Элдор Шомуродовнинг А Сериядаги голсиз серияси ҳамон давом этмоқда. Легионеримиз чемпионатдаги охирги голини 2 апрель куни “Салернитана” дарвозасига урган эди. Аслида Элдор аввалги жамоалари – “Женоа”, “Рома” ва “Специя”да кам бўлса-да, тўп киритишни уддалаган. Лекин “Кальяри” ҳужумчиси сифатида ҳали голлари ҳисобини очгани йўқ.
Шомуродов сардинияликларнинг янги мавсумдаги ҳар бир учрашувида қатнашди. Бироқ саккизта беллашувдан фақат иккитасида бошланғич таркибга киритилди. Ўша баҳсларда ҳам охиригача ўйнамади.
Тан олиш керак, ҳали ўзбек футболчисининг трансфери “Кальяри” кутган эффектни бергани йўқ. Шу боис, таҳлилчилар Шомуродов фаолиятини давом эттириши мумкин бўлган бешта вариантни илгари сурмоқда.
“Кальяри”га тўлиқ кўчиб ўтиш
Элдор Шомуродов ҳозирча мавсум давомидан бери А Серияда умумий ҳисобда 270 дақиқа ўйнади ва ҳали бирорта самарали ҳаракатни амалга оширгани йўқ. 28 ёшли ўйинчи асосий ҳужумчи позициясини иккита гол урган Зито Лувумбога бой бериб қўйган.
Ўзбек легионери мавсумнинг қолган қисмида бошланғич таркибга кириш, жамоага фойда келтириш орқали клуб раҳбариятини унинг трансферини “Рома”дан сотиб олишга кўндириши керак бўлади. Римликлар 18 миллион еврога харид қилган Шомуродовни Сардинияга 10 миллион еврога жўнатишга тайёр. Бу сумма “Кальяри” учун анча катта ҳисобланади.
Бундан ташқари, “Кальяри” Шомуродовни қўлга киритиш учун Клаудио Раньери жамоани юқори дивизионда олиб қолиши шарт.
“Рома”да қолиш
“Кальяри” Элдорни олиб қолмаса, ҳужумчи “Рома”га қайтади. Ҳар ҳолда унинг 2026 йил ярмигача давом этадиган шартномаси бор.
Шомуродовни ўйнатмай қўйган Жозе Моуриньо ёзда Римни тарк этишга бел боғлаган. Шомуродовдан бўшаган жойга таклиф этилган эронлик Сардор Азмун ҳам “бўрилар”га тўлиқ қўшилиб кета олмади. Пойтахтликлар эронлик ҳужумчини ёзда келган жойига қайтариб юборади. Уни тўлиқ трансфер қилмайди.
Элдорнинг пойтахтдаги келажаги “Рома”ни қабул қилиб оладиган мураббийга боғлиқ бўлади. Табиийки, янги мураббий таркибни ўз қарашларидан келиб чиқиб шакллантиради. Бир мураббийга ёққан ўйинчи бошқасига тўғри келмаслиги ёки аввал имконият берилмаган ўйинчи янги мутахассис қўл остида асосий фигурага айланиши футболда кўп кузатиладиган ҳолат.
Бошқа клубга ижарага бориш
А Сериянинг ўртамиёна жамоаларидан пастроқ мавқега эга клубларга ижарага ўтиш Шомуродов учун яна бир вариант сифатида эътироф этилмоқда.
Айниқса, “Монца” ёки “Лечче” даражасидаги жамоалар Элдорга ўхшаган тажрибали, лекин иши юришмай турган ўйинчиларга имкон беришга тайёр. Шунингдек, А Серияга қайтган ва яхши ўйнаётган “Женоа” варианти ҳам бор. Генуяликларнинг ҳали ҳам Элдорга ҳурмати ва меҳри баланд.
Россия Премьер-лигасига қайтиш
Агар Шомуродов Россия Премьер-лигасига қайтишни ихтиёр этса, унга муносабат аввалгидан бошқача бўлади. Энди “Ростов” даражасидаги клублар кучли бешлик лигасида тажриба ошириб келган ўйинчи маошини кўтара олмайди.
Шомуродов ўзига аввалдан қизиқиб келган ва жамоанинг ўйин услубига мос тушадиган ЦСКА, ҳар қандай яхши футболчини олиш имконини қўлдан бермайдиган “Зенит” ёки Артём Дзюбани нафақага кузатиши мумкин бўлган “Локомотив” каби Россиянинг гранд клубларига ўтиши мумкин.
Россиянинг энг машҳур клуби - "Спартак" ўтган ёзда ҳам Элдорни бир чорлаб кўрганди. Москваликлар ҳали ҳам қизиқишини йўқотмаган бўлиши катта эҳтимол.
Бироқ, мутахассисларнинг таъкидлашича, 28 ёшли ҳужумчига ортга қайтишга ҳали эрта экан. Чунки бу даражадаги ўйинчига бошқа вариантлар ҳам бор.
Араб клублари билан катта шартнома тузиш
Европада порлаган футболчиларнинг араб клубларига ўтиши тобора одатий ҳолга айланиб қолмоқда. Шу маънода, Шомуродов учун араб жамоалари ҳам моддий, ҳам турнир жиҳатидан манфаатли бўлади.
Агар Шомуродов ўзига бир неча бор қизиқиш билдирган Саудия Арабистони клубларидан бирига кўчиб ўтса, ҳар ҳафта Карим Бензема, Криштиану Роналду, Неймар даражасидаги юлдузлар билан кўришиб туради.
Футбол юлдузларига Осиё майдонларига йўл очиб берган Криштиану Роналду А Серияда бир бор Шомуродов билан беллашиб ҳам кўрган.
Қолаверса, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар клублари ҳам ўйинчиларга яхши ҳақ тўлайди. Осиё миқёсидаги кучли лигалардан бири ҳисобланган Жанубий Кореядаги жамоалар доим ўзбек футболчиларини қадрлаб келади. Осиё жамоаларига ўтиш Шомуродовнинг қитъанинг энг нуфузли мусобақаси – Чемпионлар лигасида мунтазам тўп тепишини таъминлайди.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг