Умарали Раҳмоналиев: "Аргентинага ўзбек футболи қай даражада ўсаётганини кўрсатиш учун келдик"
Ўзбекистон U-20 терма жамоаси сардори Умарали Раҳмоналиев Аргентина билан ўйиндан олдинги расмий машғулотдан сўнг интервью берди.
- Умарали, Жаҳон чемпионатига тайёргарлик қандай кечди?
- Жаҳон чемпионатига тайёргарлик аъло даражада кетмоқда. Жамоавий шаклланиш, ўйин услубини янада мустаҳкамлаш жараёнлари кетмоқда. Сўнгги йиғинни Уругвайда ўтказдик ва бу бизга катта ёрдам берди. Сабаби иқлим ҳам, вақт тафовути ҳам Аргентина билан бир хил экан. Шу томонлама бу йиғин жуда фойдали бўлди.
- Аргентина мамлакатидаги шароитлар ҳақида нима дея оласиз?
- Худога шукур, Аргентинада барча шароитлар яратилган. Машғулот майдонлари ҳам ажойиб ҳолатда, шу боис эртага Аргентинага қарши очилиш ўйинида майдонга тушиб, боримизни бериб, юртимизга қувонч бағишлашга ҳаракат қиламиз.
- Бразилия терма жамоаси аъзолари мундиалнинг расмий тўпидан норози бўлишди. Сизларга ҳам сезилдими?
- Йўқ, бизда мусобақанинг расмий тўпи билан ҳеч қандай муаммо йўқ.
- Биринчи рақиб Аргентина терма жамоаси қай даражада ўрганилди?
- Назарий машғулотлар ўтказилди. Аргентинанинг услуби, қандай ўйин олиб бориши, кучли ва кучсиз жиҳатларини ўргандик. Бугунги якуний машғулотда бўлажак баҳсга сўнгги тайёргарликни ўтказамиз.
- Жамоанинг руҳий ҳолати қандай, терма жамоанинг Жаҳон чемпионатидаги мақсади?
- Мақсадимиз олий! Бу ерга биз шунчаки иштирокчи сифатида келганимиз йўқ, Ўзбекистонни нимага қодирлигини, ўзбек футболи қай даражада ўсаётганини кўрсатиш учун келдик. Насиб қилса ичимизда ёниб турган, вужудимизда жўшқинлашиб турган олов орқали ўзбек футболини бутун дунёга намойиш этамиз.
Оқил Абдубарноев суҳбатлашди
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг