“Специя” А Серия баҳслари якунланиши икки тур қолганида хавфли ҳудуддан чиқиб олди. Бунга Леонардо Семпчили шогирдлари охирги икки баҳсда “Милан”ни мағлуб этиб, “Лечче” майдонидан дуранг билан қайтгани сабаб бўлди.
Бундан ташқари, “Специя”дан пастда – хавфли зонада турган “Верона”, “Кремонезе” ва “Сампдория” 36-турда кучли рақиблар – мос равишда “Аталанта”, “Болонья” ва “Милан”га тўқнаш келиб, имкониятни бой бергани ҳам лигурияликларга қўл келди.
“Специя” икки очко фарқи билан ўзидан бир поғонада юқорида турган “Лечче”ни енгиш орқали мавсум охирида хотиржамликни таъминлаши мумкин эди. Бироқ, Леонардо Семпличи ҳужумкор тактика танлаганига қарамай, шогирдлари мезбонларни енга олмади.
Мураббийлар штаби бу гал Элдор Шомуродовни илк дақиқалардан ўйнатди. Ҳамюртимизнинг “Лечче”га қарши ўйини мутахассислар томонидан етарлича танқидларга сабаб бўлмоқда. Бу баҳсда ҳам Элдор Шомуродов қулай вазиятда зарба бермасдан, вазиятни барбод қилган ҳолат бўлди.
Леонардо Семпличи ўйиндан кейин фикр-мулоҳазаларини билдириб, бу вазиятга ўз муносабатини айтиб ўтди.
- Охир-оқибат қўлга киритилган бир очконинг қадри жуда юқори бўлади, деб ўйлайман. Келажакка умид берадиган ўйин гувоҳи бўлдик. Бизга айрим нарсалар етишмаяпти. Етарли даражада кўп голли вазиятлар ярата олмаяпмизми, демак кам сонли ҳолатлардан унумли фойдалана олиш талаб қилинади.
Иккинчи бўлимда ҳар икки жамоада ютқазиб қўйиш хавфи хавотирга солаётгани кўриниб қолди. Гол бўлмаса-да, жамоа бирдамлик билан ҳаракат қилди ва профессионал даражада ишлади. Лекин ғалаба учун ҳеч нарса қила олмадик.
Майдонда экансан, тўғри қарорга келиш жуда қийин. Мен шогирдларимга доим шу гапни такрорлайман: “Гол уриш учун дарвозага зарба бериш керак”. Ҳужумчи хато қилишдан қўрқмасдан, масъулиятни ўз бўйнига олиб, тўпни дарвозага тепиши керак. Бу Элдор Шомуродовга тегишли. Мбала Нзола ва Даниэле Вердега ҳам шу гап.
Бундан буёғига бизни қутқарадиган очколарни олишимиз керак. Тақвим жуда мураккаб. Бироқ, жамоам айнан қийин вазиятларда ўзини кўрсата олди. “Интер” ва “Милан”га қарши ўйинлар таҳлили шуни кўрсатди.
Энди керакли очколарни олишимиз шарт. Чунки яна тақдиримизни ўзимиз ҳал қилиш имкониятига эга бўлдик, - деди Леонардо Семпличи.
Асли “Рома”га тегишли бўлган Элдор Шомуродов қишки трансферлар даврида ижара асосида “Специя”га кўчиб ўтганди. Ўйин амалиётига эга бўлиш учун келган легионеримиз аутсайдер жамоада ҳам мунтазам бошланғич таркибда майдонга тушаётгани йўқ.
27 ёшли машҳур футболчимиз “Специя” сафида А Серияда 13 да учрашувда майдонга тушди ва атиги биттадан гол ва ассист муаллифи бўлди.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг