U20 терма жамоамиз дарвозасини қитъа биринчилигида муносиб ҳимоя қилган посбон Отабек Боймуродов ЎФА медиа бўлими учун интервью берганидан хабарингиз бор. Иқтидорли дарвозабон ишқибозларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб берди. Zamin.uz ушбу суҳбатнинг эътиборга молик жиҳатларини матн кўринишида Сизнинг эътиборингизга тақдим этади.
- Келинг, Жаҳон чемпионатини очиб берувчи Аргентина – Ўзбекистон баҳсига тўхталамиз. Аввал ҳам бу жамоа билан тўқнаш келгансизлар. Бу ўйин борасида қандай фикрдасиз?
"Биринчи навбатда кучли босимга дуч келишимиз аниқ, аммо бунга тайёрмиз. Ҳатто, Аргентинага қарши майдонга тушишимиздан хурсанд ҳам бўлдим. Очилиш ўйинида лиқ тўла стадион атмосферасини яхши кўраман. Билмадим, кимга қандай, аммо мен учун бу энг ёқимли лаҳзалардир".
- Футболга неча ёшда кириб келгансиз? Биографиянгиз ҳақида сўзлаб берсангиз?
"8 ёшдан бошлаб футбол билан шуғулланаман. Барчаси Чилонзор маҳаллий жамоасидаги ўйинларимдан бошланди. Кейин “Локомотив”га ўтдим. У ерда бир йил давомида дарвозани қўриқладим. Сўнгра, “Пахтакор”дан таклиф олдим. Тўғриси, карьерам давомидаги бирорта қароримдан афсусланмайман. Агар “Пахтакор”га ўтмаганимда, балки футболни йиғиштириб юборган бўлармидим…"
- Чилонзордаги футбол жамоасига борган илк кунингиздан бошлаб дарвозабон бўлишни истаганмисиз?
"Албатта. Илк кунданоқ!"
- Оилангиз футболга қандай муносабатда?
"Онам мени биринчи кундан қўллаб-қувватлаган, улар менинг таянчим, чинакам мотивациям! Онам мен учун ер юзидаги энг яхши инсон. Оилам у қадар катта эмас. Бувим ва бувам ҳам мени қўллаб-қувватлашган".
- Ҳозир “Пахтакор”нинг ўринбосарлар жамоасида ҳаракат қиляпсиз. Қандай қилиб U20 терма жамоасига чақирув олдингиз?
"Ҳамма қандай олган бўлса, мен ҳам шундай. 60 нафар футболчи йиғинга чақирилади. Улар орасидан энг яхши 23 таси танлаб, олиб қолинади. Осиё чемпионатида иштирок этишимни билгач, ёқимли ҳисларни туйдим. Мен шунчаки ўз ишимни қиляпман".
- Қитъа биринчилиги учун ҳозирлик қай даражада ўтганди? 2-3 йил аввал бошланган ҳаракат қандай давом этди?
"Тайёргарлик 2 йил аввал бошланган эди. Мисрда бўлган “Arab Cup” турнирида дебют қилганман. Биз таркибимиз нималарга қодир эканлигини билардик. Шунчаки, кучли жамоа бўлиб шаклланишимиз лозим эди. Юртимизда бўладиган чемпионатда халқимизни юзини ёруғ қилиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қилдик. 2 йил давомида Ватан, оила шаънини ҳимоя қилишимиз кераклиги ҳаёлимиздан кўтарилмади. Барчаси секин-аста содир бўлди. Олдимизга қўйилган вазифа чемпионлик эди".
Футболчиларнинг руҳий ҳолати ҳақида гапирсангиз. 2 йил давомида чемпион бўлиш кераклигини ҳис қилиб шуғулланиш қандай бўлди?
"Айнан шу масалада бизга ёрдам бериши керак бўлган психологлар бор. Шунингдек, оиламиз ҳам қўллаб-қувватлаб туради. Агар бу ҳақида кўп ўйламасангиз, ўз ишингизни давом эттирсангиз, ўз кучингизга бўлган ишонч ортиб боради".
- Келинг, энди Жанубий Корея билан ўйинга тўхталамиз. Баҳсдан аввал мураббийлар пенальтилар сериясига алоҳида вазифа қўйганмиди?
"Австралияга қарши беллашувда "футбол лотереяси"га тайёргарлик кўрган эдик. Жанубий Корея билан шунчаки импровизация қилдим. Аниқроғи, кўпроқ ўйиннинг ўзига тайёргарлик кўрдик. Улар сафида иккита икки хил соф ҳужумчи ҳаракат қиларди. Улардан айнан қай бири майдонга тушишидан келиб чиқиб, ўйин режамизни тузишни келишиб олдик. Пенальтилар сериясига келадиган бўлсак, мен унга қадар деярли ҳеч нарса қилганим йўқ".
- Ҳозир Осиё чемпионисиз! Сиз ва жамоадошларингизни бутун Ўзбекистон билади. Кўчаларда таниб қолишаётгани аниқ. Бунга муносабатингиз қандай?
"Муҳаббатдан нафратгача бир қадам! Шу сабабли, ўз даражамизни ушлаб туришимиз, ўсишимиз керак. Бу шунчаки йўлнинг ярми, холос. Вазифамиз - нафақат кичик мундиал, балки миллий терма жамоа билан Жаҳон чемпионатига йўл олиш. Аргентинага шунчаки 3 та ўйинда иштирок этиш учун бормаяпмиз. Муносиб жанг қилиш учун йўлга отланамиз. Бу учун ўз устимизда тўхтовсиз ишлашимиз керак. Акс ҳолда, бошқа жамоалардан фарқимиз қолмайди".
- Кейинги мақсадингиз қандай?
"Мен ўз олдига катта мақсадлар қўядиган инсонман. Шунчаки, Осиё чемпионатида ғалаба қозониб, четга чиқиб кетмоқчи эмасман, характерим шундай. Нафақат мен, балки бутун жамоамиз шундай йигитлардан иборат. Ҳозир психологлар билан ишлаяпмиз. Мураббийларимиз билан доимий алоқадамиз. Бизни мотивациямиз - оиламиз! Яхши ҳаёт учун тинмай меҳнат қилиш керак".
- Пенальтилар сериясидаги қизиқ бир ҳолат. Сиз рақиб зарбасини бартараф этгач, мухлисларга қараб жилмайдингиз. Бу сурат интернетда вирус сингари тарқалди. Буни ҳам ўйиндан аввал ўйлаб қўйганмидингиз?
"Тўғриси, йўқ. Лекин шу ҳақида ўйлаганман, барча дарвозабон сингари. Мен ўз жамоамни кейинги босқичга олиб чиқишни жуда истаган эдим. Шунчаки, мухлислар томонга югуриб кетишим ҳам мумкин эди, аммо ўша пайт мана шу эмоцияни кўрсатишни маъқул кўрдим".
- Жаҳон чемпионатига тайёргарлик қандай кетмоқда? Мураббийларимизда-чи?
"Устозларимиз қаттиқ меҳнат қилмоқда. Олдимизга улкан мақсадлар қўйилган. Боя айтганимдек, оиламиз, миллатимиз шаънини ҳимоя қиламиз. Биз уларни хафа қилдириб қўймаслигимиз керак, бунга ҳаққимиз йўқ. Осиё чемпионатида бир нарса эътиборимни тортди. Бутун мусобақа давомида нафақат биз, балки ташкилотчилар, федерация, хизмат кўрсатган ходимлар бор кучи билан бир мақсад сари интилди. Уларни ҳам уялтириб қўймаслик учун мундиалда бор кучимизни кўрсатамиз".
- Жаҳон чемпионатида терма жамоамиз қайси босқичга қадар етиб боради деб ўйлайсиз?
"Олдиндан бирор нарса дейиш қийин, бироқ имкониятларимиздан максимум наф чиқаришга интиламиз. Ҳеч кимдан қўрқмаймиз. Ўз мамлакатимиз, ўз халқимиз учун тўп тепамиз".
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг