08:41 / 06.03.2023
1 071

Шомуродов асосий таркибда ўйнаши учун бош мураббий шарт қўйди!

Шомуродов асосий таркибда ўйнаши учун бош мураббий шарт қўйди!

Элдор Шомуродов “Рома”да етарли ўйин амалиётига эга бўлмаётгани учун Римдан кетишга қарор қилган эди. Узоқ муддатли музокаралардан кейин легионеримиз январь ойи охирида А Серия аутсайдерларидан бири “Специя”га ижара асосида кўчиб ўтди.

Ўзбек ҳужумчисини ўз жамоасига таклиф қилган аввалги бош мураббий Лука Готти ҳамюртимизни кетма-кет икки учрашувда илк дақиқалардан ўйнатди. Унга асосий таркиб ҳужумчиси сифатида муносабатда бўлди.

Бироқ, клуб раҳбарияти қониқарсиз натижалар туфайли Лука Готтини истеъфога чиқариб, ўрнига Леонердо Семпличини олиб келди.

Янги бош мураббийнинг танлови бошқача бўлиб чиқди. Бу мутахассис мана кетма-кет иккита баҳсдан бери Шомуродовни захирада олиб қолмоқда ва ўйин охирида бир неча дақиқага майдонга туширяпти.

“Специя”  Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчисини ярим мавсум ўйнатиш учун “Рома”га 1,5 миллион евро ижара ҳақи тўлаган. Шу боис, кўпчилик мутахассислар ва лигуриялик мухлисларни Семпличи қачон Шомуродовга кўпроқ имконият бериши қизиқтирмоқда.

“Специя”нинг “Верона”га қарши ўтказган учрашувидан кейинги матбуот анжуманида Леонардо Семпличи Элдор Шомуродов борасида ҳам фикрларини билдириб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, бу баҳсда Элдор 75-дақиқада майдонга тушиб, анча фаол ўйнади. Ҳамюртимиз жамоасининг ҳужумларини кучайтира олди. Жамоадошини гол уриш учун қулай позицияга чиқарди.

Леонардо Семпличи Элдорнинг ҳаракатларига ҳам муносабат билдирди.

- Элдор Шомуродов ва Виктор Коваленко майдонга тушганидан кейин ўйинга яхши киришиб кетди. Бу футолчилар ҳар доим баҳсга киришишга тайёр ва айнан мана шу хусусият бизнинг кучли томонимиз ҳисобланади.

Мен олдимиздаги мақсадларга етишиш учун бир бўлиб ҳаракат қила оладиган кучли жамоа шакллантиришни мўлжаллаганман. Бир неча футболчилар илк дақиқалардан ўйнаш салоҳиятига эга. Хусусан, Элдор Шомуродовдан ҳам бошланғич таркибда фойдаланишим мумкин. Бунинг учун ҳужум чизиғидаги балансни топишимиз, Шомуродов бу танлов тўғрилигини исботлаши шарт.

Бизда гол ураётган футболчилар кўп эмас. Узоқдан зарба беришга ҳам тайёргарлик кўряпмиз. Ўйинчиларда ўзига бўлган ишончни кучайтиришимиз талаб этилади. Айниқса, учрашувларнинг финал қисмини самарали ўтказиш кўп нарсани ҳал қилади.

Асосий тўпураримиз Мбала Нзола ҳужумда шерик билан ўйнай олади. Бу футболчи ҳам Элдор Шомуродов каби биз учун жуда қадрли, - деди Леонардо Семпличи.

“Специя” 25-турдан кейин очколари сонини 21тага етказиб олди ва жамоа мусобақа жадвалида 17-поғонада бормоқда. Лигурияликларнинг энг яқин таъқибчиси “Верона” уч очко ортда қолмоқда.

Элдор Шомуродов жамоаси кейинги учрашувни ҳам ўз мухлислари кўз ўнгида ўтказади. “Специя” 10 март куни “Интер” билан беллашади.


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов асосий таркибда ўйнаши учун бош мураббий шарт қўйди!