Ўзбекистон Суперлигаси 5-туридан ўрин олган ОКМК - "Навбаҳор" баҳси якунланди. Унда номинал мезбонлар 2:1 ҳисобида зафар қучди.
Олмалиқ клуби сафида голларга Жўрабеков (автогол) ва Рубен Санчес муаллифлик қилди. Наманганликларнинг ягона голини Искандеров пенальтидан киритди.
Шу тариқа, ОКМК очколари сонини 10 тага етказиб, жадвалда 3-ўринга чиқиб олди. "Навбаҳор" ҳисобида 9 очко мавжуд бўлиб, клуб 4-поғонани банд этиб турибди.
Беллашувдан сўнг ҳар икки жамоа мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Қуйида Миржалол Қосимовнинг ўйин ҳақида фикрлари билан танишиб чиқишингиз мумкин.
- Ҳамма кутган ўйин эди. Бир-бирига жуда муносиб жамоалар. Нафақат бугун, балки, ўтган сафарлар ҳам курашларга бой, қизиқарли, тезкор футбол гувоҳи бўлганмиз. Буларнинг барчасига тайёргарлик кўрдик. Қийин бўлди. Шунга қарамай, йигитлар қўлидан келганча ҳаракат қилди. Илк таймга қараганда, иккинчи бўлимда фаол ўйнадик. Қолаверса, пенальтидан урилган голдан сўнг бизда ғалабага бўлган ишонч ошди. Ўйлайманки, мазкур баҳс турнинг энг яхши ўйини бўлди.
- Тажрибали футболчиларнинг ўйиндаги ўрни ҳақида фикрингиз қандай?
- Албатта, улар биз учун жуда муҳим. Сабаби, бизда ўйнаётган тажрибали ўйинчиларнинг (Санжар Турсунов ва Анзур Исмоилов) барчаси кўплаб халқаро ўйинларни кўрган. Йиллар давомида бундай тажриба тўпланади ва кўп пайтларда бу жиҳат асқатади. Баъзида шундай тажрибали футболчилар ёшларга имкон қолдирмайди. Мисол учун, Жасур Ҳасанов ҳам 40 ёшида ҳамон фаолиятини давом эттирмоқда. Европада ҳам бунга мисоллар талайгина. Омадини берсин.
- ОКМК жорий мавсум олдига жиддий мақсад қўйганми?
- Бу саволни ҳар доим берасизлар. Яна бир қайтараман. Мақсад бўлмаса, ишлашнинг ҳожати йўқ. Албатта, олдимизга катта мақсадларни қўйганмиз.
- Бегимов ҳамда тунислик ҳимоячига кам ўйин амалиёти бериляпти. Уларнинг ўйинидан қанчалик қониқяпсиз?
Агар 20'га 20 ўйнашнинг иложи бўлса, ҳаммасини ўйнатардим. Энг кўп ротация қиладиган мураббий ҳам ўзим бўлсам керак. Чемпионат узун, учрашувлар кўп. Вақти соати келганда ўйин амалиёти бўлади. Регламент бўйича 11 га 11 футбол ўйналади. Имкон бўлганда 20 кишини ҳам ўйнатардим.
- Миржамол Қосимов ва Виталий Денисов қачон сафга қайтади?
- Улар энди машғулотларга киришди. Бироз вақт керак. Қачонки улар жисмонан тайёр бўлишса, майдонда кўрасиз.