Россия Премьер-лигаси 11-турининг марказий учрашуви пойтахт дербиси бўлди. Унда “Спартак” футболчилари ЦСКАни қабул қилди.
Сўнгги дақиқаларга кескин ва муросасиз кечган беллашувда мезбонлар икки марта ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. “Армиячилар” легионери Милан Гайичнинг икки супер зарбасига Квинси Промес ва Хесус Медина бир мартадан жавоб берди ва баҳс 2:2 ҳисобида якунланди.
ЦСКА вакили Милан Гайич дубль қайд этган бўлса-да, Аббосбек Файзуллаев учрашувнинг энг яхши футболчиси, деб эълон қилинди.
Легионеримиз ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб, “Матч Премьер” каналига интервью берди.
- Бу учрашув сен учун қандай аҳамиятга эгалиги ҳақида гапириб берсанг. Бу сен учун биринчи дерби ва унда энг яхши ўйинчи бўлдинг.
- Бу принципиал ўйин, Москва дербиси. Биз жуда яхши тайёрлангандик, буни сизлар ҳам кўрдингиз, яхши ўйнадик. Лекин ўйин охирида диққатимизни йўқотдик ва гол ўтказиб юбордик. Алам қилди. Чунки биз ютишни қаттиқ хоҳлагандик ва амалда рақибни мағлуб ҳам этгандик. Охирида гол ўтказиб юбордик, икки очкодан айрилдик.
- Владимир Федотов доим ўйинчилар билан алоқада. Камералар унинг футболчилар билан суҳбатларини намойиш қилиб туради. Бош мураббий сен билан ҳам гаплашадими? Сен мураббийлар ўриндиғи томонда ўйнадинг. Бунақа кескин баҳсда мураббий ва футболчи нималар ҳақида гаплашиши мумкин?
- Ўйин давомида биз тактик вазиятлар бўйича гаплашамиз. Мураббий қаерда қандай ўйнаш кераклигини айтади, тушунтиради.
- Бу баҳсда сенга қандай вазифа қўйилган эди? Биринчи бўлимда деярли тўпга тегмадинг, кейин тўп билан жуда кўп ҳаракат қилдинг, паслар узатдинг.
- Иккинчи бўлимда олдинга кўп югура бошладим. Ҳужумда очилишга ҳаракат қилдим ва тўп кўп узатилди.
- Сен иккинчи марта учрашувнинг энг яхши футболчисига аталган совринни олдинг. Уларни қаерда сақлаяпсан. Сен ўтган ойнинг энг зўр ўйинчиси ва иккита учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлдинг-ку.
- Совринларни Москвадаги уйимда сақлаяпман.
Аббосбек Файзуллаев “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. ЦСКА клуби ҳужумкор футболчини август ойида ўз сафига қўшиб олган эди.
Айни пайтда 20 ёшли легионеримиз ЦСКАнинг асосий ўйинчисига айланиб улгурди. Ҳар бир учрашувда фаол ҳаракат қилаётган Файзуллаевнинг ўзи биттадан гол ва ассист қайд этган.
Россиялик футбол экспертлари, мураббийлар, собиқ футболчилар ва мухлислар Аббосбек Файзуллаевнинг салоҳияти ва иқтидорини юқори баҳоламоқда.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг