А Сериянинг 28-туридан ўрин олган “Специя” ва “Салернитана” ўртасидаги учрашув анча қизғин кечди. Мезбонлар беллашувнинг 70-дақиқасига қадар мағлубият хавотирида ўтирди.
Биринчи бўлим “Салернитана” устунлигида ўтди. Мезбонлар ҳимоячиси Маттиа Кальдара танаффусга бир неча дақиқа қолганида рақиб ҳужумини бартараф этиш чоғида ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди.
“Специя” мағлубиятдан қутилиб қолиш илинжида иккинчи бўлимда ҳужумкорликни кучайтирди. 70-дақиқага келиб, “Салернитана” сафида энг яхши ўйин намойиш қилиб келаётган Лоренцо Пирола қўпол хатога йўл қўйди. У жамоадоши узатган тўпни тўхтата олмади ва бу вазиятдан унумли фойдаланган Элдор Шомуродов чиройли гол уриб, жамоасига бир очко келтирди – 1:1.
“Специя” фаолиятини ёритиб келаётган https://www.calciospezia.it нашри жамоа футболчиларининг ўйинларини баҳолади.
Бартломей Драговски 6:
Ўйин давомида фақатгина жамоадоши Кальдаранинг кутилмаган зарбаси қаршисида ожиз қолди холос. Бир марта “Специя”ни муқаррар голдан қутқарди. Анча хотиржам ва ишончли ўйнади.
Келвин Амьян 6:
Ҳимоядаги вазифаларидан ташқари, ўз қанотидан ҳужум уюштиришда ҳам фаол бўлди. Аксарият вазиятларда тезлиги пастлиги панд берди.
Итан Ампаду 7:
Ҳимоячилар тўртлиги орасида энг яхши ўйнагани Ампаду бўлди. Ўзи масъул бўлган зонада тоза ўйнади, барча ҳужумларни бартараф этди, рақиб ҳужумчиси Кшиштоф Пёнтикка ўйин бермади. Ярим ҳимояга ўтиб ўйнаган пайтда ҳам ишончли ҳаракат қилди.
Маттиа Кальдара 5:
Учрашувнинг биринчи қисмида бўш ўйнади. Пёнтекка узатилган тўпни ўтказиб юборди ва кутилмаганда ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди. Иккинчи бўлимда анча фаол ҳаракат қилди. Рақибнинг гол уришига йўл қўймади. Бироқ, биринчи бўлимдаги хатоси жамоага қимматга тушди.
Димитриос Николау 6:
Марказий ҳимоячи чап қанотда ўйнашига тўғри келди. Рақиб айнан мана шу қанотдан кўп босим уюштирди. Бунинг оқибатида Николау ўйин охирига бориб чарчаб қолди ва ўрнини Бастонига бўшатиб берди.
Симоне Бастони 6:
Бу футболчининг майдонга қайтганининг ўзи катта янгилик бўлди. Бу ўйинчи чемпионатнинг муҳим палласида ҳали кўп қўл келади. Ўйинда иккита чиройли паси билан ўзини кўрсатди.
Меҳди Бурабия 6.5:
Биринчи бўлимда кўп жамоадошлари каби жуда секин ҳаракат қилди. Лекин кейин жамоанинг моторига айланди. “Салернитана” ҳужумларини тўхтатиб қолиб, ўз жамоасини олдинга бошлади. Майдон марказида устунликни таъминлади.
Альбин Экдаль 6:
Кейинги икки ҳафта давомида жисмоний тайёргарлик борасидаги муаммолар ўз таъсирини ўтказаётгани биринчи бўлимда кўриниб қолди. Ўйиннинг иккинчи ярмида ўзини ўнглаб олди, олдинги чизиққа аниқ паслар бера бошлади.
Виктор Коваленко 5:
Ҳужумкорликни таъминлаши талаб этилган эди. Биринчи бўлимда буни уддалай олмагани учун танаффусдан кейин жойини Журковскига бўшатиб берди.
Шимон Журковски 5:
Польшалик ярим ҳимоячи ҳам ўзидан кутилган ўйинни намойиш қила олмади. Ўйинга киришиб кетишга қийналди. Анча бўш ўйнади.
Даниэле Верде 5.5:
Верде катта тажрибага эга бўлган сифатли футболчи. Аниқ паслари билан жамоаси устунлигини таъминлай олади. Лекин унинг маҳорати бу гал иш бермади. Натижада танаффусдан кейин майдонга қайтмади.
Даниэль Мальдини 7:
Мальдинилар сулоласининг кенжа вакили ўйинни сезиларли даражада кучайтирди. Бир неча рақибларни алдаб ўтиш, Гильермо Очоа дарвозасига зарба бериш орқали кўзга ташланди. Жарима зарбаси дарвоза тўсинига тегиб қайтди.
Элдор Шомуродов 7:
Биринчи бўлимда ўйиндан четда қолди. Бир марта бош билан зарба берди. Тўп дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди. Иккинчи бўлимда анча фаоллашди. Ҳужумга ўтишдан ташқари, ортга қайтиб, ҳимояланишга ҳам ёрдам берди.
70-дақиқада рақиб ҳимоячилари хатосидан усталик билан фойдаланиб қолди. Тўпни дарвозабон Гильермо Очоа устидан ошириб, ҳисобни тенглаштирди. “Ўзбек Мессиси”нинг “Специя”даги дебют голи жуда чиройли чиқди.
Эммануэль Гьяси 5.5:
Биринчи бўлимда Элдор Шомуродов ва Виктор Ковленкога жуда чиройли пас оширди. Лекин қолган дақиқаларда ҳужумда кўринмай қолди. Натижада 54-дақиқада ўрнини Агуделога бўшатиб берди.
Кевин Агудело 7:
Майдонга тушиши билан хавфли зарбалар йўллай бошлади. Рақибни прессинг қилишда фаоллик кўрсатди. Ҳужумчиларни қулай позицияга чиқарди. “Специя” ўйинини сезиларли даражада кучайтирди.
Леонардо Семпличи 6.5:
Бош мураббий ўйин олдидан таркиб танлашда муаммога дуч келди. Асосий тўпурар Мбала Нзола дисквалификация қилинган. Бошланғич таркиб вакилларидан бир нечтасида жароҳат бор. Экдаль ва Агуделонинг жисмоний ҳолати яхши эмас. Кўп ўйинчилар терма жамоага чақиртирилгани боис, гуруҳ машғулотларида қисқа муддат қатнашди. Шунга қарамай, Семпличи иккинчи бўлимда тактик ўзгаришлар орқали жамоа ўйинини кучайтира олди ва Элдор Шомуродовнинг голи эвазига мағлубиятдан қутилиб қолди.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг