Ўзбекистон U-20 терма жамоамиз юртимизда ўтган Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритиб, халқимизни ниҳоятда қувонтирди.
Вакилларимиз ҳақли равишда чемпион номига сазовор бўлди. Бунда албатта, жамоамизнинг ҳар бир футболчиси муносиб ҳисса қўшди. Уларнинг орасида иқтидорли ярим ҳимоячи Шерзод Эсонов ҳам бор. Ушбу ўйинчига ҳамма вақт мураббийлар штабининг ишончи катта бўлган. Осиё чемпионлиги қўлга киритилгач, футболчига саволлар билан мурожаат қилдик.
- Аввало, финал ҳақида сўрамоқчи эдим. Ўйиндан олдин ҳаяжон кучлимиди?
- Финалдаги ғалабамизни Ўзбекистон халқига, Юртбошимизга бағишлаймиз. Ўйинда бизга босим бўлгани йўқ. Чунки бунақа тепмда, 35 минг мухлис қаршисида тўп суришга ўрганиб бўлдик. Бизга асло босим бўлгани йўқ. Қайтанга, ишқибозларимиз жамоамизга катта мотивация бағишлаб турдилар. Ўйиндан олган ҳиссиётларимни оддий сўз билан тушунтириб бера олмайман. Худога шукр, халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлди.
- Ярим финалда терма жамоамиз пенальтилар сериясида ғалаба қозониб жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганди. Бу эса терма жамоамизга янада куч бағишлади-а? Ҳар ҳолда бўшашишлик кузатилмадими?
- Шундан кейин жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилганидан сўнг елкамиздан қандайдир тоғ ағдарилди. Асосий мақсадимиз жаҳон чемпионатига чиқиш эди. Вазифани бажарганимиздан кейин ўзимизни жуда ҳам енгил ҳис қилдик.
- Финалда учрашув ўзгача руҳда ўтди. Шахсан Юртбошимиз ҳам бевосита стадионда терма жамоамизни қўллаб-қувватлаб турди. Мазкур баҳсга тайёргарлик қандай бўлганди? Яъни, финалгача ва финалдан кейинги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз
- Ҳаммасини оддий сўз билан таърифлаб бера олмайман. Юртбошимиз шахсан ўзлари стадионда бизни кузатиб, жамоамизга мухлислик қилди. Каттакон раҳмат. Ўйинга келадиган бўлсак, Ироқ терма жамоаси билан гуруҳда ҳам ўйнагандик. Рақибнинг бизга қарши анчагина тайёргарлик кўргани кўриниб турганди. Улар ўйиндан-ўйинга кучайиб боришди ва финалгача бежиз етиб келмагандилар. Ўйин томонлама кучайди. Ироққа қарши гуруҳ босқичидаги учрашувга қараганда финалда қийналдик.
- Тақдирлаш маросимида Муҳтарам Юртбошимиз томонидан тақдирланаётган чоғингизда нималарни ҳис қилдингиз?
- Бу ҳаётимдаги энг ёрқин лаҳзалар эди. Буни таърифлаб бера олмайман. Менинг энг бахтли онларим бўлди. Қолаверса, ота-онам ҳам стадионда эди. Ҳаммасига гувоҳ бўлдилар. Юртбошимиз, ота-онам ва минглаб мухлисларимиз қаршисида чемпионликни қўлга киритиш ўзгача ҳиссиётларни берди.
- Чемпионликдан кейинги кеча қандай ўтди?
- Хурсандчилик ҳукм сурди. Бутун халқимизни хурсанд қила олганимиздан бахтли эдик. Осиё чемпиони бўлишнинг гашти бошқача. Юртбошимизнинг ўзи стадионда кузатиб тургани барибир бошқача, жуда ва жуда ёқимли эди. Ҳалигача ютганимизга ишонмаяпман. Бу худди тушга ўхшайди. Худога шукр, юзимиз ёруғ бўлди.
- Терма жамоамиз энди Индонезиядаги жаҳон чемпионатида қатнашади. Футболчи сифатидаги орзуларингиз ҳам ушалиб боряпти. Табиийки, мундиалга янада жиддий тайёргарлик кўрилади. Имкониятимизни қандай баҳолаяпсиз?
- Албатта, тайёргарлик жуда зўр бўлади, деб ўйлайман. Чунки жаҳон чемпионати катта мусобақа. Мундиалда Ўзбекистон байроғини баланд кўтармоқчимиз. Ҳозирча ўқув-машғулот йиғинлари ҳақида аниқ маълумотга эга эмасман. Аммо Европа жамоаларига қарши ўйинлар бўлади.
Шуҳратбек Жўраев.
Ўзбекистон U-20, Шерзод Эсонов, Ярим ҳимоячи, Осиё чемпиони “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг