18:25 / 02.02.2023
381

Элдор энди қутқарувчи ролида. «Специя» нега Шомуродовни танлади?

Элдор энди қутқарувчи ролида. «Специя» нега Шомуродовни танлади?
Фото: Специя
Ўзбекистонлик мухлислар узоқ кутган воқеа содир бўлди – Элдор Шомуродов «Рома»дан А Сериянинг бошқа клубига ўтди. «Специя» – камтаргина клуб, юлдуз футболчиси ёки номдор мураббийи ҳам йўқ. Аммо бу коллектив айнан Шомуродовга мос. У энди Римдагидек юлдузлар соясида ва захира ўриндиғида қолмайди.

Узоқ давом этган сериал: «Торино»дан «Лилль»гача

«Специя» клуби душанба куни «Рома»дан Элдор Шомуродовни трансфер қилгани ҳақида эълон қилди ва уни А Серияда рўйхатдан ўтказди. Лигурияликлар ўзбек футболчисини сотиб олиш шартисиз 1,5 миллион евро эвазига мавсум охиригача ижарага олган. У янги клубида ҳам 14-рақамни танлади.

Sky Sports хабарига кўра, «Рома» бош директори Тьяго Пинто Элдорга асосий даъвогар бўлган «Торино» техник директори Давиде Вагнати билан Миланда учрашган, аммо Турин клуби раҳбарияти Шомуродов бўйича ўз позициясини ўзгартирмаган – сотиб олиш шартисиз ярим мавсум учун 1 миллион евро таклиф қилинган.

Инсайдер Ди Марцио хабарига кўра, Элдор Италия А Сериясидан Франция чемпионатига кўчиб ўтиши ҳам мумкин эди. Ўзбекистонлик ҳужумчининг трансфери бўйича Рим клуби «Лилль»дан таклиф олган. Паулу Фонсека мураббийлигидаги французлар форвардни 10 миллион еврога сотиб олиш шарти билан ижарага олишга тайёр эди. Аммо Шомуродовнинг ўзи Италияда қолишни афзал билган.

Унинг ёзишича, ўзбекистонлик 27 ёшли ҳужумчи ҳозиргача хориж клубларидан тушган 3та клуб таклифини рад этган. Булар – Франциянинг «Лилль», Испаниянинг «Вальдолид» ва Германиянинг «Байер» клублари экани айтилмоқда. Италияда Элдорни «Специя»дан ташқари, «Кремонезе» ва «Торино» сўнгги паллагача ўз сафига қўшиб олишни истаган. Ўзбекистонлик ҳужумчи ҳам узоқ вақт Турин клубига ўтишни истаган, аммо римликлар бу клуб таклифини қабул қилмагач, «Торино»дан ярим миллион евро кўпроқ таклиф қилган «Специя» танловига тўхтаган.

«Женоа»га қўшни бўлган шаҳар номи билан аталувчи клуб

Шу ўринда Италиянинг Специя шаҳри ва унинг номи билан аталмиш клуби ҳақида қисқача маълумот берсак. «Специя» кўп жиҳатдан Элдорнинг собиқ клуби «Женоа»га ўхшаш жамоа. Специя – Лигурия денгизи қирғоғидаги шаҳар бўлиб, аҳолиси 100 минг кишига яқин.

Фото: Reuters
Генуядан 100 километр узоқликдаги ушбу шаҳар жамоаси 1906 йилда ташкил топган бўлиб, ўз тарихида катта ютуқларга эришмаган. Клубнинг уй стадиони «Альберто Пикко» ўйингоҳи саналиб, 10 минг томошабин сиғимига эга.


Лигада қолиш учун курашаётган аутсайдер

«Специя» клуби 2020/21 йилги мавсумда В Сериядан А Серияга йўлланма олиб, икки мавсумдан буён элитадаги ўрнини сақлаб қолмоқда. Клуб икки йил аввал 15-ўринни эгаллаб лигада қолиш вазифасини уддалаган бўлса, ўтган мавсум 16-ўринни эгаллаб А Серияда қолишни амаллади.

Фото: Getty Images
Жорий мавсумда эса Италия чемпионатида 18 очко билан 17-ўринда бормоқда. Клуб 20 ўйинда бор йўғи 4та ғалаба, 6 дуранг ва 10 марта мағлубиятга учраган. Жамоа А Серияда охирги 5 ўйинда фақатгина «Торино»дан устун келди. Олдинда эса уларни «Наполи» кутиб турибди.

Нега айнан Шомуродов?

Сўнгги бир йил давомида ҳамюртимизга қизиққан клублар рўйхати жуда узун бўлиб, «Торино», «Верона», «Болонья», «Сампдория», «Монца», «Кремонезе» сингари Италиянинг ўртамиёна клубларини учратиш мумкин эди. Аммо «Специя» бу рўйхатда бор йўғи 10 кун аввал пайдо бўлди ва Элдорни илиб кетди. Гап шундаки, ушбу жамоанинг асосий форварди Мбала Нзола 19 январь кунги «Аталанта»га қарши ўйиндан кейин кутилмаганда жароҳат олиб, камида бир ойга сафдан чиқиши ойдинлашгач, лигурияликлар раҳбарияти шошилинч тарзда янги ҳужумчини қидириш ҳаракатига тушган ва Шомуродовни ижарага олиш танловига тўхтаган.

Ўйини ва гавда жиҳатдан Ромелу Лукакуни эслатиб юборадиган Нзола жамоанинг энг яхши голеадори бўлиб турибди. 26 ёшли анголалик форвард А Серия жорий мавсумида 18 ўйинда 9та гол, Италия кубогида 2 баҳсда 2та голга муаллифлик қилган. «Специя» А Серияда 17-ўринда бўлса-да, Нзола тўпурарлар пойгасида Осимҳен (14), Лукман (12), Лаутародан (11) кейинги 4-ўринда бормоқда.

Фото: Getty Images
«Специя» тўпурари 19 январь куни жароҳат олиб камида бир ойга сафдан чиққач, клуб унинг ўрнини Шомуродов тўлдиришига умид қилмоқда. Таққослаш учун, Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси жорий мавсум Рим клуби сафида жами 9 ўйинда майдонга тушиб, фақат Италия кубоги ва Европа лигасида ўз ҳисобига 2та гол ёзиб қўйган.

Тўғри, статистика жиҳатдан Элдор айни дамда Нзола билан бас кела олмайди. Янги ҳужумчини таклиф этишда «Специя» раҳбарияти буни инобатга олгани аниқ. Аммо улар бир жиҳатга эътибор қаратишгани тайин – Элдор Лука Готти мураббийлигидаги «Специя»нинг ўйин услуби – асосан қанотлардан узатма ва қарши ҳужумда янги жамоасига фойда келтира олади. Бу жиҳатдан Элдор учун А Серия жорий мавсуми энди бошланади, дейиш мумкин. Ҳар ҳолда Шомуродов икки йил аввал «Специя»дек вазиятда қолган «Женоа»ни аутсайдерлар қаторидан ўртамиёналар сафига олиб чиқишда муҳим роль ўйнаганди.

Шомуродов - «Специя»нинг энг қиммат 3 футболчисидан бири

Transfermarkt порталига кўра, «Специя» таркибининг умумий қиймати бўйича А Серияда 17-ўриндан жой олган. Улардан пастда «Сампдория», «Лечче» ва «Кремонезе» жой олган. Специяликлар таркибининг умумий трансфер баҳоси – 81,7 миллион еврони ташкил этади.

Ўзбекистонлик 27 ёшли футболчи 7 миллион евро нарх билан клубнинг энг қимматбаҳо 3-футболчисидир. Ҳужумчилари орасида эса энг қиммати. Шомуродовдан қимматроқ футболчилар – уэльслик ҳимоячи Итан Ампаду (9 млн евро) ва италиялик яримҳимоячи Симоне Бастони (7,5 млн евро) саналади.

Фото: Getty Images
Элдор «Наполи»га қарши дебют қиладими?

«Специя» навбатдаги икки уй учрашувида пешқадам «Наполи» ва аламзада «Ювентус»га қарши саф тортади. Элдор Шомуродов аллақачон жамоа машғулотларига қўшилган ва уни А Серия етакчисига қарши баҳсда майдонга тушишини кутиш мумкин. Сабаби, Нзола жароҳат олганидан кейинги ўтган икки баҳс – «Рома» ва «Болонья»га қарши ўйинда бош мураббий Готти Мальдинилар сулоласи вакили Даниэль Мальдини, италиялик Даниэле Верди, ганалик Эммануэль Гьяси, колумбиялик Кевин Агудело сингари ҳужумкор футболчиларга имконият берди, аммо «Специя» икки ўйинда ҳатто гол ҳам кирита олмади (0:2, 0:2).

Қолаверса, шу куни Нзоладан ташқари, жароҳат ва дискавалификация сабабли Бастони, Зурковски, Коваленко, Жуан Моутиньо ҳам таркибда бўлмайди. Шундай экан, Шомуродовни 5 февраль, якшанба куни соат 16:30да бошланадиган «Наполи»га қарши ўйинда дебют қилишини кутишга ҳақлимиз. Элдор учун ҳам ўтган тур Неаполда, куни кеча эса кубокда мағлубиятга учраган «Рома» ва Моуриньога ўзини кўрсатишга бундан-да яхши имкониятни тасаввур қилиш қийин эди.

Усмон Ибодов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор энди қутқарувчи ролида. «Специя» нега Шомуродовни танлади?