатлашдик. Шу вақтдан бери биз жуда кам учрашдик, лекин қалин дўст бўлиб қолдик. Биз кўп ёзишамиз ва гаплашамиз ва у ҳар доим мен билан жуда ростгўй. У жуда ақлли, ёқимтой йигит, бу интервьюни беришдан олдин жуда кўп ўйлаган», дейди у.
Журналистнинг фикрича, кўп ойлар давомида Роналдунинг ичида ғазаб ва умидсизлик бўлган. У футболга жиддий ёндашади, ғалабаларга эса бундан ҳам жиддий.
Роналду қўлга киритган мукофотлар кучли ва бардошли менталитетни, тинимсиз меҳнатсеварликни, шиддатли рақобат руҳи ва дунёда биринчи рақам эканига бўлган муросасиз ишончни талаб қилади.
«Роналду юқори даражада курашмайдиган клубга келиб қолгани, захирага ўтқазиб қўйишгани, ҳақорат қилишгани, ҳатто фаолиятида биринчи марта таркибдан четлатишгани туфайли қаттиқ зарбага учрагандек туюлиши мумкин. Чунки ўтган мавсумда у 24 та гол билан клуб тўпурари бўлганди. Лекин у ҳеч қандай алоҳида муносабатни талаб қилмайди, аммо ҳурмат кўрсатилишини истайди, чунки бунга лойиқман деб ҳисоблайди», деб таъкидлайди Морган.
Интервью якунида, Жоржина шовқин-суронли болалари билан келиб қолди. Улар Криштианунинг оёқларига ёпишиб олишди. Роналдуни болалари билан кўриш – бу қувончли, у худди она каби уларга меҳр улашади.
У шундай дейди: «Оилам мен учун ҳамма нарсадир. Айниқса, бошимизга тушган фожиадан кейин бу янада муҳим».
Аввалроқ, у ҳаётдан кўз юмган ўғли ҳақида камера олдида ҳаяжонланиб гапирди, бундан бўғилиб қолдим. Лекин у одамларнинг ўзига ачинишини истамайди. У ажойиб оилага эга, жуда бадавлат ва Худо берган иқтидорга эга одам эканини, бу иқтидор уни спорт тарихидаги энг муваффақиятли ва машҳур инсон қилганини яхши тушунади.
У одамлардан ачиниш эмас, балки бу йил бошидан кечирганларини тушунишларини ва бу воқеаларни нотўғри миш-мишлар орқали эмас, балки бевосита ўзидан эшитишини хоҳлайди.
Роналду кўприкларни ёқмоқдами?
«Бу достон қандай якунланганишини билмайман. Бу интервюдан кейин Криштиану Роналду қандай қилиб «Манчестер Юнайтед»га қайтишини тасаввур қилолмайман», деб ёзди Морган.
Аммо ҳозирча у бор эътиборини жаҳон чемпионатига қаратиб, «Португалия учун ғалаба қозониш»ни истайди, сўнгра, қайтиб келиб, «Юнайтед» билан муаммоларини ҳал қилмоқчи.
Нима бўлишидан қатъи назар, у ҳар доим клуб ва айниқса унинг мухлислари билан бирга бўлишини тушунтирди.
«Чунки бу футболдаги энг муҳим нарсалар. Мен улар учун ўйнайман. Улар доим мен томонда. Ҳар сафар кўчага чиққанимда, кўчада юрганимда мухлислар ёнимга келишини ва футбол учун қилган ишларимни қадрлашини ҳис қиламан.
Мухлислар мен учун ҳамма нарсадир. Шунинг учун бу интервюни беряпман, чунки мен ўз фикримни айтиш учун қулай вақт келганини ҳис қиляпман», деди Роналду.
Манчестер Юнайтед, Роналду, Шов-шувли интервью “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Трамп ғалабасидан кейин Қўшма Штатларни бутунлай тарк этишни режалаштираётган Голливуд юлдузлари
"Octagon 66" турнирида 5 нафар ҳамюртимиз иштирок этади