Туркия Суперлигаси вакиллари Италия чемпионатини синчковлик билан томоша қиладиган кўринади. Кейинги пайтда турк клублари А Сериядан ўйинчи трансфер қилишга уриниши кўп учрамоқда.
Хусусан, “Специя”даги ижара муддатидан якунлаб, “Рома”га қайтган Элдор Шомуродовга “Галатасарой” оғиз солаётган эди.
Энди Туркиянинг бошқа номдор жамоаси – “Фенербаҳче” Шомуродов билан бирга “Специя” шарафини ҳимоя қилган дарвозабон Бартломей Драговскини ўз сафига қўшиб олмоқчи.
Польша терма жамоаси дарвозабони қуйи лигада ўйнамоқчи эмас. “Специя” юқори дивизионни тарк этганидан кейин Драговски жамоасини ўзгартиришга қарор қилди.
Тажрибали посбон олдида Англия Премьерлигасидан ҳам таклиф турибди. “Ноттингем Форест” уни трансфер қилишга тайёр эканини билдирган.
Драговскининг “Специя” билан шартномаси 2025 йилгача тузилган. Футболчининг агенти барча таклифларни ўрганиб чиқиб, якуний қарорга келишини билдирган.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг