«Рома» ҳужумчиси Элдор Шомуродов янги мавсумни А Серия дебютанти сафида бошлайдиган бўлди.
Инсайдер Никола Скиранинг хабар беришича, «Кальяри» клуби ўзбекистонлик 28 ёшли ҳужумчи масаласида Рим клуби билан келишувга эришган. Унга кўра, Сардиния ороли жамоаси Шомуродовни сотиб олиш ҳуқуқи билан бир йиллик ижарага олади ва «1+3» шаклида 2027 йилга қадар шартнома имзолайди.
Италиялик яна бир инсайдер ва журналист Жанлука Ди Марцио ҳам Шомуродовнинг «Кальяри»га ўтишини тасдиқлаган. Унга кўра, сардинияликлар Элдорни 9 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқи билан бир йилга ижарага олади. Жамоа бош мураббийи Клаудио Раньери Шомуродовни ўз жамоаси сафида кўришни истаган.
Италиялик 71 ёшли таниқли мутахассис январь ойида «Кальяри» бош мураббийига айлангач, B Серияда 14-ўринда бораётган клубни ярим йил ичида пешқадамлар сафига кўтариб, мавсум якунида плей-офф орқали А Серияга олиб чиқишга муваффақ бўлди.
Аввалроқ, Шомуродов Жозе Моуриньонинг янги мавсум учун режаларидан ўрин олмагани, унга Италиянинг «Лечче» ва Испаниянинг «Жирона» клуби қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар тарқалганди.
Эслатиб ўтамиз, Шомуродов ўтган мавсумнинг иккинчи қисмини ижара асосида «Специя»да ўтказиб, 16 ўйинда битта гол ва 2та ассистга муаллифлик қилганди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!