Про лига 2-тури доирасида Самарқандда ўтган «Динамо» - «Юниред» (1:0) ўйинидан кейин Вадим Абрамов ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
«Самарқанд дербиси ҳам дербиларга мос ва хос ўтди. Ўйин кутганимиздан оғирроқ кечди. Рақибимиз муносиб жамоалигини кўрсатди, улар майдонда жанг қилишди, охиригача курашишди. Мухлислар жанговар баҳс гувоҳига айланишди. Йигитлардан миннатдораман, қийин баҳсда ғалаба қозондик.
Бугунги ўйинимиз менга ёқмади. Биринчи бўлимда ўз ўйинимизни кўрсатгандек бўлдик, иккинчи бўлимда эса эса ўйиннинг боришини улар белгилашди.
Ўйин бу қадар асабий ва жанговар ўтишига «Юниред»даги йигитларнинг аксарияти «Динамо» тарбияланувчиси ёки собиқ аъзоси бўлгани ҳам таъсир қилди. Бундай пайтда исталган ўйинчи ўзини аямайди. Футболчи собиқ клубига қарши икки ҳисса куч билан ўйнаши табиий ҳолат. Ўйинда қўполликлар кўп бўлгани бу баҳс дерби экани билан боғлиқ. Бундай баҳслар дербига хос.
Легионерлар? Менимча, улар тобора мослашиб бормоқда. Ҳозирча таклиф этилган хорижлик ўйинчиларга ҳеч қандай эътироз йўқ. Ҳали бор йўғи 2 тур ўтди ва бу қандайдир хулосалар учун етарли эмас. Жамоа ўйиндан-ўйинга кучайиб боради.
Суперлига йўлланмаси учун кураш асосан «Локомотив», «Динамо» ва «Қўқон-1912» ўртасида ўтадими? «Локомотив» бош мураббий интервью бергани ва улар аллақачон ўша ерда (Суперлигада – муал.) экани ҳақида гапирганини менга айтишди. Демак, тўғридан-тўғри яна бир йўлланма учун биз, «Қўқон-1912» ва бошқалар курашамиз. Жиддий гапирадиган бўлсам, ҳали йўлланма масаласида гапиришга эрта», - дейди Вадим Абрамов ўйиндан кейин.
“Динамо” матбуот хизмати.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг