21:31 / 20.02.2023
598

Бунақаси деярли учрамайди: Шомуродовга доир иккита қизиқ маълумот!

Бунақаси деярли учрамайди: Шомуродовга доир иккита қизиқ маълумот!
Италия чемпионатининг 23-турида Элдор Шомуродов ўйнаётган “Специя” жамоаси ўз майдонида Туриннинг “Ювентус” жамоасини қабул қилди ва 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди.

Бу баҳсни легионеримиз илк дақиқалардан бошлаб, бутун беллашув давомида фаол ҳаракат қилди. Элдор “Наполи” ва “Эмполи”га қарши ўтказилган аввалги икки беллашувга қараганда янги жамоасидаги учинчи учрашувида яхшироқ ўйнади.

Турин клуби ҳимоячилари Даниэле Ругани ва Данило Шомуродов ҳужумларини тўхтатиш ва унга қарши курашда анча тер тўкишига тўғри келди. Ҳужумчимиз бир неча вазиятларда машҳур рақибларидан устунлик қилган ҳолатлар бўлди.

“Специя” ва “Ювентус” учрашувида футбол тарихида кам кузатиладиган вазият содир бўлди. Беллашувда ҳар икки жамоа дарвозасини қўриқлаган посбонлар – Маттиа Перин ва Федерико Маркетти Элдор Шомуродов билан бирга бундан икки йил муқаддам “Женоа” шарафини ҳимоя қилган эди.

Учрашув бошланишидан олдин, футболчилар майдонга чиқиш арафасида Элдор Шомуродов туринликлар дарвозабони Маттиа Перин билан алоҳида сўрашгани шу билан боғлиқ.

Ўйинда Элдор рақиб дарвозасига хавф солиб турди. Бир вазиятда италиялик тажрибали посбон Шомуродовнинг дарвозага тўғри йўллаган зарбасини ушлаб қолди.

Бу баҳсда “Специя” сафида асосий дарвозабон Бартоломей Дронговский жароҳат олгани боис, биринчи бўлим ўрталарида ўрнини 40 ёшли Федерико Маркеттига бўшатиб берди.

Элдор Шомуродов ва унинг жамоадоши Федерико Маркеттига тегишли иккинчи қизиқарли маълумот шундан иборатки, италиялик посбон А Сериядаги сўнгги учрашувини бундан қарийб икки йил муқаддам – 2021 йилнинг 15 май куни “Женоа” сафида ўтказган экан.

Ўшанда Маркетти генуяликлар ўз майдонида “Аталанта”га қарши ўтказган баҳсида “женоа” дарвозасини қўриқлаган ва тўртта гол ўтказиб юборган. Ўша баҳсда иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушган Элдор Шомуродов бергамоликлар дарвозасини икки маротаба ишғол қилган эди. Бу Шомуродовнинг Италиядаги фаолияти давомида ҳозирча ягона “дубли” бўлиб турибди.

Беллашув 3:4 ҳисобида “Аталанта” фойдасига ҳал бўлган.

Элдор Шомуродов “Женоа”да ўйнаган кезлари жами 32 та учрашувда майдонга тушиб, саккизта гол ва иккита ассист қайд этган.

Кейинги мавсумда “Рома” ўзбек футболчисини 18 миллион евро эвазига трансфер қилди. Легионеримизнинг пойтахт “бўрилари” сафидаги статистикаси 48 та беллашувда қайд этилган олтитадан гол ва голли пасдан иборат.

“Специя” ҳужумчимиз учун А Сериядаги учинчи жамоа ҳисобланади.

Ўз навбатида, 2020-2021 йилги мавсумда “Женоа”ни юқори лигада сақлаб қолган дарвозабонлар – Маттиа Перин ва Федерико Маркетти Италия футболида анча машҳур футболчилардан. Улар ўз даврида Италия терма жамоасига ҳам жалб этилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бунақаси деярли учрамайди: Шомуродовга доир иккита қизиқ маълумот!