Элдор Шомуродов тўп тепаётган “Специя” юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолиш учун қолган саккизта учрашувида бор имкониятини ишга солишига тўғри келади. 30-турдан кейин лигурияликлардан бир поғона пастда турган “Верона” орадаги фарқни уч очкогача қисқартирди. Агар иш шу тақлид давом этса, “Специя” тез орада хавфли ҳудудга тушиб қолиши ҳеч гап эмас.
Эътиборли томони, Леонардо Семпличи шогирдлари саккизта баҳсдан учтасида ўзлари каби А Серияда қолиш учун курашаётган жамоалар – “Сампдория”, “Лечче”, “Кремонезе” билан тўқнаш келади.
Мана шу баҳслар “Специя” учун олти очколи ўйинлар ҳисобланади. Бу рақибларга қарши лигурияликлар имкон қадар кўпроқ очко жамғариши талаб этилади. Чунки қолган баҳслардаги рақиблар анча кучли. Хусусан, чемпионат охиригача Шомуродов ва унинг жамоадошлари Европа Чемпионлар лигаси учун курашаётган “Аталанта”, “Милан” ва “Рома” имтихонидан ўтишига тўғри келади.
Яна икки беллашувдаги рақиб – “Торино” ва “Монца” мусобақа жадвалининг ўртасидаги позицияларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётган жамоалар ҳисобланади.
Бош мураббий Леонардо Семпличи жамоа бирдамлигини ошириш, футболчиларнинг масъулиятини кучайтириш мақсадида лигуриялик мухлислар билан ўз шогирдлари орасини яқинлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Ишқибозлар ўйин вақти ареналарни тўлдириб келяпти. Бундан ташқари, мураббийлар штаби улар учун машғулотларни очиқ тарзда ўтказишни йўлга қўйди. Мухлислар футболчиларнинг машқларини томоша қилиши, ўйинчилар билан суҳбатлашиши, суратларга тушиши, афтограф олиши учун шароитлар яратилди.
“Специя” аввалги турда “Лацио”дан қақшатқич мағлубиятга учраганидан кейин тўғридан-тўғри рақобатчиси “Сампдория” билан бўладиган беллашувга пухта тайёргарлик кўрмоқда. Тайёргарлик машғулотларидан бирида жамоа мухлислари футболчилар билан мулоқот қилди. Хусусан, бир неча мухлисалар ўзбекистонлик легионер Элдор Шомуродов билан суратга тушди. Буни қуйидаги фотосуратда кўришингиз мумин.
Бўлажак беллашувга “Сампдория” мезбон қилади. Генуя шаҳридаги “Луижи Феррарис” стадиони Элдор Шомуродов учун бегона эмас. Легионеримизнинг Италиядаги илк жамоаси “Женоа” учун бу арена уй стадиони вазифасини бажарган. Ҳужумчимиз бу майдонда бир неча марта гол уришни уддалаган.
Шомуродов учун “Сампдория” қулай рақиблардан бири ҳисобланади. Ўтган мавсумда Элдор “Рома” сафида ушбу жамоа дарвозасини ишғол қилган эди.
Қўшимчасига, генуяликлар “Специя” учун доим яхши “ўлжа” бўлиб келган. Бу жамоалар А Серияда жами беш маротаба тўқнаш келган ва шу баҳслардан учтасида лигурияликларнинг қўли баланд келган. Битта баҳсда дуранг қайд этилган ва генуяликлар бир марта ғалаба нашидасини сурган.
“Сампдория” ва “Специя” икки маротаба ўртоқлик ўйини ўтказиб, ҳар икки томон биттадан ғалаба қайд этган. Жами еттита ўйиндаги тўплар нисбати ҳам кичик кўринишда “Специя” футболчилари фойдасига – 13:12.
“Сампдория” ва “Специя” ўртасидаги навбатдаги беллашув 22 апрель куни Тошкент вақти билан 23:45 да бошланади.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг