21:26 / 02.05.2023
363

Вазият қалтис: Шомуродов янги иқтидор Хёйлуннга қарши!

Вазият қалтис: Шомуродов янги иқтидор Хёйлуннга қарши!

Элдор Шомуродов ўйнаётган “Специя” жамоасининг Италия чемпионатидаги вазияти қалтис ҳолатга келиб қолди.

Жамоани қутқариш учун келган Леонарда Семпличи ҳали ўзига юклатилган вазифани қандай уддалаш йўлини топгани йўқ. Унинг қўл остидаги футболчилар саккизта учрашувда фақат бир марта – “Интер”ни сенсацион тарзда мағлуб этди.

Қолган  ўйинларда жамоа лигада қолиш учун курашаётган тўғридан тўғри рақиблари билан ҳам очко улашди. Натижада 32-турдан кейин хавфли зонанинг энг юқори поғонасида турган асосий таъқибчи “Верона” олти очколик фарқни йўққа чиқариб, “Специя”га етиб олди.

Энди лигурияликлар мавсум охирига қадар босим остида тўп тепади. 33-турда Семпличи шогирдлари жиддий рақиб – “Аталанта” меҳмони бўлади. Бергамоликлар Европа Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашаётган жамоа ва “Специя”дан ҳар томонлама кучли.

Лекин Семпличи шогирдлари ана шундай қудратли рақиб майдонида фақат ғалаба учун курашишга мажбур.

“Специя” ҳужумдаги муаммолардан қутилгани йўқ. Мавсумда 13 та гол урган Мбала Нзола ва асосий таркибга ёриб кирган Даниэль Мальдини бу гал ҳам жамоага ёрдам бера олмайди. Италиянинг деярли барча нашрлари ҳужум марказида Элдор Шомуродов ўйнашини ёзмоқда.

Ит алия футболини ёритиб келаётган нуфузли манба –  footballnews24.itжурналисти Алессандро Ди Ленарда бўлажак ўйинда икки ҳужумчи – Элдор Шомуродов ва Расмус Хёйлунн рақобатига эътибор қаратди.

Даниялик 20 ёшли ҳужумчи А Сериядаги дебют мавсумида 28 та ўйинда ўз ҳисобига еттита гол ёздириб қўйди. Ёш иқтидор эгаси “Аталанта” таркибидаги “бўрилар” – Луис Муриэль ва Дуван Сапата каби машҳур тўпурарларни рақобатда енгди ва жамоасининг асосий икки ҳужумчисидан бирига айланди.

Чемпионатнинг охирги қисми Шомуродовнинг иштаҳаси очиладиган палла ҳисобланади. Ҳамюртимиз “Женоа”да ўйнаб юрган пайтда сўнгги олтита учрашувда бешта гол уриб, тўпурарлик маҳоратини намойиш қилган. Ўшанда легионеримиз “Аталанта” дарвозасини икки марта ишғол қилган эди. Бу Шомуродов учун Италиядаги фаолиятида қайд этилган ягона дубль ҳисобланади.

“Аталанта” ва “Специя” турли турнирларда жами 7 маротаба тўқнаш келган. А Сериядаги бешта баҳсда бергамоликлар учта ғалаба ва икки дуранг қайд этган. Италия кубогидаги ягона ўйин ҳам “Аталанта” фойдасига ҳал бўлган. Бир марта ўтказилган ўртоқлик учрашувида “Специя” яна мағлуб бўлган.

Таниқли журналист Алессандро Ди Ленарда бўлажак баҳсда жамоалар қуйидаги таркибдан фойдаланишини тахмин қилмоқда.

“АТАЛАНТА” (3-4-2-1): Спортиелло; Толой, Жимшити, Скальвини; Мале, Де Роон, Эдерсон, Заппакоста; Купмейнерс, Бога; Хойлунд. Бош мураббий: Жан Пьеро Гасперини.

“СПЕЦИЯ” (4-3-3): Драговски; Амьян, Ампаду, Николау, Бастони; Экдаль, Бурабиа, Эспозито; Гьяси, Шомуродов, Верди. Бош мураббий: Леонардо Семпличи.

Учрашув 3 май куни куни Тошкент вақти билан 21:00 да бошланади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Вазият қалтис: Шомуродов янги иқтидор Хёйлуннга қарши!