Катанец бошчилигидаги Ўзбекистон Эронга мағлуб бўлди. Тошкентда бу термага фақат бир маротаба гол ургандик, бугун бу натижани ўзгартира олмадик. Голсиз мағлубият. Мухлис кўзи билан қарасак, хоҳлаганимизни гапириб, вакилларимизни қоралашимиз мумкин, аммо...
Фарқ барибир бор
Эрон билан бўлган ўйинлар яхши эсимда. Абрамовнинг жамоаси бу термани "ЖЧ-2014" саралашида "ЖАР" стадионида бўлган баҳсда ўйин томонлама "кўмиб" ташлаган. Тоза голимиз ҳакамларнинг хатоси туфайли инобатга олинмаган. Сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол ва 0:1 ҳисобидаги мағлубият. Теҳронда бўлган ўйинда қисман адолат қарор топиб вакилларимиз ғалаба қозонган. "ЖЧ-2018" саралашидаги икки ўйинни эса эслаш бироз оғриқли. Тошкентдаги баҳсда Жалол Ҳусайнининг бош билан урган голи беллашув тақдирини ҳал қилган.
Теҳрондаги беллашувда эса шунчаки майдонда йўқолиб қолганмиз. Азмун ҳамда Тареми гол урганди ўшанда. Рақиб бизни шу қадар осон мағлуб этганини кўриб, ҳафсалам пир бўлган. Ўша охирги ўйиндан кейин орадан 6 йил вақт ўтди. Эрон 2018 йилги Мундиалда анча шовқин кўтарди. Қатарда ҳам Уэльсни мағлуб эта олди. Форслар Европанинг номдор жамоалари билан ҳам бемалол баҳлаша оладиган ҳолатга етиб келди ва ҳозир ҳам шундай. Бизчи?
Купер бошчилигида Осиё Кубогида иштирок этдик. Бир қарашда яхши таассурот қолдирдик, аммо якунда барибир унча яхши бўлмаган натижа билан кифояландик (нимчорак финал) Мураббий ўзгарди ва ҳатто сўнгги жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқичига ҳам чиқа олмадик. Осиёда бештадан биттаси сифатида эътироф этилувчи вакилларимиз Қатар, Хитой, Сурия, Ироқ, БАА каби терма жамоалардан ҳам рейтинг борасида пастроққа тушиб кетди. Ўйин тарафлама ҳам, балки. Авлодлар алмашинуви, етакчиларнинг аксари термани тарк этди. Ҳаммасини бошидан бошлаш ва Ўзбекистоннинг Осиёдаги мавқеини тиклаш керак эди. Бу миссия Катанецга топширилди.
Нима кутгандингиз?
Вакилларимиз қатор ўртоқлик учрашувларида ижобий натижа қайд этди. "CAFA"да эса футболчиларимиз янада мухлисларнинг меҳрини қозона олди. Финалдаги ўйинда ҳам вазият ўзгармади, наздимда. Тарафдорларим топилса керак, деб ўйлайман. Кимдирлар бу Катанец учун биринчи катта синов эди ва у бундан ўта олмади деяпти. Нима кутгандингиз? Эндигина аниқ бир шакл-шамойилга кириб бораётган термамиз яқинда Қатарда юлдузли термалар билан олишиб юрган Эронга мағлуб бўлганига шунча эътирозми? Осиёнинг топ термасига қарши сўнгги муҳим ўйин эсингиздами? (Саудия Арабистони) Ўшандаги мағлубият ва ҳозиргисини солиштириб кўринг?
Албатта, ютса хурсанд бўлардик, аммо мағлубият учун нега бунча танқид? Устига-устак, Эрон бизни ўйин томонлама янчиб ташлагани йўқ. Йигитларимиз ўта тартибли форслар мудофаасини кўп бора ёриб ўтди ва рақибга эркин ўйнашга қўймади. Бор фокусни натижага эмас, ўйинга қаратсак, у қадар ҳам ёмон учрашув ўтказмаганимизни англаб етармидик? Ҳали катта турнирлар олдинда. Асл баҳони Осиё Кубоги ва "ЖЧ-2026" саралашидаги ўйинларда берамиз. Ҳозир бу қадар танқид ва босим юмшоқ қилиб айтганда, нимага керак?
Мослашувчан тактика биз учун энг моси!
Катанец кетиши ва тизимли футболни тарғиб қилувчи мураббий келиши кераклиги ҳақидаги фикрларга ҳам кўзим тушди. Нақадар абсурд ва ўйланмай айтилган фикрлар... Келинг, мисол келтирай. Кейруш қўл остидаги Эрон ("ЖЧ-2014", "ЖЧ-2018" саралашидан олган хулосаларим) на тўпни назорат қилиб тотал футбол намойиш этарди ва на чуқур ҳимояланарди. Рақибга мослашиб ўйнаш услубини ўша Эронда кўрардим (Узоқда бўлмаган мисол). Биз уларни фақат ҳимояга ётиб олувчи ёки ҳужумда доимий актив жамоа сифатида кўрмасдик. Биз ҳам ҳозир шундай қиляпмиз.
Шахсан бу ёндашув менга ёқяпти. Тизим яратилишига қарши эмасман. Бироқ биз 2026 йил Мундиалга чиқишни истаймиз, ўша "қулоғидан ақли оқиб кетаётган" танқидчилар ҳам шуни истайди. Шундай экан, ҳозирги ҳолатимиз учун шу оптимал ечим эмасми? Бундан ташқари сўнгги йилларда Европа футболида тизимларнинг инқирозини ҳам кўряпмиз. Гвардиола ўз анъаналаридан воз кечишни бошлаяпти, "немисча прессинг" ҳам, "итальянча ҳимоя" ҳам кўп ҳолларда иш бермай қоляпти. Агар тизимли футбол ҳар доим иш берганида, Тухелнинг "Челси"си ва Анчелоттининг "Реал"и Чемпионлар лигасини, шунингдек, Скалонининг Аргентинаси жаҳон чемпионатини ютмасди.
Ўринсиз танқид
Айримлар учун танқид гўёки "кислород"дай бўлиб қолган. Усиз нафас ололмайдилар. Ва улар ҳар доим танқид учун сабаб топади. Топилмаса, ахтариб бўлса ҳам топади. Улар учун ҳаммаси зўр бўлмагани яхшими, деб қоламан, баъзан. Балки жон куйдиравериб, танқиддан уёғига ўтолмайдиган бўлиб қолгандирлар (оптимстистик версия).
Тўғри ташхис тарафдориман
Тан олиш керак, ҳозир термамизда позицияларда баланс йўқ. Ҳужум кучлироқ, ҳимоя чизиғида муаммолар бор. Марказ эса ўз статусида (ўртача). Бироқ ўша энг зўрлар ва етакчилар тўп тепадиган ҳужум чизиғимиздаги футболчилар ҳам ўз клубларида захира футболчиси. У қадар зўр бўлмаган "масаллиқ"дан яхши "овқат" тайёрланяпти. Энди Эроннинг таркибига бир қаранг. Бўлди, бошқа гапим йўқ!
Кеча Эронни ютсак бўларди. Ҳали бу жамоа ўсишда давом этса, ютамиз ҳам. Бошқа Осиё грандларига ҳам бемалол бош оғриқ бўла оламиз, деб ўйлайман. Хатоларни бироз минималлаштириш лозим. Яна реализация устида ҳам ишлаш талаб этилади. "CAFA Nations Cup"даги ўйинлардан олган хулосам, жамоа ёмон эмас, тактикага ҳам умуман эътироз йўқ. Учига чиққан оптимист эмасман. Шунчаки, тўғри ташхис тарафдориман.
(MR.O) Худайқулов КАРИМ