Хабарингиз бор, 20 май куни Аргентинада футбол бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бошланади. Мусобақанинг очилиш ўйинида ўтган ой қитъа чемпионлигини тантана қилган терма жамоамиз мезбонларга қарши саф тортади. Ушбу ўйин Тошкент вақти билан 20 майдан 21 майга ўтар кечаси соат 02:00 старт олади.
Аммо океан ортидаги ушбу муҳим турнирни ўзбекистонлик мухлислар қайси телеканал орқали жонли эфирда томоша қилиши мумкин деган савол кўпчиликни ўйлантирмоқда. Яқинда бўлиб ўтган Осиё чемпионатини трансляция қилган “Узрепорт” телеканали шарҳловчиси Бобур Акмаловнинг маълум қилишича, ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланишига саноқли кунлар қолган бўлсада, ҳалигача ўйинлар қайси ўзбек телеканали орқали намойиш этилишига ойдинлик киритилмаган.
Интернетдаги маълумотларга кўра, Россиянинг “Матч ТВ” телеканали ушбу мусобақани намойиш этиш ҳуқуқини қўлга киритган. Агар Ўзбекистон телеканалларининг ҳеч бири трансляция ҳуқуқини сотиб олмаса, у ҳолда Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги терма жамоамиз иштирок этадиган мундиални “Матч ТВ” орқали томоша қилишимизга тўғри келади.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг