"Пахтакор" ярим ҳимоячиси Сардор Рашидов "Қайрат"га қарши учрашувдан сўнг фикрлари билан ўртоқлашди.
Футболчи бугунги учрашувда ажойиб зарба билан рақиб дарвозасини ишғол қилиб жамоасининг голларидан бирига муаллифлик қилди.
"Ўйин қизиқ ўтди. Биринчи навбатда ноқулай об-ҳаво шароитига қарамасдан стадионга келиб қўллаб-қувватлаб туришди. Расмий беллашувлар олдидан охирги ўртоқлик ўйинимизни кўтаринки руҳда якунладик. Суперлига ва Ўзбекистон кубогида ғолиблик учун курашамиз. Биласиз "Пахтакор" доим ўз олдига юқори мақсадларни қўяди", - дейди Сардор Рашидов.
- "Пахтакор"га қайтишингизни гол билан нишонлашни кутганмидингиз?
- Кутиш ёки кутмаслик эмас, гол уриш ниятим бор эди. "Пахтакор"даги сўнгги голимни ҳам "пушка" услубида ургандим. Буни қарангки, қайтишим ҳам шундай бўлди. Давомли бўлсин.
- Жамоага кеч қўшилдингиз. Спорт формангиз қандай?
- 100 эмас, 70-80 фоиз яхши ҳолатда дея оламан. Ўйинларгача янада оптимал ҳолга киришга ҳаракат қиламан.
- "Пахтакор"да нима ўзгарган?
- Бугунги "Пахтакор"да ҳамма нарса ўзгарган. Максим Шацких ўзи ҳам футбол ўйнаган. Шу боис қўл остидаги шогирдларини ҳам тушунади. Ўйлайманки, бу мавсум ОЧЛда ҳам яхши натижа кўрсатамиз.
- Узоқдан кўп бор чиройли голлар урасиз. Бунинг сири борми?
- Ҳаммаси худодан. Биз фақат тепамиз, холос.
- "Пахтакор"га ОЧЛда ҳам ёрдам берасизми ёки ёзда бошқа жамоалардан таклиф тушса клуб қўйиб юборадими?
- Бу саволингизга жавоб бера олмайман.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг