Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида ўтказилган "Қайрат" ва "Пахтакор" ўртасидаги ўртоқлик учрашувидан сўнг, меҳмонлар бош мураббийи Максим Шацких матбуот анжуманида қатнашди.
- Барчаси биз кутгандек бўлди. Ўйин ҳар икки жамоа ҳужумлари билан кечди. Мухлисларга ёқадиган футбол бўлди. Биз баҳс охирида тўп киритиб, ғалаба қозондик. Ҳозир биз иккинчи даврага тайёргарликни давом эттиряпмиз. Якшанба куни Тошкентда Тожикистон чемпиони "Истиқлол" билан майдонга тушамиз.
- Таркибнинг бир гуруҳи уч кун олдин назорат баҳсида ўйнаганди. Бугун иккинчи гуруҳнинг навбати келди.
- Тез орада турк клублари билан меморандум имзолаймиз, турли соҳаларда тажриба алмашамиз. Футболчилар ўтишлари амалга ошиши мумкин. Клуб ва раҳбарият турк жамоалари билан илиқ муносабатда.
- Учрашувда баъзи камчиликларни ҳам кўриб олдик. Ўйинчилар сўнгги 10 кунда юқори юкламалар олишди. Бугун ҳеч ким алмаштирилишини сўрамади. Демак, уларнинг жисмоний ҳолати бунга дош берди. Ҳозирликни режадагидек давом эттирамиз.
- "Қайрат" билан ҳар йили ўйнашни анъанага айлантиришдан хурсанд бўлардик. Ишқибозлар учун беллашув катта байрам бўлди. Буни сақлаб қолиш яхши. Бизни жуда илиқ кутиб олишгани, барча қулай шароитлар муҳайё этилгани учун мезбонларга раҳмат айтаман, - деди Максим Шацких.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг