Суперлига 5-турининг марказий ўйини ортда қолди. "Жар" стадионида ўтган учрашувда Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМК Самвел Бабаян бошқараётган "Навбаҳор"ни мағлуб қилди. Ўйиндан кейин олмалиқликлар посбони Валижон Раҳимовнинг фикрларига қулоқ тутдик:
— Ўзгача ўйин бўлди. Аввало, ҳаммаси Аллоҳдан. Ғалабадан кейинги эмоцияларни таърифлаб беролмайман. Ташқаридан қараганда рақиб таркиби номдорроқ кўриниши мумкин. Лекин бизда иштиёқ анча баланд эди. Менимча, бугун тартибли футбол ютиб кетди.
— Олдинги турда сизнинг дарвозангизга урилган дастлабки гол фикрларни иккига бўлиб юборди. Ўша эпизод бўйича ўзингиз қандай фикрдасиз?
— Тўп бурчакда ўйинга киритилаётганида "Нефтчи"нинг 9-рақамли ўйинчиси (Улуғбек Ҳошимов) мени дарвозанинг ичига қараб итарди. Яъни дарвозабон майдончаси ичида менинг эркин ҳаракатланишимга ҳалақит берди. Иккинчидан, бош билан зарба берилаётган паллада у оффсайдда турган эди. Шунинг учун гол 100 фоиз ўйиндан ташқари ҳолатдан урилганига аминман.
— ОКМК жамоаси ҳар доим ўз олдига энг олий мақсадни қўйиши ҳақида гапирилар эди. Бу йил ростан ҳам жамоада қанақадир ғайриоддий характер пайдо бўлгандек кўриняпти. Келинг, баландпарвоз гаплардан чекинайлик-да, ростини айтинг. Бу йил клуб тарихида янги саҳифа очилиши мумкинми?
— Биласизми, бу мавсум чемпионлик учун курашишни мақсад қилган барча жамоалар бир хил даражада. ОКМКда эса иштироқ нисбатан анча юқори. Таркибимиз анчадан бери шаклланиб келяпти. Ана шу иштиёқ эвазига жорий мавсум чемпиони биз бўламиз, ИншаАллоҳ.
— Сиз дарвозада турасиз. Исталган посбонга ундан олдинроқдаги мудофаа чизиғи кучли бўлиши қўшимча ишонч берса керак. Сизнинг олдингизда Анзур Исмоиловдек тажрибали ҳимоячи ўйнайди. Бундан ташқари, бугунги ўйин натижасига ҳаммадан кўпроқ таъсир қилган Санжар Турсуновни ҳам унутмаслик керак. Мана шундай "кўпни кўрган" футболчиларнинг борлиги жамоа руҳиятига ижобий таъсир қиладими?
— Албатта. Биласиз, ҳеч қайси жамоа 90 дақиқа бир хил ўйин кўрсатолмайди. Тажрибали футболчилар ўйин темпига таъсир кўрсата олиши билан жамоага катта фойда келтиради. Шунингдек, уларнинг ёши катта бўлгани билан қолган ёшлар билан бир хил югураётганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак.
— Валижон ака, навбатдаги саволим ўтган мавсум билан боғлиқ. Сизда ҳаммаси яхши кетаётган, терма жамоанинг доимий аъзосига айланган эдингиз. Ёзга бориб, бирданига захирада ўтириб қолганингизнинг сабаби нимада?
— Ягона сабабчи ўзим деб ҳисоблайман. Ҳолатимни доимий равишда анализ қилиб бораман. Ўйинимда пасайиш кузатилган эди. Янги мавсумда ҳаммасини қайтадан бошладик. Худо хоҳласа, энди яхшироқ бўлади.
Фахриддин Рўзиев суҳбатлашди
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг