19:40 / 25.02.2023
539

Эртанги баҳсда Шомуродовга жой борми?

Эртанги баҳсда Шомуродовга жой борми?

26 февраль куни Элдор Шомуродов ўйнаётган “Специя” А Сериянинг 24-турида сафарда “Удинезе” меҳмони бўлади. Бу баҳс лигурияликларнинг янги бош мураббийи Леонардо Семпличи учун дастлабки синов вазифасини ўтайди.

Бўлажак баҳс ҳар икки жамоа учун муҳим аҳамият касб этади. “Удинезе” ҳамон Еврокубокларга йўлланма берадиган ўринга даъвогарлик қилмоқда. Ҳозир Андреа Соттил шогирдлари еттита ғалаба, тўққизта дуранг ва еттита мағлубият билан 30 очко жамғарган ҳолда ўнинчи поғонада бормоқда. Удинеликларни халқаро мусобақаларга йўлланма берадиган сўнгги ўрин – еттинчи қатордаги “Ювентус”дан атиги икки очко ажратиб турибди.

Еттинчи ўрин учун кураш энг қизғин кечадиган рақобатга айланиб қолган. Европа майдонига йўлланма берадиган бу ўринга “Ювентус”, “Болонья”, “Торино”, “Удинезе”, “Монца” ва “Эмполи” ҳам курашиш имконига эга.

“Удинезе”нинг таркиби анча кучли. Бу жамоада словениялик Яка Бийол, испаниялик Жерар Деулофеу, германиялик Лазар Самарджич, аргентиналик Роберто Перейра, франциялик Флориан Товен, португалиялик Бету каби таниқли футболчилар жамланган.

“Специя” эса, А Сериядаги жойини сақлаб қолиш учун курашмоқда. Янги бош мураббий Леонардо Семпличи агар бу ишни уддаласа, лавозимида қолиб, камида яна икки мавсум ишлаш имконига эга бўлади.

Лигурияликларни қуйи лигага йўл очадиган хавфли ҳудуддан атиги икки очко ажратиб турибди. Жамоага ғалаба сув ва ҳаводек зарур.  

Аслида “Удинезе” жамоаси “Специя”дан ҳар томонлама кучли экани эътироф этиб келинади. Бироқ, масаланинг қизиқ томони шундаки, ўзаро рақобатда устунлик “Специя” томонида экан.

Бу жамоалар ўзиро саккиз маротаба тўқнаш келган. “Удинезе” А Сериядаги еттита баҳсдан иккитасида зафар қучган. “Специя” ҳисобида учта ғалаба бор ва яна иккита беллашувда кучлар тенг келган.

Италия кубоги доирасидаги ягона ўйинда лигурияликлар ғалабани тантана қилган. Ўз навбатида, тўплар нисбатидаги устунлик ҳам “Специя” томонида – 16:9.

Мутахассислар Леонардо Семпличи бўлажак баҳсда қайси ҳужумчидан фойдаланишини таҳлил қилмоқда. Флоренциялик мутахассиснинг ўзи Элдор Шомуродов ҳам, Мбала Нзола ҳам жамоа учун муҳим ва қадрли эканини, тез орада машғулотлар орқали уларнинг ўрнини белгилаб олишини айтганди.

Учрашув олди тафсилотларини ёритаётган сайтлар экспертларининг таркиб борасидаги фикрлари бир жойдан чиқмаяпти.

Хусусан, https://www.calciospezia.it сайти вакиллари янги мураббийлар штаби бўлажак ўйинда жамоанинг энг яхши тўпурари Мбала Нзолага суянишини тахмин қиляпти. Уларнинг  таркиби қуйидагича:

“Специя” (4-2-3-1): Драговски; Амьян, Калдара, Николау, Реца; Ампаду, Бурабия; Грин, Агудело, Гьяси; Нзола.

Яна бир нуфузли манба –  https://footballnews24.it сайтининг икки эксперти Бенедетта Сегетти ва Алессандро Анжели Леонардао Семпличи Элдор Шомуродовни илк дақиқалардан ўйнатишини таъкидлаб, қуйидаги таркибни ҳавола этди:

“Специя” (3-5-2): Драговски; Амьян, Калдара, Николау; Гьяси, Ампаду, Бурабия, Агудело, Реца; Нзола, Шомуродов.

Айрим манбалар, Леонардо Семпличи вазиятдан келиб чиқиб, ҳужумга зўр беради, деган фикрни илгари сурмоқда. Улар тажрибали мураббийдан ҳужум учлигидан фойдаланишини кутяпти. Бу вазиятда Мбала Нзола марказий ҳужумчи вазифасини бажаради, ўнг қанотдан Даниэле Верде, чап томондан Элдор Шомуродов рақиб дарвозасига босим уюштириши талаб этилади.

Бўлажак беллашув 26 февраль куни Тошкент вақти билан соат 22:00 да бошланади.


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Эртанги баҳсда Шомуродовга жой борми?