Италия А Сериясининг 35-турида “Специя” вакилларини жиддий синов кутиб турибди. Юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолиш учун курашаётган лигурияликлар “Альберто Пикко” стадионида “Милан”ни қабул қилади.
Аввалги мавқеини тиклашга уринаётган миланликлар жорий мавсумда Чемпионлар лигаси йўлланмасини кўзлаган. “Специя”га қарши баҳсда Стефано Пиоли жамоаси фақат ғалаба учун майдонга тушади.
Бўлажак учрашув олдидан белгиланган матбуот анжумани “Специя” бош мураббийи Леонардо Семпличи ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
“Кремонезе”га бой берилган ўйин ҳақида
Ўн тўққиз йиллик фаолиятим давомида бунақа ўйинда қатнашмаганман. Ўйин бобида устунлик қилганимизга қарамай, ишни дурангга ҳам етказа олмадик. Бу нарса мени кўп жиҳатдан ўйлантириб қўйди. Ишлар шу зайлда давом этаётганда айбни омаддан қидириб бўлмайди. Биз бошқача ишлашимиз керак.
Натижага эришиш учун қилаётган ҳаракатларимиз етарли бўлиб чиқмади. Энди факт шуки, олдимиздаги тўртта учрашувда биз қўлимиздан келганини қилишимиз шарт. Йўқотадиганимиз бор ва бунга йўл қўя олмаймиз. “Миландек” кучли жамоага қарши имкон қадар яхши ўйнашга ҳаракат қиламиз.
Вазият ҳақида
Мен футболчиларга лигада қолиш пойгасининг аҳамияти ҳақида ўйламаслик кераклигини, аксинча, бор эътиборни мақсадимизни амалга оширишга қаратиш кераклигини тайинладим. Ўтган ўйинни бошқача натижа билан якунлашимиз керак эди.
Биз ўзимиздан талаб этилган ҳамма нарсани қилдик. Нокаутга учраганимизни ҳазм қилиш мумкин, лекин буни бир ҳафта давомида ўйлаб юриб бўлмайди. Биз ҳам футболчиларни салбий натижа таъсиридан ҳимоялашга ҳаракат қилдик. Биз охиригача курашиб, ўзимизга керакли бўлган натижаларни қўлга кирита оламиз.
“Милан” билан ўйин олдидан
Рақамлар вазиятни аниқ кўрсатиб турибди. Биз 11 та учрашувда 8 та гол уриб, 17 та ўтказиб юбордик. Биз натижани қўлга киритиш учун жуда кўп қулай вазиятлар яратдик. Лекин кўп гол ўтказиб ҳам юбордик.
Биз учрашувларда ҳужум ҳақида бошқотирганимиздек, ҳимояни ҳам мустаҳкам ушлаб туришни ўйлашимиз керак. Боримизни майдонга ташлаб чиқишимизга тўғри келади.
Жароҳатланганлар ҳақида
Шимон Зурковски сафга қайтди. Лекин бу унинг хизматидан 90 дақиқа тўлиқ фойдаланишимизни англатмайди. Асосий тўпураримиз Мбала Нзола ҳам бир ҳафта давомида жамоа билан шуғулланди. Унинг соғлиғи жойида.
Футболчилар масъулиятни ҳис қилган ҳолда, мавсумда катта ўзгариш қилиш мақсадида машғулотларга зўр берди. Олдиндаги рақиб жиддий. “Милан” Италия чемпиони ва бу мавсумда Чемпионлар лигаси ярим финалига етиб келди. Кучли рақиб. Биз уларга қарши нималардир ўйлаб топиб, натижага эришишимизга тўғри келади.
Шомуродов ҳақида
Жамоага келганимдан бери Элдор Шомуродов ва Мбала Нзолани олдинги чизиқда бирга ўйнатиш усулларини қидиряпман. Бу икки ҳужумчи бир бирини тўлдира олади.
“Милан”га қарши баҳсда ҳам Шомуродов ва Нзола тандемини илк дақиқалардан ўйнатиш вариантини ўйлаяпмиз. Бу янгилик бўлмайди. Аввал ҳам шундай қилганмиз. Лекин бўлажак ўйин олдидан бу имкониятни ҳали яна кўриб чиқамиз.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг