08:55 / 04.01.2023
1 145

Питер Хюистра: "Ўзбекистонда ишлашни хоҳлардим, аммо мени ҳайрон қолдиргани ҳеч бир клуб таклиф билан чиқмади"

Питер Хюистра: "Ўзбекистонда ишлашни хоҳлардим, аммо мени ҳайрон қолдиргани ҳеч бир клуб таклиф билан чиқмади"
Нидерландиялик мутахассис Питер Хюистрани мухлислар яхши билишади. Бир неча йил мобайнида “Пахтакор”да ишлади, сўнг бош мураббий сифатида ҳам фаолият кўрсатган ҳолда муваффақиятларга эришди.

Бу мутахассис айни пайтда Тошкентда юрибди. Шу фурсатдан фойдаланган ҳолда Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраев Хюистра билан боғланди.

- Жаноб Хюистра, ишларингиз яхшими? Билишимча, анча вақтдан буён Тошкентдасиз. Бирор жойдан иш топдингизми ёки доимий яшаш учун қайтдингизми?
- Мен кўп вақтимни Ўзбекистонда ўтказдим. Чунки менинг аёлим Тошкентдан. Мен кўпроқ “Doublepass” учун ишладим. Бу дунёдаги етакчи футбол консултация маркази. У ерда спорт директорлари учун инструкторлик қилдим. Швеция, Венгрия ва Руминиядан бўлган спорт директорлари учун инструкторлик вазифасини бажардим. Бу жуда яхши иш эди. Европадаги кўплаб ривожланган техникалар билан бирга ишлашимга ёрдам берди.

- Янги мавсумда юртимизда ишламоқчимисиз? Қайси клублардан таклифлар бор?
- Мен Ўзбекистонда, бирор клубда ёки федерацияда мураббий сифатида фаолиятимни давом эттиришни қаттиқ хоҳлардим. Чунки ўзбек футболига кўп нарса таклиф қила оламан, деб ўйлайман. Лекин ҳайрон қолдиргани шу пайтгача менга ҳеч қайси клуб ёки федерация таклиф билан чиқмади.

- “Пахтакор”дан кетганингиздан кейин сизни ҳеч қайси клубда кўрмадик. Мураббийликда танаффус олдингизми?
- Бошида бироз таътил олишни хоҳладим. Нега деганда, 10 йил давомида тинимсиз ишлаб келаётгандим. Лекин якунига етган йилнинг ёзида менга яна жўшқинлик ва энергия қайтиб келди. Шунинг учун футболдаги ишимга қайтдим. Ўз ишим ва касбимга яна қайтадан шўнғиб кетишга тайёр ҳолатда эдим, ўша даврда.

- “Пахтакор” 2022 йилги мавсумда ҳам чемпионликни қўлга киритди ва бу охирги турга келиб ҳал бўлди. Буни кутганмидингиз?
- Суперлига жуда шиддатли тарзда якунланди. “Насаф” ва “Навбаҳор” олдинги йиллардагига нисбатан бу сафар чемпионликка анча яқин келишди. “Насаф” ҳаттоки иккита ўйинда ғалаба қозонса чемпион бўларди. Лекин юқори босим туфайли ушбу ғалабаларни қўлга кирита олмади. “Пахтакор” эса бу каби вазиятларга жуда ўрганган ва мослашган жамоа. Шу жиҳатдан улар босимга яхши дош бера олишди.

- Ўзбекистон чемпионати ҳозир қандай даражада? Ўсишни кўряпсизми?
- Сўнгги йилда кўп ўйинларни кузатишга муваффақ бўлдим. Уларнинг кўпчилигида жамоалар ҳимоявий ўйнашга муваффақ бўлишди ва кам голлар урилди. Аммо чемпион бўлиш учун бу ерда ёки бошқа жойда сен ўзингни доминант футбол услубига мослаштиришинг керак. Доминантни қўлга олмасдан туриб чемпионлик ҳақида ўйлаш имконсиз.

- Чемпионатимизда “Пахтакор”дан ташқари яна қайси клубни ёқтирасиз?
- Позитив жамоа сифатида “Олимпик”ни кўрсатган бўлардим. Негаки, улар бутун мавсум давомида фақат ўз ўйинларини кўрсатишга ҳаракат қилишди. Ҳеч қайси жамоадан ўзларидан катталиги учун қўрқиб ўтиришмади. Ёш йигитлар катта ёшдаги рақибларидан қўрқмасдан ҳаракат қилишди.

- Мухлислар учун нима дейсиз?
- Менинг мухлислар билан алоқаларим зўр эди. Кўпчилиги кўчада кўришиб қолганида олдимга келишди ва футбол ҳақида бироз суҳбат қурдик. Уларнинг барчасига бахтли ва қувноқ саломатликдаги янги йилни тилаб қолган бўлардим.

- Дарвоқе, ўзбек мураббийлари орасида ҳурматингизни қозонган ва иш услубини ёқтирадиганлари борми?
- Рўзиқул Бердиев ва Тимур Кападзе мен учун ажралиб туришди. Бердиев ҳар мавсумда “Насаф”ни чемпионатнинг топ ўринларидан бирига етаклаб кела олади. Бу гал унга чемпионлик учун бир неча қадам етишмади. Кападзе эса ёшлар билан яхши ишлай олишини кўрсата олди.

- Ўзбек чемпионатида ишлаш орқали ўз сўзимни айта олганман, деб ўйлайсизми?
- Ўйлайманки, ўзимни мураббийлик жиҳатдан қобилиятларим ва имкониятларимни яхши кўрсата ҳамда ривожлантира олдим, деб ҳисоблайман. Аввалига Шота Арвеладзе билан бирга ишладик. Кейин барчасини ўз қўлимга олдим. Биз 6 та Кубок ютишга муваффақ бўлдик. Бизда аниқ ва замонавий ўйин фалсафаси, доминант футбол ҳамда ёш ўйинчилар билан бирга ёши катта ўйинчиларни ҳам янада ривожлантириш бўйича аниқ стратегия мавжуд эди. Буларнинг барчасини биз жаноб Ямбор ва Ткебучава билан биргаликда амалга оширдик. Биз Осиё Чемпионлар лигасида ҳам ўзбек клублари Осиёдаги исталган клуб билан ғалаба учун баҳс олиб бора олишини кўрсата олдик. Ўзбекистон чиройли мамлакат. Тошкент ва ўзбек халқини жуда яхши кўраман.

Шуҳратбек Жўраев.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Питер Хюистра: "Ўзбекистонда ишлашни хоҳлардим, аммо мени ҳайрон қолдиргани ҳеч бир клуб таклиф билан чиқмади"