19:00 / 17.11.2022
1 421

Шомуродов устозини Италияга чорлади: "... шунинг учун ҳам Карпин А Серияда ишлашга қодир!"

Шомуродов устозини Италияга чорлади: "... шунинг учун ҳам Карпин А Серияда ишлашга қодир!"
20 ноябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси “Пахтакор” стадионида Россия миллий терма жамоаси билан халқаро ўртоқлик учрашувида куч синашади.

Бўлажак баҳсни мамлакатимиз бош жамоаси сардори Элдор Шомуродов учун аҳамияти катта. Чунки Россия миллий термасини айни пайтда ҳужумчимизга “Ростов”да ўйнаб юрган кезлари устозлик қилган Валерий Карпин бошқармоқда.

Россия футболини ёриб бораётган https://matchtv.ru сайти ўртоқлик ўйини олдидан Элдор Шомуродовнинг фикрларини футбол жамоатчилиги эътиборига ҳавола қилди.

- Аввал Россия терма жамоаси билан бирор маротаба ўйнамаганимиз боис, бўлажак ўйин ҳақида бирор аниқ фикр айтолмайман. Бироқ беллашув жуда қизғин ўтишини кутяпман.

Карпин ҳақидаги таассуротларим қандай? Бир нарсани аниқ айтишим мумкинки, Европада ўйнай бошлаган давримда унинг маслаҳатлари шароитга кўникишимда жуда қўл келди.

Профессионализм нуқтаи назаридан Карпин “Ростов”да ўйнаган пайтим жуда кўп кўмаклашган. Унинг маслаҳатлари орқали Европадаги фаолиятим анча енгил бошланди.

“Ростов”да тактика устида жуда кўп ишлардик, шунинг учун ҳам Карпин А Серияда ишлашга қодир
, - деди Элдор Шомуродов сайт ижодкорларига.

Элдор Шомуродов аслида “Машъал” тарбияланувчиси ҳисобланади. Кейинчалик “Бунёдкор”га кўчиб ўтган ҳужумчи 2017 йилда легионерга айланди.

Европа футболини кўзлаган сурхондарёлик футболчи уч йил мобайнида Россия премьер-лигасида маҳоратини тоблади. Футбол мутахассислари “Ростов” бош мураббийи сифатида ишлаган Валерий Карпин Элдорнинг ҳужумчи сифатида янги қирраларини очганини эътироф этишади.

Бундан ташқари, россиялик мутахассис 2020 йили мавсумнинг қизғин палласида жамоасининг асосий ҳужумчиси ҳисобланган Элдор Шомуродовни “Женоа”га кўчиб ўтишига имконият яратиб берди.

Шомуродов Генуя клубида бир мавсумда саккизта тўп киритганидан кейин унга бир неча жамоалардан чорлов бўлди. Элдор ўзи шахсан таниган мутахассис – Жозе Моуриньо таклифини қабул қилиб, “Рома”га кўчиб ўтди.

Афсуски, Элдорнинг Италия пойтахтидаги фаолияти ҳамма кутганидек силлиқ кечмаяпти. Моуриньо ҳамюртимизга кетма-кет иккинчи мавсум етарли ўйин амалиёти тақдим қилаётгани йўқ.

Январь ойида Италиянинг ўзидан бир неча клуб Шомуродовни ўз таркибига қўшиб олишга ҳаракат қилиши кутилмоқда. Потенциал харидорлар қаторида “Торино”, “Балонья”, “Сампдория”, “Монца” каби жамоалар тилга олинмоқда.

Шунга қарамай, Элдор Шомуродовнинг Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги фаолияти муваффақиятли давом этяпти. Ҳужумчимиз Қозоғистон футболчилари билан бўлган ўйинда рақиб дарвозасини ишғол қилиб, терма жамоамиз ғалабасини таъминлади.

Футбол трансферлари ва статистикасига ихтисослашган https://www.transfermarkt.world порталияда қайд этилишича, Элдор Шомуродов терма жамоа сафида 58 учрашувда голлари сонини 32 тага етказиб олди.

Шомуродов, Карпин, А серия, Италия, Россия

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов устозини Италияга чорлади: "... шунинг учун ҳам Карпин А Серияда ишлашга қодир!"