Элдор Шомуродов ўйнаётган “Специя” А Сериянинг 36-турида мавсумдаги энг муҳим учрашувларидан бирини ўтказади.
Леонардо Семпличи шогирдлари бу турда ўзларидан бир поғонада юқорида турган “Лечче” жамоаси меҳмони бўлади. Ҳозир “Специя” ҳисобида 30 очко бор. Энг яқин таъқибчи “Верона” ҳам шунча балл тўплаган. “Лечче”нинг очкоси улардан иккита кўп.
Демак, “Специя” сафар учрашувидан ғалаба билан қайтса, катта эҳтимол билан юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолади. Лигурияликлар ўтган турда Италия грандларидан “Милан”ни мағлубиятга учратиб, натижа учун ўйнай олишини кўрсатди.
“Специя” бош мураббийи Леонардо Семпионличи бўлажак ўйин олдидан матбуот анжуманида ўз фикрларини билдириб, Элдор Шомуродов ҳақида ҳам тўхталди.
Вазият ҳақида
“Милан” билан бўлган учрашув ўзимизга бўлган ишончни қайта уйғотди ва бўлажак баҳсга бошқача иштиёқ билан тайёрландик. Бир неча беллашувда натижа қила олмаганим учун бунақа бўлмаган эди. Лекин ҳали масалани ҳал қила олганимиз йўқ.
“Милан” билан бўлган ўйин жуда катта натижа бўлди ва “Леччи” билан бўладиган баҳсда ҳам ана шундай иштиёқ билан тўп тепишимиз керак.
Кучли жамоага қарши ўйнашимизни ҳис қилиб турибмиз ва шунга яраша яхшироқ тайёрланишимиз шарт. Натижага эришиш учун яхши ўйин кўрсатишимизга тўғри келади.
А Серияда қолиш имконияти ҳақида
Буни гапиришга ҳали эрта. Бир ҳафта муқаддам ғазнага уч очко қўшдик, лекин ҳозир буни бефойда, деб ҳисоблаймиз ва бўлажак беллашувда максимал даражадаги эътибор билан ҳаракат қилишимиз лозим. Биз чемпионат охирида ижобий натижага эришиш учун бор имкониятимизни сафарбар қиламиз.
Ўйин схемаси ҳақида
Биз асосан икки тактик схема устида ишладик. Уларнинг қай бири футболчиларимизга кўпроқ мос тушишини яхши англаб етишимиз керак. Вазиятни таҳлил қиляпмиз ва қарор охирида қабул қилинади. Ўтган дам олиш куни йигитлар ўзини ҳар томонлама зўр кўрсата олди. Энди бу гал қанақа бўлишини ўйинда билиб оламиз.
Элдор Шомуродов ҳақида
Учрашувда 3-5-2 схемасидан фойдаланишимиз мумкин. Бу вазиятда Элдор Шомуродов ҳақида бош қотиришга тўғри келади. Элдор бу позиция учун яхши номзод ҳисобланади.
Шунингдек, машғулотларда Калдара шикастланганини ҳам айтиш жоиз. Бастони ҳам жароҳатидан тўла қутилгани йўқ. Таркиб танлаш борасида бир неча муаммоларимиз бор. Лекин бошланғич таркибимизга ишонамиз.
Ишга муносабат ҳақида
Биз учун қатъиятни сақлаб қолиш муҳим. “Милан” билан ўйинда нимадир қўшишимиз керак эди ва буни уддалай олдик. Омад ва омадсизлик ҳақида кўп гапирамиз. Биз ўз ҳаракатларимиз билан омадсизликни ўзгартириб юборишимиз муҳим. Худди “Милан” билан бўлган ўйиндаги каби бошқача тарзда ҳаракат қилиш лозим. Бўлажак учрашувдаги рақибимиз жуда кучли. Ўтган турда улар Римда “Лацио”га қарши зўр ўйнаб, дуранг қайд этди.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг