00:39 / 16.02.2023
820

Шомуродов – асосий “қурол” бўлади!

Шомуродов – асосий “қурол” бўлади!
Элдор Шомуродов кўчиб ўтган “Специя” жамоасини мавсум охиригача жиддий кураш кутмоқда. Лигурияликлар сўнгги тўртта учрашувда атиги бир очко қозонгани жамоанинг мусобақа жадвалидаги позициясини хавфли ҳудудга яқинлаштириб қўйди.

Кейинги поғонада турган “Верона” охирги тўртта ўйинда “Лечче” ва “Салернитана”ни мағлубиятга учратди, “Удинезе” ва “Лацио” каби қудратли клублар билан дурангга эришди. Бунинг натижасида улар бир поғона юқорида турган “Специя” билан очколар орасидаги катта фарқни иккитагача қисқартиришга муваффақ бўлди.

Қизиғи шундаки, “Верона” ҳам январь ойида бир неча клублар қаторида Элдор Шомуродовга харидор бўлганди.

Бу ёғига юқори дивизионда қолиш учун кураш анча қизийди. Қоидага кўра, А Серияда охирги учта поғонани эгаллаган жамоалар лигани тарк этади. “Сампдория” ва “Кремонезе” бундан қутилиб қолиши жуда қийин. Кураш асосан “Верона”, “Специя” ва “Салернитана” ўртасида кечиши кутилмоқда.

“Специя” хўжайинлари вазиятдан хавотирга тушиб қолган. Улар бош мурабби Лука Готтига оғир шарт қўйди. Агар жамоа бўлажак икки турда ижобий натижа қайд эта олмаса, жамоа бошқаруви бошқа мутахассисга берилади. Клуб мутасаддилари бир неча мураббий билан музокара олиб бораётгани ҳам айтилмоқда.

Бўлажак рақиблар жиддий. “Специя” 19 февраль куни ўз майдонида “Ювентус”ни қабул қилади. Бир ҳафтадан кейин жамоа “Удинезе” меҳмони бўлади.

“Специя” бор эътиборни “Ювентус”га қарши ўйинга пухта тайёрланишга қаратган. Турин клубида ҳам вазият кўнгилдагидек эмас. Молиявий фирибгарликлар исботланганидан кейин жамоа ҳисобидан 15 очко олиб ташланди. Чемпионлар лигаси учун курашаётган жамоа бу имкониятни қўлдан чиқарганидан кейин кўп ўйинчиларнинг иштиёқи йўқолган. “Специя”нинг эса бўшашишга ҳаққи йўқ.

Лигурия клуби фаолиятини ёритаётган нашрлар, хусусан, https://www.calciospezia.it ҳамда https://www.acspezia.com каби сайтларнинг ёзишича, Лука Готти ҳужум чизиғида асосий қурол сифатида Элдор Шомуродовдан фойдаланишга қарор қилган.

Ҳозир мураббийлар штаби Элдорга шерик сифатида қайси футболчидан фойдаланиш ҳақида бош қотирмоқда. Тўққизда гол билан жамоанинг энг зўр тўпурари бўлиб турган Мбала Нзола жароҳатларидан фориғ бўлиб, умумий гуруҳ машғулотларида шуғулланаётганига бир ҳафта бўлди. Лука Готти “Эмполи” билан бўлган баҳсда уни майдонгу туширишга ботина олмади.

Иккинчи номзод эса, “Эмполи” дарвозасини икки маротаба ишғол қилган Даниэле Верде ҳисобланади. Верде жамоа Шомуродовни олиб келганидан кейин “Специя”ни тарк этишга уринган эди. Лекин унинг агентлари трансферни амалга оширишга улгурмади. Лигурияда қолишга мажбур бўлган Верде ниҳоят жорий мавсумдаги голлари ҳисобини очишга муваффақ бўлди.

Биз учун муҳими, Лука Готти “Рома”дан ярим мавсумга олинган Элдор Шомуродовга ишонч билдиришда давом этаётганидир. Легионеримиз билан олдинги чизиқда Верде, Нзола ёки Эммануэль Гьясси ўйнайдими, бунисининг фарқи йўқ.

Элдор Шомуродов эса, ўйин амалиётига эга бўлаётганини қадрлаб, тезроқ голлари ҳисобини очишни тилаб қоламиз. Зеро, унинг А Сериядаги келажаги мавсумнинг қолган қисмини қандай ўтказишига боғлиқ.

"Специя" ва "Ювентус" ўртасидаги учрашув 19 февраль куни Тошкент вақти билан 22:00 да бошланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов – асосий “қурол” бўлади!