“Специя” мавсумдаги энг муҳим учрашувлардан бирини ўз майдонида “Монца”га қарши ўтказиб, икки тўп фарқи билан имкониятни бой берди.
Лигурияликларнинг асосий тўпурари Мбала Нзола ва истеъдодли ҳужумчиси Даниэль Мальдини жароҳат олгани боис,бош мураббий Леонардо Семпличи илк дақиқалардан Элдор Шомуродовга ишонч билдирди.
“Монца”га қарши баҳсда мезбонлар ҳар галгидек охиригача курашди. Бироқ, мағлубиятдан қутилиб қола билмади. Элдор Шомуродов анча фаол ўйнади. Буни учрашувда футболчиларнинг ҳаракатини баҳолаган мутахассислар ҳам алоҳида қайд этди.
Хусусан, “Специя” ўйинларини таҳлил қилиб келаётган cittadellaspezia.com сайти “Монца”га қарши баҳсда футболчиларга қуйидагича баҳо берди.
Драговски 6:
Польшалик дарвозабон жамоага айтарли ёрдам бера олмади. Шунга қарамай, унинг ҳисобига битта қийин сейв ёзиб қўйиш мумкин.
Амьян 5.5:
Рақиб ҳужумларини тўхтатишга ҳаракат қилди. Ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқолмади.
Ампаду 6.5:
Елкасидан ва оёғидан шикастланганига қарамай, жуда фаол ўйнади. Тўпни ўзида яхши ушлаб турди.
Вишневски 7:
“Специя” ўйинчилари орасида энг фаол ўйнади. “Монца” ҳужумчиларидан устун келди. Январдаги трансферлар ичида ўзини оқлагани шу футболчи бўлди.
Бастони 6:
Ҳимояда яхши ўйнади, жамоасининг ўткир ҳужумларида қатнашди.
Экдал 6:
Жамоадошларини олдинга бошлашга ҳаракат қилди. Унга анча оғирлик тушди.
Эспозито 5.5:
Ёш футболчига тажриба етишмаётгани кўриниб қолди. Тўпни ушлаб туришда маҳоратини ошириш керак.
Коваленко 4.5:
Гол уриш учун жуда қулай вазиятни бой берди ва жавоб ҳужумида рақиб ҳисобни очди. Қолган дақиқаларда ҳам ўзини кўрсата олмади.
Агудело 5.5:
Захирадан майдонга тушган футболчи вазиятни ўзгартириб юборадиган голни уролмади. Яратилган қулай имкониятни барбод қилди.
Верде 5:
Унинг жисмоний ҳолати барқарор эмаслиги панд берди. Айниқса, “Монца”га қарши баҳсда бу билиниб қолди.
Шомуродов 6.5:
Илк дақиқалардан ўйнаган ўзбек ҳужумчиси учрашув давомида Ковеланко ва Агуделони гол уриш учун жуда қулай позицияга чиқарди. Лекин жамоадошлари бу вазиятларни кўкка совурди.
Майдоннинг ҳар бир қарич жойида кураш олиб борди. Шомуродов жангчи экан. Тўп учун қаттиқ курашди. Хавфли вазиятлар яратиш, ҳужум уюштириш иштиёқи баландлиги кўринди. Лекин асосий вазифаси – гол уриш учун қулай вазият топа олмади.
Гьяси 6:
Ҳужумда самарали ўйнашга ҳаракат қилди. Лекин жамоаси ҳимояланган паллада умуман ёрдами тегмади.
Семпличи 6:
Шогирдлари яхши ўйнаган бўлса-да, уларга рақиб дарвозаси олдида совуққонлик етишмади. “Специя” фақат Нзола ўйнаганда гол уряпти. Айрим ўйинчиларнинг ҳаракатларига қарамай, бошланғич таркибни танлашда хатога йўл қўйганини билиш мумкин.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг