06:33 / 08.06.2023
375

Бокс Париж-2024 олимпиадаси дастурида қолдирилиши мумкин

Бокс Париж-2024 олимпиадаси дастурида қолдирилиши мумкин

Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) ижроқўми Халқаро бокс ассоциациясини (ХБА) тан олиш ҳақидаги қарорни бекор қилишни тавсия этди.

Мазкур тавсия 22 июнь куни ХОҚ томонидан ташкил этиладиган навбатдан ташқари йиғилишда кўриб чиқилади. Шу билан бирга, 2024 йилги Париж Олимпиадасида боксчиларнинг иштироки билан боғлиқ масала ҳам кўриб чиқилади. ХОҚ ижро қўмитаси боксни дастурда қолдиришни тавсия қилган.

Бу янгилик ХОҚ ва ХБА ўртасидаги узоқ йиллик зиддият авжига чиққанини билдиради.

Сўнгги ўн йиллик охиридан бери ХОҚ ва ХБА қарама-қаршилик ҳолатида бўлиб, илгари ХБА бокс бўйича Олимпия турнирларини ташкил этишдан маҳрум қилинган эди. ХОҚ уни ташкилотчилик ва ҳакамликдаги коррупция, шунингдек, молиявий фаолияти шаффоф эмаслигида айблаб келмоқда. Россиялик Умар Кремлёвнинг федерация президенти этиб сайланиши ва «Газпром» ҳомийлигида молиявий муаммоларнинг ҳал этилиши ҳам ХОҚ позициясини юмшата олмади.

Зиддият Украина босқини бошланганидан кейин айниқса кескин босқичга ўтди. Ўтган йил баҳорда ХОҚ халқаро спорт федерацияларига россияликларни мусобақаларда қатнашишдан четлатишни тавсия қилди, уларнинг аксарияти буни бажарди. Бироқ, 2022 йил кузида ХБА ушбу тақиқни бекор қилди ва Россия билан Беларус спортчиларига ўз байроғи остида мусобақаларда қатнашишга рухсат берди. Бу 17 та давлат, жумладан, АҚШ ва Буюк Британия каби боксда етакчи роль ўйнайдиган давлатлар томонидан Тошкентдаги жаҳон чемпионатининг бойкот қилинишига олиб келди. Улар ХБА таркибидан чиқиб, муқобил World Boxing федерациясига асос солишди.

Ўз навбатида ХБА дунё боксида бўлиниш юзага келмаслиги ва МОҚ билан муносабатларни яхшилашга астойдил уринмоқда. Яқинда ташкилот ўз ҳуқуқларини тиклаш бўйича МОҚ томонидан қўйилган барча талаблар бажарилгани ҳақида хабар берди. Улардан асосийси - бошқарув ва молиявий барқарорликни таъминлаш, шунингдек, ҳакамлик муаммосини ҳал қилиш. ХБА шунингдек, «Газпром» билан 2022 йилда тугаган шартномани янгиламаганини ва ўз даромади манбаларини диверсификация қилганини тасдиқлади.

Агар ХОҚ сессияси Халқаро бокс ассоциациясини тан олиш ҳақидаги қарорни бекор қилса, унинг ўрнини World Boxing эгаллаши ва 2024 йилги олимпиадада ушбу федерация вакиллари иштирок этиши эҳтимоли бор.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бокс Париж-2024 олимпиадаси дастурида қолдирилиши мумкин